Мустақил таълим материаллари.
1. Қурбонниёзов Р., Сагдуллаев А., Абирқулов Қ. Иқтисодий экология асослари, Урганч, 1999.
2. Экономика и экология (под ред Н.Н.Агапова), М.Российская экономическая академия, 2000.
Мавзуни ўзлаштириш учун тавсия этиладиган адабиётлар.
1.Ғуломов П. Жуғрофия атамалари ва тушунчаларининг изоҳли луғати. Ўқитувчи, 1994.
2.Абирқулов Қ., Рафиқов А., Ҳожиматов А. Табиатдан фойдаланиш иқтисодиёти (ўқув қўлланма). Т.2002. ТДИУ.
XYIIII.Мавзу. Табиатдан фойдаланишнинг экологик-иқтисодий ҳудудий бирлиги(2-соат).
Мавзу режаси (асосий саволлар)
1.Экология билан иқтисодиёт ўртасидаги алоқадорлик.
2.Экологик-иқтисодий тизим.
Мавзуга оид таянч иборалар ва тушунчалар. Экология, иқтисодиёт, экологик вазият, экологик шароит, релъеф, дарё дельтаси, конус ёйилмалар, экологик-иқтисодий тизим.
Мавзуга оид асосий муаммолар.
1.Экология билан иқтисодиёт ўртасидаги алоқадорлик ва унинг жиҳатлари.
2.Экологик-иқтисодий тизим мазмуни ва ҳозирги давр.
1-савол бўйича ўқитувчининг мақсадлари.
-Экология ва иқтисодиёт алоқадорлигини тушунтириш.
-Табиий яъни экологик шароит хусусиятини изоҳлаш.
-Ҳудуд ва хўжалик тараққиёти боғлиқлигини ёритиш.
1-савол баёнига оид муаммолар.
-Экология ва иқтисодиёт алоқадорлиги муаммоси.
-Табиий яъни экологик шароит хусусияти ва ҳудуд хўжалик тараққиёти.
Идентив ўқув мақсадлари:
-Экология ва иқтисодиёт алоқадорлигини таърифлайди.
-Табиий яъни экологик шароит хусусиятини изоҳлайди.
-Ҳудуд ва хўжалик тараққиёти боғлиқлигини ёритади.
1-асосий савол баёни.
Экология билан иқтисодиёт ўртасида боғлиқлик нимада? Экологик (табиий) вазият (шароит) иқтисодиётга таъсир этадими ёки аксинча, яъни иқтисодий аҳвол экологик шароитга таъсир этадими, булар ўртасида қандай яқинлик мавжуд? Экологик вазият ёки табиий шароит маълум чегараланган ҳудудда бир хил табиий хусусиятга эгалиги сабабли иқтисодий жиҳатдан ҳам деярли бир хил кўрсаткичга эга бўлишлиги аввалдан маълум. Чунки, бир хил табиий шароит мавжуд бўлган ҳудудда унга мос равишда бир хил ресурслар мос келади. Яъни, бир турдаги тупроқ унга мос ҳолда бир турдаги ер ресурсини, маълум ассоциациядаги ўсимликлар унга мос равишда шу турдаги ўсимликдан иборат яйлов турини мавжуд бўлишини тақозо этади ва бошқ. Шу жойнинг тупроқ, яйловидан фойдаланганда маълум қийматдаги даромад келиши маълум, бунда инсоннинг тупроқ ва яйловни маҳсулдорликларини оширишдаги хизматлари ўртача меъёрда деб ҳисобланган. Гектар ҳисобига экин маҳсулдорлиги ҳудуднинг барча қисмларида бир хил, яйловда ҳам шундай, деб олинган.
Табиий ёки экологик шароит мураккаблашиши ресурслар маҳсулдорлигини турлича бўлишлигига таъсир этади, бинобарин ҳудудда етиштириладиган экинлар маҳсулдорлиги шунга мувофиқ турличалиги билан тавфсифланади. Бунда иқтисодий самарадорлик ва даромадда ўзгаришлар содир бўлади. Тоқ олди текисликлари одатда тўлқинсимон текисликдан иборат бўлади: бу шаклдаги реълефда ботиқ кўринишдаги ер юзаси қавариқ шаклдаги ер юзаси билан алмашиб келади. Дарвоқе, тўлқинсимон рельеф шаклида тупроқ ресурслари турлича маҳсулдорликка эга бўлади: қавариқ кўринишдаги реъелфда доимо эрозия, ботиқда ёнбағирлардан ювилган тупроқ тўпланиши мунтазам юз беради, демак эрозия билан аккумиляция ҳодисалари ўзаро алмашиб келади. Ботиқ шаклдаги рельефда баъзан грунт сувлари сатҳи ер бетига яқинлашиб (1-3м) келади ва кўпинча тупроқда туз тўпланиши ҳодисаси ҳам содир бўлиши мумкин ёки гипс қатлами ер бетига яқин туради.
