ГАНЧ ЎЙМАКОРЛИГИНИНГ
МЕЪМОРЧИЛИКДА ҚЎЛЛАНИЛИШИ
Нозик ва нафис ганч ўймакорлиги намуналари меъморчилик тараққиётининг ўзигй хос хусусиятларини кўрсатувчи бадиий воситалардан биридир. Ганчдан ўйиб ишланган ўйма турлари кўп бўлиб, моҳир ўймакор усталар улардан фойдаланиб, мўъжизалар яратиб келганлар. Улар биноларнинг ташқи, айниқса ички қисмларини нафис ганч ўймакорлиги билан безаб, кишиларимизга эстетик завқ бахш этганлар. Булардан ташқари усталар маҳаллий шароитга мослаб, яъни хоналар қишда иссиқ, ёзда салқин, ёруғ, кенг, чиройли бўлишини назарда тутиб иш кўрганлар. Маълумки, бинодаги меҳмонхона ёзги хона ҳисобланиб, у салқин бўлиши учун асосан шимолга қаратиб қурилган. Деворлари икки қатор синчли қилиб, ичи гувала ёки ғишт билан тўлдирилган. Деворнинг узун қисми тоқ сонга бўлинган, масалан, учга, бешга ва еттига. Деворларда дераза, токча ва тахмонлар учун жойлар қолдирилган. Токча, тахмон, деразалар орасида жой қолдирилиб, улар ўйма намоён билан безатилган. Усталар бинонинг интеръерини безашда уни уч қисмга бўлишган. Деворнинг пастки қисмини изора (панел) билан безаганлар, ўрта қисмига кўпинча токча, намоён ва даҳана ишланган, деворнинг энг тепа қисми шарафа билан безатилган. Тахмон, токча, дераза четлари занжира деб аталадиган нақш билан ҳошияланган. Бу, занжирнинг эни кўпинча 4—5 см бўлади, чуқурлиги бир неча мм дан ошмайди. Занжирадан каттароқ 12—20 см бўлган ислими ёки рута (ҳошия) нақш деб аталади. Булардан ташқари токча, тахмон, дераза ва бошқаларнинг четига рахлар қилинган. Рута занжиралар кўпинча қуйма асосида ишланган. Токча ёки тахмонларнинг шарафа оралиғида жой қолдирилган, буни «китоба» деб аталган. Изора билан токча орасида қолдирилган жой «лали» деб юритилган. Токчалар ички қисмининг тепасига ярим шарсимон қилиб шарафа ишланган ёки токча қисмининг тепасига ярим шарсимон қилиб шарафа ишланган ёки токча бир неча кичкина бўлакчаларга бўлиниб, унинг четлари ўйма ганч билан безатилган, буни усталар «токчабанди» деб атаганлар. Бу «токчабандига» чойнак, пиёла, лаган ва бошқа ҳар хил идишлар қўйиб ясатилган. Усталар токчаларни ҳар хил йўллар билан безаганлар. Лали дейилган жойга ўсимликсимон ёки геометрик нақшлар чизилган. Китобага арабча ёзувлар ёзиб, чизиб ёки ўйиб безатилган. Намоёнларга эса кўпинча гул тувакли гулдаста ўйма нақшлар тасвири туширилган. Буни усталар дарахти мунаббат деб юритганлар. Ганч ўймакор усталар мачитларни, сарой ва турар жой биноларини безашда хонанинг ҳажмига, ёруғлигига, қўйиладиган талабни, намгарчилик ва бошқаларни ҳисобга олганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |