VI боб. Биржа фаолияти билан боғлиқ тадбиркорликнинг ҳуқуқий қоидалари 1§. Савдо иқтисодий муносабатларнинг ривожланишида биржалар фаолиятининг аҳамияти. Бозор муносабатлари тизимида улгуржи савдони ташкил этишда биржалар асосий роль ўйнайди. Маълумки, маъмурий буйруқбозлик тизимида товар моддий бойликларни фондлар орқали тақсимловчи давлат таъминоти идоралари мавжуд эди. Режали тақсимот тизимининг бир қисми бўлган «Госснаб» ўз моҳиятига кўра ўта номақбул ва тубан бир тузилма эди. Бу тизимда маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи билан истеъмолчи аввал-бошидан бир-бирига қаттиқ боғлаб қўйилар эди. Нархлар олдиндан белгиланиб, амалда харидорда танлаш имконияти ҳам, рақобат ҳам йўқ эди, талаб ва таклиф мувозанатига асосланган бозор механизмлари эса ишламас эди. Бозор тизимида давлат таъминоти ўрнига биржалар фаолият юритади. Шу сабабли ҳам товар ҳом ашё биржалари бутун тизимини қайтадан ташкил этиш, биржа фаолияти ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришнинг энг асосий шартларидан биридир.47 Биржаларнинг савдо иқтисодий роли тўғрисида гапиришдан олдин бозор тушунчасини эслаб ўтиш ўринли бўлур эди. Бозор - бу сотувчилар ва харидорларнинг товарларни пул воситасида айрибошлаш юзасидан келиб чиққан иқтисодий муносабатларни ўзаро алоқадорлигидир.48 Оддий қилиб айтганда, бозор деганда товар ва пул алмашуви (муомаласи) шакли тушунилади.49 Илк даврларда кишилар ўртасида олди-сотди товарлар айирбошланиши амалга ошириладиган улгуржи ва чакана савдо жойлари бозор деб аталарди. Бундай бозорлар стихияли (ўз-ўзидан, тасодифий) равишда пайдо бўларди, давлатчиликнинг ривожланиши билан эса мазкур бозор майдонлари қисман давлат томонидан назорат қилиниб, тартибга солиниб тура бошланди. Меҳнатни ижтимоий тақсимланишининг, чуқурлашуви ва товар ишлаб чиқаришни ривожланиши билан бозор тушунчаси анча кенг, чуқур ва мураккаб мазмунига эга бўлиб қолди.
Лекин ўша даврларда мавжуд бўлган савдо майдонлари, яъни бозорлар замонавий биржалардан фарқ қилишга қарамасдан, ташкилий ва фаолият шаклларида замонавий биржаларнинг баъзи хусусиятларига эга бўлган. Масалан, бу бозорлар жуғрофий жиҳатдан бирон бир аниқ ҳудудда жойлашган, муайян маъсул шахслар томонидан бошқарилиб турилар, ва энг муҳими мазкур бозорлар биржалар сингари талаб ва таклиф мужаcсамлашган, ўзаро битимлар тузишга қулай жой бўлган.
Биринчи биржалар XVI асрда Европанинг йирик савдо марказларида вужудга кела бошлаган. Хусусан, 1531 йилда Антверпен (Нидерландия), 1549 йилда Лион, Тулуза (Франция), 1556 йилда Лондон (Буюк Британия) биржалари ташкил топган. Ҳозирги кунга қадар "биржа" сўзи нима маънони англатиши ва қаердан келиб чиққани тўғрисида барча олимлар томонидан эътироф этилган аниқ жавоб йўқ. Баъзи бир олимлар бу сўзнинг этимологиясини лотинча "пул сақлаш учун кармон" сўзига боғлашса, бошқалари ингилизча "алмашинув" сўзидан келиб чиққан дейишади. Яна баъзи бир олимлар "биржа" сўзининг келиб чиқишини XVI асрнинг бошларида яшаган ва савдогарлар ўртасида савдо битимлари тузиладиган уйга эга бўлган голландиялик савдогар Ван-де Бурсе номи билан боғлашади.
Биринчи пайдо бўлган биржалар асосан товар биржалари сифатида фаолият юритганлар. Оддий савдодан фарқли равишда биржадаги савдода товарларни ўзи билан савдо қилинмасдан, балки уларни намуналари ёки махсус таърифланган белгиларидан келиб чиқиб шартномалар тузишарди. Бундан ташқари биржа савдосида одатда майда ишлаб чиқарувчи ёки оддий фуқаро-харидор эмас, балки товарларнинг катта партиясини оладиган ёки сотадиган ўртакаш савдогарлар иштирок этарди. Биржалар бундай савдогарларга қисқа муддат ичида катта суммадаги пулга товар олиш ёки катта суммадаги товарни сотиб, пулни бўшатиб олишга ва шу тариқа пул маблағларини тез айланишига имконият яратарди. Оддий бозордан фарқли равишда товарларни намунаси ёки уларни таърифлаш орқали савдо қилиш эса унча катта бўлмаган майдонда жуда кўплаб сотувчилар ва сотиб олувчиларни тўпланишига, ва бир-бирлари билан осон топишишларига ёрдам берарди.
Биржа иштирокчилари биржа фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиб турилишидан, унда тасодифий шахслар, хусусан, фирибгарлар иштирок этмаслигидан манфаатдор эдилар, шунинг учун биржани ташкил этиш ва бошқарувини ривожлантириш зарурияти биржани биржа савдосини, уни иштирокчилари таркибини ҳам тартибга солувчи алоҳида ташкилот сифатида ташкил этишни талаб қилди. Мана шу масаларнинг ечимини топиб, уларни амалиётга татбиқ қилиш биржаларнинг турли савдо фаолиятларини ташкил этишга ихтисослаштирилган махсус фаолият майдонига айланишига олиб келди.
Биржага савдо қилиш учун ажратилган махсус жой сифатида қараш уни функционал моҳиятини акс эттиради. Чунки биржа бу савдо қиладиган майдондир. Лекин савдо қилиш мумкин бўлган ҳар қандай жой ҳам биржа бўла олмайди. Биржа бу ҳуқуқий жиҳатдан савдогарлар ташкилоти сифатида расмийлаштирилган улгуржи бозордир.50 Айтиб ўтганимиздек, биржа турларининг ичида дастлаб товар биржалари пайдо бўлган, кейинчалик эса биржада муомалада бўлган активларнинг51 турларига қараб, ундан фонд ва валюта биржалари ажралиб чиққан. Ҳозирги кунда биржалар, уларда савдо муомаласида бўлган объектлар турларига қараб ихтисослаштирилган, яъни активларнинг муайян турларини олиб сотишга мўлжалланган ва универсал, яъни активларнинг бир қанча турларини олиб сотишга мўлжалланган биржаларга ажратиш мумкин.
Жаҳон фонд биржаларининг асосий кўрсаткичларидан бири индекслардир (кўрсаткичлар). Индекслар нафақат биржадаги ҳолатнинг ўзгариши, балки бутун иқтисодиётдаги ўзгаришлар индикатори бўлганлиги сабабли, улар турли хил қимматли қоғозлар асосида фонд биржалари, иқтисодий ва молиявий нашриётлар, махсус агентликлар томонидан ҳисобланади. Индекс маълум бир вақтдаги танлаб олинган қимматли қоғозларнинг ўртача қиймати деб қаралиши мумкин. Индекслар асосан акциялар бўйича ҳисобланади. Ҳар бир мамлакат индексларининг ўзига хос усуллари ишлаб чиқилган. Ҳисоблаб чиқилган индекснинг абсолют қиймати фонд бозори қатнашчиларига ўз-ўзидан ҳеч нарса бермайди. Маълум бир вақтдаги индексларнинг базис давридаги ёки ўтган даврдаги индекс қийматлари билан солиштириш бозордаги бўлаётган ўзгаришларни кўрсатиб бериши мумкин. Масалан, агар индекслар эгри чизиғи кўтарилаётган бўлса, бу қимматли қоғозлар нархи ошаётганлиги ва иқтисодиётнинг кўтарилаётганлигидан, аксинча индекслар эгри чизиғи пасайса, бу қимматли қоғозлар нархи тушаётганлигидан ва ишлаб чиқариш пасаяётганлигидан далолат беради.
Индексларни ҳисоблашнинг энг кенг тарқалган усули ҳисоблаш учун танлаб олинган компаниялар ҳар бирининг акцияларини уларнинг сотилиш нархига кўпайтириш ва акцияларни умумий сонга бўлиш орқали топишдир.
Энг машҳур индекслар бўлиб, ДАХ индекси, Евротракт индекси, Стандарт енд Пурз индекси, Нъю-Йорк фонд биржаси умумий индекси, Япония фонд биржаси Никкей индекси, Лондон фонд биржаси индекси ҳисобланади.
Бу кўрсаткичлар иқтисодиётдаги ҳолатни, вазиятни, рақобатни конъюктурани кўрсатувчи мезонлар ҳисобланади. Иқтисодётда носоғлом ҳолат вужудга келса, инқироз бошланса, энг аввало бу кўрсаткичлар пастга туша бошлайди, ва аксинча, агар иқтисодий ривожланиш рўй берса, кўрсаткичлар юқорига кўтарила бошлайди. Шу сабабли ҳам бу биржа кўрсаткичлари нафақат биржа савдоси иштирокчилари, балки ҳар қандай тадбиркорлар, инвесторлар, давлат арболари ва сиёсатчиларнинг доимий диққат марказида бўлади.
Бугунга келиб биржалар дунё бозорида иқтисодий муносабатларнинг савдо-иқтисодий марказига айланган. Биржадаги савдо муносабатларида бошқа савдо марказларидан (мас., бозор, ярмарка ва шу кабилар) фарқли равишда талаб ва таклифнинг тўқнашуви анча концентрациялашган шаклда намоён бўлади. Бу ҳолат эса муайян товарга бўлган нархни имкон қадар аниқлик билан индексация қилиш, муйян турдаги товар ва хизматларга нисбатан нархларни прогнозлаштириш, нархларни ошиши ёки тушиб кетишидан суғурталаниш (cтрахование), нархлар, компанияларнинг фаолияти, муайян товар ва хизматлар бозори тўғрисида ахборот олиш имкониятини яратади.
Демак, биржалар, биринчидан, товар нархлари ҳақида ахборот олишнинг ягона очиқ манбаи ҳисобланади. Иккинчидан, биржалар ўзига хос иқтисодий индикатор вазифасини бажаради, яъни талаб билан таклифнинг тезроқ топишишига қулай замин яратади. Ва ниҳоят, учинчидан, улар воситачилик фаолиятини қонунийлаштириб, дастлабки сармояни шакллантириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Биржада савдо товарнинг иштирокисиз амалга оширилади. Шу сабабли муомалага чиқарилган актив маълум талаблар ва стандартларга жавоб бериши керак. Товарнинг стандарти деганда уни қонунчиликда шу турдаги товарлар учун белгиланган сифат, таркиб ва бошқа мезонларга жавоб бера олиши тушунилади. Биржа савдосига чиқариладиган ёки биржада сотиб олинган активлар биржада ташкил этилган ихтисослаштирилган ташкилотларда (мас., эксперт-аниқлаш комиссиялари) махсус экспертизадан ўтказилиши мумкин. Зарур ҳолларда товарларни бундай экспертизалардан ўтказиш имконияти биржалардан сотиб олинадиган товарларни сифатига бўлган ишончни ортиради.
Биржа савдосининг қулайлик томонини яна бири бу биржада фьючерс ва опцион контрактлари билан савдо қилиш механизмидан фойдалана олишдир. Мазкур механизмларнинг яратилиши биржа фаолиятининг иштирокчиларига нафақат айни пайтда уларнинг ўзларида мавжуд бўлган товарларни балки келажакда олиниши режалаштирилаётган товарларни ҳам, ҳали ишлаб чиқарилмаган товарларни ҳам сотиш ёки сотиб олиш имкониятини яратиб берди. Бу эса ўз навбатида активлар ва пул муомаласининг тезроқ айланишига олиб келди.
Ҳозирги кунда электрон-коммуникация тизимларининг ривожланиши натижасида биржа савдоси иштирокчилари бир-бири билан муносабатга киришиш учун Интернет ва Электрон почта алоқасидан фойдаланмоқдалар. Биржа савдосида бундай алоқа коммуникация тизимидан фойдаланиш иштирокчиларга узоқ масофаларда туриб бир-бирлари билан битим тузиш имкониятини яратиб беради. Бу эса ўз навбатида халқаро биржалар сонининг ўсишга ва халқаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланишига олиб келмоқда.
Электрон-коммуникация алоқаларининг бундай ривожланиши "биржа" тушунчасининг ўзгаришига, биржа савдо тизимларининг электрон тармоқларга ўтишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Биз юқорида биржа, унинг савдо-иқтисодий марказ сифатида шаклланиши ва биржаларнинг иқтисодий алоқалар тизимида тутган ўрни ҳақида гапириб ўтдик. Хўш, Ўзбекистонда биржалар қандай, уни тартибга солишга қачондан аҳамият берила бошланди?
Ўзбекистон Республикасида биржа ва биржа фаолиятига алоҳида эътибор 1992 йил 3 июлда Олий Кенгаш томонидан «Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши билан бошланган. Сўнгра эса Олий Кенгаш томонидан «Қимматли қоғозлар ва фонд биржалари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ҳозирги кунга келиб эса давлатимизда биржа фаолиятини тартибга солувчи норматив актлар сони жуда кўп. Шунингдек, 2001 йил 27 сентябрда «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши ҳам эътиборга сазовордир.
Бугунги кунда Республикамизда Республика товар, хом ашё биржаси, «Тошкент» Республика фонд биржаси, Республика валюта биржаси ташкил этилган ва фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу биржаларнинг тузилиш фаолияти, унинг мақсадлари, активлари ва бошқа хусусиятлари тўғрисида умумий маълумотлар бериб борилади.
2§. Биржанинг тушунчаси, унинг турлари, шакллари ва фаолият йўналишлари Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги "Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддасига мувофиқ, биржа аввалдан тайинланадиган манзил ва вақтда белгиланган қоидалар асосида очиқ савдо сотиқ ўтказиш орқали биржа товарлари билан эркин улгуржи савдо қилиш учун шарт-шароитлар яратувчи, юридик шахс ҳисобланадиган корхонадир.
"Биржа савдоси" деган атама ушбу савдони амалга оширувчи ташкилот, яъни биржа билан чамбарчас боғлиқ. Чунки биржа савдоси биржа номини олган алоҳида ташкилот томонидан амалга ошириладиган савдодир. Биржа савдосида амалга ошириладиган асосий операциялар - бу активларнинг олди-сотдисидир. Яъни, биржа иштирокчилари биржа активининг олди-сотдиси билан боғлиқ ҳар қандай операцияларни амалга оширишлари мумкин. Биржаларда иштирок этиш эса биржа воситачилари орқали амалга оширилади. Демак, биржа савдоси биржа воситачилари томонидан амалга ошириладиган биржа активларининг олди-сотдисидир.
Биржа савдосини бундай тушуниш уни бошқа турдаги ва шаклдаги савдолардан ажратиб турувчи асосий хусусиятдир.
Ҳозирги кунда биржа савдоси ўз кўлами, ҳажми ва иштирокчиларига кўра савдо қилишнинг энг асосий шаклларидан бирига айланган, лекин бу бошқа ташкил этилган бозорлар, бошқа товар ва хизматларнинг иккиламчи аҳамиятга эга дегани эмас.
Биржадаги савдо, яъни биржа савдоси бошқа савдолардан фарқ қилган ҳолда қуйидаги асосий хусусиятларга эга:
муайян вақт ва жойга бириктирилганлик. Яъни, биржа савдоси ушбу жараённи амалга ошириш учун махсус ажратилган ва аввалдан тайинланган манзил ҳамда қатъий белгиланган вақтда ўтказилади;
биржа савдосида белгилаб қўйилган муайян қоидаларига риоя этилиши. ҳар бир биржа унда савдо ўтказиш учун ўз қоидаларини ишлаб чиқади. Биржа иштирокчиларини эса ушбу қоидаларга риоя этиши шарт бўлиб ҳисобланади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаганлар эса жарима ёки биржа аъзолигидан чиқариш билан жазоланади;
оммавийлик. Яъни, биржа савдолари очиқ савдо-сотиқ ўтказиш орқали, барча биржа аъзолари иштирокида амалга оширилади;
ошкоралик. Биржа савдоларининг якунлари ва натижалари омма учун очиқ бўлиб улар бемалол керакли бўлган ахборот ва маълумотларни олиши мумкин;
биржа савдосининг жамият ва давлат томонидан тартибга солиниши. Давлат ўз қонун ва норматив актлари орқали биржа фаолиятини тартибга солиб туради;
биржа савдосида товар бўйича талаб ва таклифнинг концентрациялашганлик (жамлаш). Биржа сотилаётган товарга харидор ёки керакли товар сотувчисини тезда топиш имконини берувчи жойдир. Мана шу аснода товарларнинг намунавий биржа нархлари юзага келади.
Маълумки, бозор муносабатларининг элементлари бўлиб операциялар, активлар ва бу муносабатларнинг иштирокчилари ҳисобланади. Мазкур элементлардан биронтаси мавжуд бўлмаса, бозор муносабати вужудга келмайди. Чунки ҳар қандай муносабат унинг иштирокчилари ўртасида маълум бир активлар бўйича операция амалга ошиши натижасидир.
Биржа савдоси бозор муносабатларининг таркибий қисми ҳисобланади. Лекин биржа савдосида бозор муносабатлари элементларининг ҳар қандай турлари эмас, балки маълум турлари иштирок этиши мумкин холос. Биржа савдосида фақат активларни олиш ва сотиш бўйичагина операциялар амалга ошиши мумкин. Лекин биржада ҳар қандай актив ҳам биржа операциясининг объекти бўла олмайди. Биржада фақат товарлар ва сармоялар олиш ва сотиш объекти бўлиши мумкин. Биржа савдосининг иштирокчилари бўлиб эса биржанинг туридан келиб чиқиб, бозор муносабатларининг барча иштирокчилари (бу ҳолат идеал очиқ биржаларда кузатилади) ёки фақатгина биржа аъзоси ҳисобланган бозор воситачилари (ёпиқ биржаларда) иштирок этади.
Бозор муносабатларида биржа савдосининг ўрнини қуйидаги схема орқали ўрганиш мумкин: