Муаммоли савол:
Ички ва ташқи бозор деганда нимани тушунасиз?
Фарғона вилояти, жумладан, унинг шаҳарлари Россия ҳамда Қошғар билан савдо муносабатларини тобора кенгайтириб борди. Ўша давр саёҳатчиси М.В.Певцов ўз китобида рус савдоси Қошғарда йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу савдони, асосан, фарғоналик ўзбеклар олиб бориб, уларни Қошғарда андижонликлар дейишади, деб ёзганди. Шу боис ҳам, Хитойнинг қарам ўлкаларида андижонликлар сўзи жуда кенг оммалашиб кетади. Шарқшунос Р.Н.Набиевнинг келтиришича, Қошғарга карвон билан фақат андижонликларнинг киришига рухсат берадилар. Россия фабрикаларининг маҳсулотлари: чит, суруп ва бошқа пахтадан тайёрланган моллар ҳаммаси Қошғарга, асосан, Фарғона вилояти орқали чиқарилган. Шунингдек, ҳар хил турдаги темир, металл буюмлар, хусусан, чўян қозонлар, совун, шамлар, гургут, тошойна ва бошқа турли моллар билан савдо қилиш йўлга қўйилган. Қошғардан эса асосан, пахтадан тўқилган арзон газламалар, қўй терисидан тикилган пўстин, қўй териси, қўй жуни, кигиз, гиламлар, ошланган тери ва эчки тивити келтирилган.
Рус моллари Қошғарга карвон йўллари орқали олиб борилган. Карвон йўллари эса Қўқондан Марғилон, Андижон, Ўш шаҳарлари орқали ўтиб, Шарқий Туркистонга етган.
Қўқондан Қошғарга жўнатилаётган моллар, асосан, Андижон шаҳрида кузатув ва текширувдан ўтказилган.
Фарғона вилояти орқали олиб борилган Рус-Қошғар савдо муомаласининг 1891-1900 йиллардаги ҳажми ҳақида қуйидаги маълумотлар гувоҳлик беради: 1891 йил Россиядан Фарғона вилояти орқали Қошғарга 26 минг пуд ёки 568106 сўмлик мол келтирилган бўлса, 1895 йили бу кўрсаткич 25 минг пуд ёки 860228 сўмликка етди. 1900 йилга келиб, бу рақамлар 56 минг пудни ва 1526526 сўмни ташкил этган. Қошғардан Россияга Фарғона орқали келтирилган моллар эса 1891 йил 42 минг пудни ёки 526610 сўмни, 1895 йил 29 минг пудни ёки 408112 сўмни ва 1900 йил 82 минг пуд ёки 104223302 сўмни ташкил этганди.
ХХ аср бошларига келиб, Қошғардан Фарғона вилояти орқали Россияга жўнатилган молларнинг ҳажми ва турлари ўзгарди. Чунончи, 1906 йил Фарғона вилояти орқали ўтган карвон йўлларида Қошғардан Россияга 1,5 минг сўмлик ип газлама, 32 минг сўмлик тайёр ҳар хил кўйлаклар, 690 минг сўмлик жун ва жундан тайёрланган моллар ва 3 минг сўмлик тивит олиб келинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қошғарга олиб бориладиган ва у ердан олиб келинадиган молларнинг ҳажми йилдан-йилга ортиб борган. Хусусан, 1913 йилга келиб, Андижон шаҳрига Қошғардан олиб келинган молларнинг суммаси 4 млн. сўмни ташкил этган бўлса, Қошғарга Андижон шаҳридан олиб кетилган молларнинг суммаси 4,4 млн. сўмни ташкил этганди.
Демак, юқоридагилардан кўриниб турибдики, Фарғона вилояти, хусусан, унинг шаҳарларининг Қошғар билан қилган, қадимий савдо алоқалари XIX аср охири ва ХХ аср бошларида кенг давом этди ва ривожланди.
Савдо-сотиқ ва саноатнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда вилоятда йирик савдогарлар, коммерсантлар пайдо бўлдики, улар ўзларининг капиталларига таянган ҳолда шаҳарларни бошқариш ишларига, шаҳарларнинг ижтимоий ҳаётига ўз таъсирларини ҳам кучайтира бошладилар. Улар ўз номзодларини ёки ўзларини шаҳар бошқармаларига депутатликка ҳам кўрсата бошладилар.
Чунончи, 1905-1908 йиллар учун Андижон шаҳар бошқармасига савдо депутатлари этиб Пошшо хўжа Умархўжаев, Муҳаммад Аминбек, Муҳаммад Алимбеков, Маҳмудбек Лутфулла Мақсудов ва Д.К.Москоленколар «сайланди»лар.
Шундай қилиб, Фарғона вилояти тобора ривожланиб бораётган Россия капитализмининг савдо муомаласига жалб этилди. Шу билан бирга, маҳаллий савдо ривожланиб борди, товар-пул муносабатлари чуқурлашди, кенгайди. Бу ҳолат айниқса пахта етказиш ва уни қайта ишлашда кўпроқ намоён бўлди.
Адабиётлар:
1. Ҳ.Бобобеков. Қўқон тарихи. «Фан», Тошкент, 1996.
2. История Андижана. «Фан», Тошкент, 1980.
3. История Коканда. «Фан», Тошкент, 1982.
Do'stlaringiz bilan baham: |