Юқоридаги тавсифдан маълум бўладики қавариқ шаклдаги рельефда ювилиш содир бўлгани учун тупроқ қатлами юпқароқ ва дағал механик таркибли, шунингдек ёнбағирларда ирригация эрозияси: юзаки ювилиш, ариқчали ювилиш, промоина (чуқур ариқ) кўринишдаги шакллар ривожланади. Бу ҳол тупроқни механизмлар билан ҳайдашда, экинларни суғоришда, ҳосилни йиғиштириб олишда маълум қийинчиликлар туғдиради. Тупроқнинг дағаллиги ва камроқ қалинликда бўлиши ўсимликларнинг ўсиш вегетациясига, илдиз ўсадиган қатламида намликни тўпланишига, бинобарин ҳосил тўплашига салбий таъсир кўрсатади. Бинобарин, экинларнинг меёрдаги вегетацияси қавариқ рельеф шаклда юз бермайди, бу ҳол уларнинг ҳосилдорлигига таъсир этади, пахта ҳосилдорлиги текисликка нисбатан 5-10ц га, буғдой 10-15 ц га фарқ қилиши мумкин, демак олинадиган даромад ҳам шунга яраша камроқ бўлади.
Ботиқ рельеф шаклида экинларнинг вегетацияси меъёрдан ортиқча намлик, ёнбағирлардан ювилган тупроқ, минерал ўғит, пестицид, ҳисобига , шунингдек грунт сувлари сатҳининг яқин жойлашиши асосида юз беради. Бундай экологик шароит ҳам экинларнинг меъёрида ўсиши ва ҳосил тугиши учун жуда ҳам қулай эмас, пахта намликни кўплиги эвазига кеч етилиши мумкин, ғовлаб кетиш, бегона ўтларнинг тез ўсиши натижасида улар орасида қолиб кетиши мумкин. Демак, ботиқ рельеф шакли хусусан унинг тубида экинларнинг меъёрида ўсиши учун жуда ҳам қулай эмас.
Юқоридаги тавсифлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, қавариқ ва ботиқ рельеф шаклига эга бўлган текисликларда эрозия ҳодисасини барқарор бошқаришга эришиш, суғоишни изогипслар бўйича, яъни қияликка кўндаланг равишда ташкил этиш айни муддаодир. Суғоришни жойнинг рельеф шароитларига тўлиқ ҳисобга олган ҳолда амалга оширилса экинларнинг ҳосилдорлигини юқори даражаларда бўлишига эришса бўлади, бу Ўзбекистон деҳқончилик тажрибасида бир неча марта амалда исботланган, тўлқинсимон рельеф шароитида гектаридан 30-40 ц пахта ҳосили олаётган бригадалар ва дала фермерлари бисёр.
Дарёларнинг делталарида ва конус ёйилмаларида суғорма деҳқончиликни ривожлантириш уларнинг литологик-геоморфологик хусусиятларига жуда ҳам боғлиқ. Одатда дельта ва конус ёйилмаларининг юқори қисмлари қалин дағал жинслардан иборат бўлгани учун грунт сувларининг ётиқ ҳаракати барқарор таъминланган бўлади ва тупроқда туз тўпланиши ҳодисаси юз бермайди, экинларнинг ҳосилдорлиги юқорилиги билан тавсифланади. Дельта ва конус ёйилмаларининг ўрта қисмида дағал жинсларнинг қумоқ, қумлоқ ва гилга нисбатан камроқ ва юпқароқ бўлиши грунт сувларининг ётиқ ҳаракатига нисбатан тик ҳаракати устун бўлишига сабаб бўлади, бинобарин тупроқда туз тўпланиши юз бера бошлайди, лекин бошқариш мураккаб эмас. Дельта ва конус ёйилмаларининг этак қисмларида механик таркиб оғир бўлган жинслар-қумоқ, қумлоқ ва гилнинг ўзаро алмашиб келишидан таркиб топганлиги туфайли грунт сувларининг ётиқ ҳаракати бутунлай таъминланган эмас, тик ҳаракат устиворлик қилади. Шунга мувофиқ тупроқда туз мунтазам ётқизилади. Ернинг туз балансини ростлаб туриш фақат зовур тизими ва қишки шўр ювиш асосида амалга оширилади.
Дарё дельталари ва конус ёйилмалари мисолида турли табиий шароитларга эга бўлган ҳудудларда экинлардан турлича ҳосил олиниши муносабати билан уларнинг иқтисодий рентабеллиги, самарадорлиги ва табақалашган даромад келтириши ўз-ўзидан маълум. Бу ҳудудларда бир кўрсаткичдаги маҳсулдорликка эга бўлишнинг иложи йўқ, чунки, бунда катта ҳажмда мелиоратив ва агротехник тадбирлар амалга оширилиши лозим бўлади. Иқтисодий жиҳатдан қараганда сарф-харажатлар чора-тадбирлар мажмуасига катта миқдорда тўпланади, даромад эса энг пастлиги билан тавсифланади. Дельтанинг юқори қисмидаги хўжаликлар сарф-харажатлар миқдори камлиги учун иқтисодий жиҳатдан рентабелли, қуйи қисмлардаги хўжаликлар рентабел бўлмаслиги мумкин. Бундан шундай хулоса қилиш мумкин, яъни ҳар бир табиий жиҳатдан чегараланган ҳудуд (хўжалик доирасида) маълум табиий шароит (экологик вазият)га эга бўлган ҳолда унга хос иқтисодий кўрсаткич (рентабеллик, ҳосилдорлик, самарадорлик, даромад ва бошқа)ларга эга бўлади.
Ҳар қандай ҳудуд (табиий мажмуа) тузилмали динамик ва мелиоратив жиҳатдан мураккаблик даражасига мувофиқ хўжаликни ривожлантириш учун унга мос келувчи иқтисодий кўрсаткичларга эга бўлади. Бошқача айтганда, ҳудудда хўжаликни юритиш учун қанчалик табиий (экологик) мураккаблик мавжуд бўлса, шунчалик иқтисодий сарф-харажатлар ҳам кўп бўлади ва ҳосилдорликдан олинадиган даромад ҳам шунга яраша бўлади. Буни тушиниш учун қуйидаги мисолни кўриб чиқиш кифоя.
Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларининг 3 ва 4 террассаларида экинларни вегетацияси оддий бўз тупроқларда кечади. Грунт сувларининг ётиш ҳаракати барча жойларда тўлиқ таъминланган, бинобарин тупроқда туз тўпланмайди, грунт сувлари сатҳи барқарор равишда 10 м дан қуйида, фақат лёссимон ва лёсс жинсларда жойларда ирригайия эрозияси ривожланган. Тупроқда минерал ва органик ўғитлар меъёрида солинса ва беда алмашиб экиш ротацияси тартиб билан амалга оширилиб турилса, экинлардан олинадиган ҳосил (масалан, пахтадан гектарига 35-40 ц) чўғи юқори бўлишига барча имкониятлар мавжуд бинобарин, кўрсатиб ўтилган табиий комплекс (агроландшафт)ларни бошқариш учун ортиқча харажатлар сарф қилишни талаб қилмайди (агар сувнинг грунтга шимилишини олдини олиш ва суғориш техникасини такомиллаштириш, эрозияни олдини олиш каби тадбирлар эътиборга олинмаса). Бу ҳудудларда 1 ц пахта ҳосили етиштириш учун Х сум сарф қилинади дейлик.
Қорақалпоғистон, Хоразм, Қоракўл, Бухоро (жанубий қисм), Қарши чўли, Мирзачўл, Жиззах чўли, Марказий Фарғона воҳаларида грунт сувларининг ётиқ ҳаракати амалий жиҳатдан таъминланган эмас, тик ҳаракат устиворлик қилади. Бинобарин, тупроқда тупроқда туз тўпланмайди, грунт сувлвари сатҳи барқарор равишда 1-3 м чуқурликда жойлашган. Туз тўпланишининг олдини олиш мақсадида зич (ҳар га майдонда 40-60 м ва ундан кўп, жойларда 75-150 га майдонда 1 та тик қудуқ) фаолият кўрсатиб турибди, қишда ҳар йили 1-2, жойларда 3-4 марта яхоб суви ҳисобига тупроқдаги тузлар мунтазам ювилади. Коллектор-зовур тармоқлари ҳар уч йилда тозаланиши ва таъмирланиши шарт, тик зовурлар ҳам маълум муддатда профилактикадан ўтказилади ва асосан катта кучланишдаги электр токи асосида ҳаракатга келади. Ёпиқ зовурлар алоҳида назорат, таъмирлаш ва тозалашга муҳтож. Бинобарин, дарё этаклари ва 3 терассалардаги воҳаларда суғорма деҳқончиликни ривожлантириш энг мураккаб ва сарф-харажатларнинг кўплиги жиҳатидан юқори тавсифланган ҳудудларга нисбатан ҳар йили қўшимча капитал маблағларни таълаб этади. Бунда коллектор-зовур тармоқлари тизимида магистрал ва хўжаликлараро коллекторлар давлат, хўжаликлар ичидаги зовурлар эса хўжаликлар ҳисобига амалга оширилади. Машина канали асосида дарёлардан сув чиқариш ҳам давлат зиммасига тушади. Агарда барча сарф-харажатлар етиштирилаётган ҳосил ҳисобидан тўпланадиган бўлса, у ҳолда фойдалалик жуда ҳам кичик кўрсаткичга тўғри келади.
Юқорида тавсифланган 2 гуруҳдаги ҳудудларнинг табиий шароити (мелиоратив ҳолати, экологик вазияти)ни таҳлил қилиш натижаларига кўра уларнинг оддий тузилишига эга бўлган ҳудудлар бошқарув нуқтаи назардан ва мелиоратив тадбирларга кетадиган сарф-харажатлар жуда ҳам камлиги ҳамда рентабеллик ва даромаднинг катталиги билан ажралиб туради. Мураккаб тузилишга эга бўлган ҳудудлар мелиоратив тадбирларга сарф-харажатларнинг кўплиги билан характерланган ҳолда, рентабеллик ва даромаднинг энг пастлиги билан тавсифланади. Демак, табиатдан фойдаланишда экологик (табиий)-иқтисодий ҳудудий бирлик мавжудлиги амалда тасдиқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |