3.Жадидчилик ҳаракати ва уларнинг фаолияти.
Маълумки, XIX аср охири, ХХ аср бошларида Туркистондаги тарихий воқеалар қуйидагича жараёнда ривожланиб борди. Туркистон соф мустамлакага айланиб, чоризм уни иқтисодий жиҳатдан тўла қувват билан кемиришга жон-жаҳди билан киришиб кетди. Туркистон ўлкаси жаҳон мустамлака занжиридаги энг мустаҳкам халқа бўлиб, Ғарбий Åâðîïà мустамлакачилиги унинг ёнида оддий бир ҳол эди. Мустамлакачиликнинг русча модели (нусхаси) шундай ташкил қилиндики, унда маҳаллий халқни жаҳолатда, саводсизликда, қашшоқликда ушлаб туриш лозим эди. Мустамлакачиликнинг бу режаси уларга Туркистонни истаганча талаш, эзиш, топташ имкониятини узоқ вақт сақлаб қолиш «ҳуқуқини» берарди.
Мустамлакачилар шу мақсадларни амалга ошириш учун ўлкага турли табақа вакилларини: чиновникларни, ҳарбийларни, руҳонийлар, мужикларни, муҳандис-техникларни, олимларни, мешчанларни, ишчиларни сафарбар этди. Хомашёни ўлкадан ташиб кетиш учун қудратли техника йўллади.
Ўрта Осиё ҳудуди капиталистик бозор муносабатларига ишчилар, илмий кучлар, ишлаб чиқариш воситаларининг фаол иштирокида тортилди. Ана шу жараёнда ўзбек миллий буржуазияси-савдо-саноат эгалари ҳам шакллана борди. Чоризм маҳаллий буржуазиянинг пайдо бўлишини асло истамасди. Чунки, унга ҳам тўла ишониб бўлмас эди, уларнинг жуда кўпчилиги ўз халқидан батамом юз ўгириб империя томонига ўтиб кета олмаслигини ҳам билардилар. Уларни ўз халқи билан боғлаб турувчи миллий, диний, тарихий илдизлар мавжуд эдики, бу миллий уйғониш палласида бир-бирини тезроқ тушуниб олиб, мустамлакачиларга қарши ягона фронт бўлиб курашга замин ҳозирлаши мумкин эди. Шунга кўра, рус чоризми ва буржуазияси ўсиб келаётган ўзбек маҳаллий буржуазиясининг иқтисодий-сиёсий ҳуқуқларини чеклаб, унинг ривожланиши, иқтисодий потенциалининг қудратли бўлиб кетишига тўсиқ қўйган, миллий буржуазия бу камситишдан норози эди.
Ҳар бир даврда бирор янги ғоянинг туғилиши аниқ тарихий шароитда содир бўлади. Унда тарихий шахсларнинг ўйнайдиган ролини ҳеч ким инкор этмайди. Чунки улар етилган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини, назарий томонларини барчадан теранроқ идрок қилади, уларни амалга оширишга фавқулодда куч ва ғайрат билан киришадилар. Мусулмонлар ва қолаверса туркийлар дунёсининг жаҳон тараққиётидан узилиб қолганлигини, бу ғоят хавфли ҳолга барҳам бериш кераклигини ҳамда умумтуркий қавм, эл-улуслардаги жаҳолатни йўқ қилиб, маърифат орқали тараққий топган мамлакатларга тенглашиш зарурлигини бириничи бўлиб қирим-татар халқи фарзанди Исмоил Гаспиринский (1851-1914) тушуниб етди. У жадидчилик ҳаракатининг бутун турк дунёсидаги «ғоявий отаси»дир.
Исмоил Гаспиринский Амир билан муроса-мадора қилиб Бухорода зўрға ягона жадид мактаби очирган бўлса-да, унинг учқунлари Туркистон ҳудудлари бўйлаб сачраб кетди. Унинг Бухородаги садоқатли шогирдлари жадид мактабларини кўпайтириш ва хазинадан уларга маблағ ажратиш мақсадида Амирни қистай бошладилар. Бундай хайрли ишнинг бошида бухоролик мударрис ва тарихчи олим Маржоний (1818-1889), ғиждувонлик домла Фозил, Мўминхўжа Вобкандий, мулла Худойберди Бойсуний ва уларнинг тарафдорлари турар эдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |