Муаммоли савол:
Эски мактаблар билан рус-тузем мактабларининг фарқ қилувчи томонлари қандай эди?
XIX асрнинг иккинчи яримда, яъни Ўрта Осиё Россия томонидан босиб олинганидан кейин мактаб ва мадрасалар таълимида қисман ўзгаришлар рўй берди. Қозон шаҳридан босмахонада босиган Қуръон ва ҳафтияклар, Ҳиндистон ва Эрондан шоирларнинг литографияда босилган тўплам – девонлари олиб келина бошланди. Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Туркистон ўлкасидаги мусулмон маориф шохобчалари генерал-губернаторлик ҳомийлигида ман қилинди. Фон Қауфман мадрасаларни асло ёқтирмас эди. Чунки улар мустамлакачилик тартибларига зид, миллий-маданият тарқатувчи илм даргоҳлари эди.
Россия мустамлакачилиги Туркистон аҳолисини рус муҳитида тарбиялаш, сўнгра руслар билан маҳаллий халқларни аралаштириб юбориб, шу ерда европача турмуш тарзининг ғалабасини тўла таъминлашга интилди. 1880 йилда империя Давлат Кенгашида Туркистондаги маҳаллий аҳоли болаларини руслар билан биргаликда ўқитиш масаласи кўтарилиб, унга ҳарбий вазир, генерал-адъютан граф Д.Милютин, маориф вазири граф Толстойлар розилик бердилар. Лекин бу тадбирнинг руслаштириш учун катта ёрдам бериши кўзда тутилди. Бу масалага, яъни рус-тузем мактабларини шу жабҳадан туриб ҳал қилишга Кауфманнинг издоши генерал-лейтенант Г.О.Розенбах (1884-1889) ғайрат билан киришиб, у бошланғич «рус-тузем мактаблари» тармоғини яратиш лойиҳасини ишлаб чиқди.
1898 йилда Фарғона ҳарбий губернатори генерал-лейтенант Н.И.Королpков императорга йўллаган ҳисоботида Подшо маъмуриятининг ўлкани руслаштириш бобидаги дастурини баён этиб, «ерликларнинг ўз болаларини» ихтиёрий равишда рус-тузем мактабларига беришга эришиши муҳимлигига эътиборни қаратган. У бунинг учун маҳаллий маъмурият амалдорлари яқин беш йил ичида иш юритишни рус тилига ўтказишлари мажбурий қилиб қўйилиши лозимлигини уқтиради. Королpков бу тадбир «ерликларнинг мансабга қизиқиб» ўз фарзандларини рус-тузем мактабларига бериш манфаатларини уйғотади, деб ҳисоблайди. Шу сабабли мустамлакачи маъмурларнинг руслаштириш сиёсатида Турукистон ёшларига тобора эътиборни кучайтиргани бежиз эмас. Улар маҳаллий халқларнинг келажагини содиқ қуллардан иборат ёшларда кўрди ва шу мақсадда уларнинг марказий шаҳарларга саёҳатини уюштирди.
1896-1899 йилларда шахсан генерал-губернаторнинг ташаббуси ва фаол иштироки билан дастлаб катта ёшдаги туркистонликлар, кейин эса ўқувчилар Россияга саёҳатга юборилди. Бундан кузатилган мақсад ҳақида Туркистон ўлка билим юртлари бош инспектори Ф.Керенский шундай фикр билдирган: «Сартлар ва қирғизларнинг болалари Россиянинг улуғворлиги, қудрати ва бойлигини кўриб, аҳолисининг машғулотлари, меҳнат унуми, саноати ва савдо-сотиғи билан танишиб, бу ҳақда узоқ вақт эслаб, бошқаларга гапириб юришади. Улар буюк Оқ подшонинг қудратли паноҳида фақат русларгина эмас, бошқа элатларнинг ҳам осойишта кун кўраётганига гувоҳ бўлишди».
Биринчи саёҳатчиларни 1899 йилда ҳарбий вазирнинг шахсан ўзи қабул қилиб, уларни «азиз меҳмонлар» деб атади ва мулойим тарзда суҳбатлашди. Вазир уларга совға тариқасида 300 сўм берди. Саёҳатчиларни Царское селога тамошага юборди, уларга йўл бошловчи қилиб, генерал штаб полковнигини тайинлади. Бу жойда император Николай II ҳарбий билим юрти юнкерлари кўригини кузатишаётганида уларнинг олдига генерал, штаб бошлиғи, сўнгра императорнинг амакиси буюк княз келиб кўриниш берди. Кўрикдан сўнг рус подшоси, Россия императори Николай II ва унинг рафиқаси Мария улар билан суҳбатлашди. Тошкент, Самарқанд, Андижон, Қўқон каби шаҳарлардан келган, 14-18 ёшлардаги 15 та ўзбек, 2 та қозоқ, 1 та тожик ўқувчиси «давлатпаноҳ император» - Оқ подшонинг илтифотига сазовор бўлдилар. Туркистон ёшлари икки ой давомида Санкт-Петербург, Москва ва бошқа йирик шаҳарларни кўрдилар. Кейинги икки экскурсия ҳам шундай дабдабали равишда уюштирилди.
Чоризмнинг Туркистон ўлкаси аҳолисини руслаштириш сиёсатининг риёкорлиги шунда эдики, рус амалдорлари ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик халқлари орасида етишиб чиққан ва русчани мукаммал ўрганган одамларни хушламай улардан чўчиб турган ва ўрни келганда таъқиб қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |