150
маълумотларни олиш мумкин. Тафсирнинг қўлёзма нусхалари ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги
Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 5126, 5127 рақамлари остида сақланмоқда.
Шунингдек, ал-Мотуридийнинг «Китобур рад алал Каъбий ал-
муътазилий» («ал-Каъбий ал-Мўътазилийга раддия бериш китоби»), «Китоб
авҳом ал-муътазила» («Мўътазилилийлар гумонлари китоби»), «Китоб ар-рад
алал муътазила» («Мўътазилаларга раддия китоби»), «Китоб ар-рад алал
қаромита» («Қарматийларга раддия китоби»), «Китобур рад алар рофиза»
(«Рофизийларга раддия китоби») каби китоблар ёзган. У 333/944 йилда вафот
этган ва Самарқанднинг Чокардиза қабристонида дафн этилган.
Мовароуннаҳрлик етук фақиҳ, муҳаддис, муфассир, тилшунос олим
Имом Абу Бакр ал-Қаффол Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил аш-Шоший
(291/904-365/976). Манбаларда аш-Шошийнинг ҳанафий мазҳабида бўлгани
таъкидланмаса-да, мовароуннаҳрлик муфассир бўлгани учун биз уни бу ерда
зикр этдик. Унинг «ат-Тафсирул кабир» («Катта тафсир»), «Далоилун
нубувват» («Пайғамбарлик далиллари»), «Адабул қози» («Қози одоби») каби
асарлари бўлган. У «Ҳазрати Имом» номи билан улуғланган.
Олимлар уни ҳадис талабида кўп юртларни кезган муҳаддис, ўз
даврининг усул илми билимдони, дея таърифлашган. Аш-Шоший амалиётда
шофиийлик мазҳабида, ақидада ашъарийликда бўлган. Ҳатто унинг Абул
Ҳасан ал-Ашъарийдан ақида илмини ўргангани ривоят қилинади.
Мовароуннаҳрлик яна бир буюк аллома Абу Али Ибн Сино (370/980-
428/1037) тиб, фалсафа, мантиқ, математика, метафизика каби илмларда улкан
ижод қилишига қарамай, қисман бўлса ҳам унинг тафсирга оид қўлёзмалари
мавжудлиги маълум бўлган. Ҳозирда охирги учта суранинг шарҳига оид
алломанинг қўлёзмалари Тошкент фондида ва ўн битта суранинг тафсири
ёзилган қўлёзмалар Лондон фондида сақлананмоқда.
Самарқандлик муфассир Имом ал-Ҳудо Абул Лайс Наср ибн Муҳаммад
ибн Иброҳим (ваф. 373/983-4 й.)нинг «Тафсир ас-Самарқанди» номи билан
машҳур бўлган «Баҳр ал-‘улум» («Илмлар денгизи») номли асари ҳанафий
мазҳабидаги нақлга асосланган тафсирлар орасида юқори баҳоланади. Олим
яшаган давр саҳиҳ билан саҳиҳ бўлмаган ривоятлар бир-бири билан
аралашган, ақидавий ва фиқҳий баҳслар кучайиб, турли фирқалар кўпайган,
нақлий тафсирлар ўрнини ақлийлари эгаллаган пайтга тўғри келган эди.
Шунга қарамай, у ўз асарида оятларни оятлар, ҳадислар, саҳобалар ва
тобеъинлар сўзлари билан
шарҳлайди, мўътабар манбаларга эътимод қилади
ҳамда турли фирқаларга раддиялар беради. Бунга, албатта, алломанинг илмий
салоҳияти, унинг Қуръон ва бошқа нақлий илмларни мукаммал билгани омил
бўлган. У тафсирда турли қироатлар, сабаби нузуллар, носих ва мансух, наҳв
илмларига ҳам эътибор қаратган.
Do'stlaringiz bilan baham: