Мажмуали экологик дастурлар мамлакат ҳудудидаги кескин вазият таркиб топган ва ҳалокатли ҳодисалар ривожланиши мумкин бўлган жойларда умумий аҳволни юмшатиш, пировардида қулай шароитларни қарор топтиришга қаратилган бўлади. Уларнинг амалга ошириш миқёсига кўра халқаро, мамлакат ва ҳудудий даражада бўлиши мумкин. Экологик дастур ҳудуднинг экологик жиҳатдан таркиб топган вазият даражасига кўра кўп профилли, мажмуали ва мақсадга мувофиқ йўналтирилганлиги билан тавсифланади. Уни амалга ошириш муддати ҳам белгиланган босқичлар (йиллар) сони ва кўламига боғлиқ. Масалан, Орол ва Оролбўйи экологик дастури кўп йилларга мўлжалланган бўлиб, бир-бирлари билан боғлиқ бир неча босқичларга асосланиши мумкин.
Дастурни амалга оширишда давлатнинг роли кўпроқ бўлади, чунки ресурсларни тез фурсатда тўплаш зарурлиги, муаммонинг мураккаблиги, иқтисодий самарадорликни ноаниқлиги тўғридан-тўғри бошқарувни тақозо этади. Баъзи ҳолларда чет эл инвестицияларидан ҳам фойдаланиш имкониятлари вужудга келади. Ўзбекистонда мақсадга мувофиқ йўналтирилган экологик дастурлар қуйидаги муаммоларни ҳал қилиш учун зарур:
-халқаро мажбуриятларни бажариш (озон қатламини муҳофаза қилиш, иссиқхона газларини ҳавога камроқ чиқариш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш);
-суғорма ерлардан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан илмий асосланган ҳолда фойдаланиш, уларнинг сифатини яхшилаш ва бошқ;
-Оролбўйи ва Орол денгизи муаммосини ечиш;
-маҳаллий экологик муаммоларни ҳал қилиш (саноат шаҳарлари атрофида табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқ).
Табиий муҳитни муҳофаза қилишда кўп қўлланиладиган иқтисодий механизм турларидан бири гаров тизимидир. Дўконлардан аҳоли кўплаб турли маҳсулотларни харид қилади. Лекин маҳсулотлар махсус идишларда сотилиши туфайли харидор уларга ҳам бир йўла ҳақ тўлайди, маҳсулотдан фойдаланиш тугагандан сўнг бўшаган идишлар дўконга ёки махсус қабул пунктларига қайтарилса уларни қиймати харидорга қайтарилади. Бу билан атроф муҳитни бўш идишлар билан ифлосланиши камаяди. Хорижий мамлакатларда бу механизм аниқ йўлга қўйилган шиша, пластмасса, металл, қоғоз, ёғоч, газлама, сунъий материаллардан тайёрланган идишлар махсус пунктларда ёки дўконларда қайтариб олинади. Бу гаровга олинган идишларни қайтариб олиш тамойилини Ўзбекистонда ҳам қўллаш табиий муҳитни ифлосланишдан сақлашда фаол аҳамиятга эга бўлар эди, бошқа жиҳатдан мамлакат иқтисодиёти ҳам катта ҳажмда фойда олган бўлур эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |