VI.Мавзу.Табиат ва табиий ресурсларнинг иқтисодий баҳосини аниқлаш (4-соат).
Мавзу режаси (асосий саволлар)
1.Табиат ҳамда унинг ресурсларини иқтисодий баҳосини аниқлаш.
2.Табиат ресурсларини иқтисодий баҳолаш.
3.Умумий иқтисодий баҳолаш.
Мавзуга оид таянч иборалар ва тушунчалар.
Табиат бойликлари, табиат вазифалари, иқтисодий баҳолаш, бозор нархи, ер рентаси, сафлаш ёндашуви, умумий иқтисодий баҳолаш.
Мавзуга оид асосий муаммолар.
1.Табиий ресурсларни иқтисодий баҳосини аниқлаш.
2.Табиат ресурсларини иқтисодий баҳолаш таъмойилари.
3.Умумий иқтисодий баҳолаш ва унинг йўналишлари.
1-савол бўйича ўқитувчининг мақсадлари.
-Табиий ресурсларни иқтисодий баҳолаш асосларини изоҳлаб бериш.
-Табиат вазифаларини ёритиб бериш.
1-савол баёнига оид муаммолар.
-Ҳозирги даврда табиий ресурсларни иқтисодий баҳосини аниқлаш асослари.
-Табиат вазифалари ва унинг қонуниятлари.
Идентив ўқув мақсадлари.
- Табиий ресурсларни иқтисодий баҳосини аниқлаш асосларини гапириб беради.
-Табиат вазифаларини ёритиб беради.
-Амалга оширилаётган лойиҳалар ва табиат қонунлари.
1-асосий савол баёни.
Табиат ҳар бир бойлик тури инсон учун жуда қадрли бўлиш билан бирга у ўз қийматига эга. Лекин ресурсларни қандай баҳолаш керак ёки гўзал табиат манзараларини-чи? Беқиёс бойлик-зилол сув қандай қийматга эга, у инсон томонидан ифлосланган ва деярли ярамас ҳолга келган бўлсачи, бундай вазиятда у қандай қийматга эга бўлади? Инсоннинг табиий муҳитга етказган зарари қандай баҳоланади? Орол денгизи сатҳининг тушиб кетиши натижасида вужудга келган экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларнинг бир йиллик зарари қанча? Булар ва уларга ўхшаш табиий муҳитнинг бошқа иқтисодий соҳаларини билиш лозим, Табиий ресурсларнинг ҳақиқий қийматини билиш уларнинг исроф бўлиши, сифатининг бузилиши, йўқолиши каби номатлуб ҳодисаларнинг олдини олишда ўта зарур.
Табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва қулай экологик вазиятларни барқарорлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш тамойилига амал қилишда бойликларни иқтисодий баҳолаш ва табиат хизматларининг аниқ қийматига эга бўлиши беқиёс даражада катта аҳамиятга эга. Табиий муҳитнинг жамият учун бир неча вазифалари мавжуд: 1. Табиий ресурслар билан таъминлаш; 2. Ўз-ўзини тозалаш ва қайта тиклаш; 3. Инсон учун қулай табиий хизматларни бажариш чунончи, рекреация (дам олиш, соғлиқни тиклаш ва бошқалар); 4. Эстетик завқ олиш, табиатдан мурувват ва сахийликни ўрганиш. Буларнинг барчаси биргина бош вазифа, яъни инсонга ҳаёт бағишлаш деб таърифлаш мумкин.
Афсуски, ижтимоиийзм даврида табиий бойликларнинг ҳақиқий баҳоси аниқланмади, бу муаммо тўғрисида маълум тадқиқот ишлари бажарилда (Минц, 1968, 1973 ва бошқалар), лекин у мантиқий поёнига етказилмаганлиги туфайли ресурсларни реал баҳолаш масаласи ечилмай қолаберди. Бу муаммо хорижий мамлакатларда ҳам тўлиғи билан ҳал қилинмаган. Шунинг учун ижтимоийзм даврида ресурслар ҳақиқий баҳосига эга бўлмаганлиги сабабли улардан фойдаланишда исрофгарчиликка ва сифатининг бузилишига йўл қўйилди, қашшоқланиш жараёни ривожланди. Натижада атроф муҳитнинг ифлосланиши, ресурслар ҳақиқий баҳосининг тушиб кетиши, иқтисодий самарадорликнинг ниҳоятда пасайиб бориш жараёнлари кучайди.
Табиий бойликлар нархини билиш, аввало лойиҳаларнинг муқобил вариантларини танлаш, иқтисодий самарадорликка эришиш, табиат муҳофазасига кенг йўл очиш, аҳолининг экологик жиҳатдан яшаш шароитларини яхшилаш учун катта имкониятлар очди. Баҳолаш асосида капитал қурилишларнинг вариантларига таъсир эътиши мумкин.
Чунончи, суғориладиган деҳқончилик ривожланган ҳудудда бирор муҳандислик лойиҳаси амалга ошириладиган бўлса, аввало суғорма ер баҳоси ва унинг экин экилганда ҳар йилги келтирадиган иқтисодий самараси ҳисоб-китоб қилингандан сўнг лойиҳани амалга ошириш учун рухсат берилади ёки рад этилади. У лойиҳани бошқа ташландиқ жойда ҳам амалга ошириш мумкин. Шуни ҳисобга олиш зарурки, Ўзбекистонда суғорма ерлар барча қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қиймат жиҳатдан 95 % ини етказиб беради. Дарвоқе, суғорма ерлар олтин фонд, уларниэъзозлаш керак, ҳар бир гектар ердан самарали фойдаланган ҳолда экинлар ҳосилдорлигини муттасил ошириб бориш айни муддао ҳисобланади.
Текисликларда баъзан йирик сув омборлари лойиҳаси амалга оширилади. Бу билан суғориладиган ёки суғоришга яроқли ерларнинг катта майдони сув остида қолади. Балки мазкур сув омбори бошқа жойда қурилса самарали бўлиши мумкин, ер деҳқончиликда фойдаланилса анча даромад келтиришини ҳар бир киши яхши билади, лекин бунинг учун ернинг баҳоси аниқланган бўлиши керак. Масалан, Чордара (Сув сиғими 5,9 км куб) ва Қайраққум (сув сиғими 4,5 км куб) сув омборлари ҳозирда лойқа босиши натижасида анча саёзлашиб қолган, лекин катта майдонларни банд қилиб турибди. Айдар ботиғини сув босиши натижасида катта майдондаги яйловлар сув остида қолиб кетди, Жиззах вилояти Фориш туманига қарашли яйловларнинг майдонини қисқариши қоракўл қўйларини боқишни мураккаб аҳволга солиб қўйди.
Табиий ресурсларни қазиб олиш, уларни қайта ишлаш корхоналарига ташиш ва тайёр маҳсулот чиқариш, жараёнларида кўплаб қисми исроф бўлади, йўқолади,тўкилади. Очиқ усулда қазиб олинаётган кўмирнинг йўқолиши 3-8 % дан 10-12 % гача боради, шахта усулида қазиб олинган кўмирнинг йўқолиши ўртача 20-40 %, қора ва рангли металлар рудасининг йўқолиши ўртача 15-25 %, тоғ-кимё хомашёсиники эса 20-60% га боради. Ушбу бойликларнинг нархи маълум бўлган ҳолда иқтисодий ҳисоб-китоб қилинганда катта иқтисодий зарар келтираётгани ўз-ўзидан маълум бўлади. Россиянинг нефть қувурларида авария натижасида ҳар йили 15-20 млн т нефть грунтга оқиб тушади. Жами исроф бўлганнефть миқдори нарх жиҳатдан тахминан 2 млрд долларни ташкил қилади. Ерга сингиб ўтган нефтнинг атроф-муҳитга етказган зарари эса бундан ҳам катта миқдорни ташкил қилади. Бинобарин иқтисодий зарар ва табиатга етказилаётган зиён, миқдори қўшиб ҳисобланган, ҳолда ушбу маблағни нефть қувурларини ўз вақтида таъмирлашга ва назорат ишини яхшилашга сарф қилинса давлат ҳам, табиат ҳам шунчалик зарар кўрмас эди.
Табиий ресурслар мамлакатнинг миллий бойлиги ҳисобланади. Лекин бунинг учун улар тўлиқ баҳоланган бўлиши лозим, яъни қийматга эга бўлиши керак. Ўзбекистонда фақат минерал-хомашё бойликлари ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, уларнинг потенциали 3,3 трлн. АҚШ долларидан ортиқроқ баҳоланмоқда. Шундан 1 трлн доллари нефтга ва газга тўғри келади.
Ҳолбуки табиий бойликларни баҳолаш мамлакатнинг миллий бойликларини сарҳисоб қилиш бўлиб, унинг табиий потенциалини акс эттиради. Бу потенциал ижтимоий ишлаб чиқариш бойликлари билан бирга мамлакатда келажакда риввожланиш истиқболларини аниқлаб беради. Лекин табиий бойликларни тармоқлар бўйича потенциал имкониятлари қотиб қолган баҳога эга бўлмай доимо ўзгариб туради. Гап шундаки, масалан, геологлар кўпинча тез-тез янги минерал хомашё конларини топиб турадилар ва уларни заҳираларини олдинги хомашёга қўшиб борадилар, бинобарин, у ёки бу минерал хомашё заҳираси доимо ортиб боришҳ йўналишда бўлади. Ёки бошқа табиий бойликлар (яйлов, ўрмон) антропоген деградация натижасида миқдор сифат жиҳатидан ўзгариб боради, бундай вазиятда тегишли ўзгаришлар киритишга тўғри келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |