3-§. Инсон, индивид, шахс
Шахс ва жамият
Индивид, индивидуаллик ва субъект
Фалсафа ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанларда «индивид», «индивидуаллик», «шахс» сингари тушунчалар кўп қўлланилади. Уларнинг ўхшашлиги ва фарқлари нимада? Бу тушунчаларнинг ҳар бирининг моҳияти нимадан иборат?
Юқоридаги тушунчалар қаторида «индивид» тушунчаси биринчида туради. У энг аввало, муайян инсоннинг бошқа одамлардан алоҳидалигики, «чегараланиб» олганлигини ифода этади. Индивид - бу Homo sapiens биологик турининг айрим олинган, якка вакили. Индивиднинг асосий хусусияти - бу унинг бошқалардан ажралганлиги, алоҳидалигидир. Индивид - бу инсоннинг энг оддий ва абстрак тавсифи.
Шуниси қизиқки, турли фанлар «индивид» тушунчасини турлича талқин этадилар. Масалан, психология ушбу тушунчани икки аспектда кўради: а) индивид айрим олинган табиий мавжудот, туғма ва орттирилган хусусиятларнинг маҳсули, индивидуал, ўзига хос хусусиятларнинг соҳиби сифатида; б) инсонлар жамоасининг алоҳида олинган вакили; ўзининг биологик чекланганлик доирасидан чиқувчи қуроллардан, белгилардан фойдаланувчи ва улар воситасида ўз хулқи ҳамда психик жараёнларини касб этувчи ижтимоий мавжудот.47
Психология индивиднинг асосий қирралари деб қуйидагиларни ҳисоблайди: 1) психофизиологик ташкиллашувнинг яхлитлиги; 2) атроф дунё билан ўзаро таъсирдаги барқарорлик; 3) фаоллик48.
Социология нуқтаи назаридан индивид - бу инсон наслининг айрим олинган вакили ва инсониятнинг барча ижтимоий ва психологик хусусиятларининг: ақл, ирода, эҳтиёжлар, манфаатлар ва бошқаларнинг муайян соҳиби. Бу ҳолда «Индивид» тушунчаси муайян, аниқ бир инсонни англатади49.
Ва ниҳоят, фалсафа учун индивид ижтимоий атом, алоҳида ажралиб турувчи моҳият, анча кенг бўлган ижтимоий яхлитликнинг (гуруҳнинг, синфнинг, миллатнинг, инсониятнинг) айрим олинган вакили50.
Индивид - энг аввало қандайдир кўпликни бир вакили, кўпларнинг бири. Шу маънода деярли ҳар бир одам - индивид (баъзан индивидиум ҳам дейилади ва ёзилади).
Бу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим: ажралиб туриш, алоҳидалик инсоннинг специфик хусусияти эмас, объектив дунёдаги барча предметлар ва ҳодисалар у ёки бу тарзда ажралиб туради. Аммо инсонга нисбатан кўпроқ бошқа бир тушунча нисбат берилади - «индивидуаллик». У муайян инсоннинг ноёблики, бетакрорлигини англатади. Муайян маънода индивидуаллик - индивиддан шахсга олиб борувчи поғонадир. Инсон туғилишидан индивид бўлиб туғилади, бироқ шахс сифатида у ўз индивидуаллигининг барча имкониятларини очиш орқалигина шакллана олади.
Индивидуаллик индивиднинг ўзига хослигини, ички дунёсининг ўзига хослигини акс эттиради, бу инсонга хос умумий (универсал) ва айрим (ноёб, ўзига хос) хусусиятларнинг узвий бирлигидир.
Инсон фалсафасидаги яна бир муҳим тушунча «субъект» тушунчасидир. Субъект сифатида айрим олинган индивид ҳам ва қандайдир жамоа (гуруҳ, социум ва хатто умуман инсоният) намоён бўлиши мумкин. Бу ўринда бизни индивидуал субъект қизиқтиради. Унинг асосий тавсифлари қуйидагилардир: фаоллик, онглилик, мақсаднинг мавжудлиги, ўз-ўзини англаш, хатти-ҳаракатлар эркинлиги. Субъект сифатида инсон муайян ижтимоий ролни ўйнайди. Одам субъект бўлиб туғилмайди, балки тарбия жараёнида субъектга айланади.
Субъективлик ҳақида сўз кетганда мазкур тушунчанинг икки маъноси борлигини эсда тутиш лозим. Биринчидан, у айрим индивиднинг танлови сифатидаги субъективликни англатади, иккинчидан эса ушбу индивид инсоний субъективлик доирасидан тамойилан чиқа олмаслигини билдиради51.
Шахс
Шахс тушунчаси фалсафада ва умуман инсонни ўрганувчи фанлар мажмуасида энг мураккаб тушунчадир. Инсон шахси ривожланишининг энг муҳим биологик омили инсон миясидир. Аммо шахс моҳияти - бу ижтимоий хусусиятга молик ҳодиса. Мия эса моддий орган бўлиб, у орқали шахс ўз-ўзини намоён этади.
Инсон мазкур социумга хос бўлган меъёрлар, билимлар, қадриятларнинг муайян тизимини ўзлаштиради. Муайян жамиятнинг реал шарт-шароитлари шахснинг ижтимоий моҳиятини белгилайди. Шахснинг шаклланиши жараёни социализация деб аталади.
Фалсафада шахс муаммоси - бу энг аввало инсоннинг моҳияти, унинг дунёдаги, тарихдаги ва жамиятдаги ўрни муаммосидир. Муайян ижтимоий муносабатлар муайян тарихий типдаги шахснинг шаклланиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Антик давр одами учун энг асосий деб яхши фирклар, интилишлар, истаклар ҳисобланган ва улар ижтимоий амалиётда қанчалик рўёбга чиқишига умуман олганда катта аҳамият берилмаган: «Инсонни фақат унинг ишларига қараб эмас, интилишларига қараб ҳам баҳолаш лозим» (Демокрит), «Инсон қандай фикрласа, у ҳаётда шундайдир» (Цицерон), «Бизнинг ҳаётимиз биз у ҳақда нима ўйласак ана шудир» (Марк Аврелий), «Ахлоқий фазилатлар ниятлар билан боғлиқликда кўзга ташланади» (Арасту).
Антик давр мутафаккирлари назарида чинакам шахс деб шундай одамни айтиш мумкинки, биринчидан, у ахлоқли, иккинчидан, ақл-идрок эгаси, учинчидан, бошқалар билан мулоқотга киришадиган, тўртинчидан сиёсий ва давлат мавжудотидир.
Ўрта асрлар бизга шахснинг бошқача типини кўрсатади. Мазкур давр учун жамиятнинг табақаланганлиги, касталарга бўлиниши ва қатъий корпоративлик хосдир. Шу сабали муайян табақага, кастага, цехга, гильдияга мансублик, унинг қонунларига, одатларига, анъаналарига бўйсуниш шахснинг индивидуал сифатларининг намоён бўлишидан кўра муҳимроқ ва кучлироқ эди.
Фақат янги даврга келиб айрим олинган инсон шахсининг қиммати, автономлиги, ўзига хослиги қарор топади. Бу айниқса, ижтимоий-сиёсий фикр учун хосдир. Ижтимоий фаоллик, тадбиркорлик, онгли ва фойдали фаолият, мустақиллик, индивидуализм, шахсий масъулият, ўз қадр-қимматини билиш туйғуси - мана булар шахснинг ғарб, европа-америка концепциялари юксак қадрланадиган сифатлари ҳисобланади.
Шахснинг шарқ модели эса бошқачадир. Шахснинг шарққа хос моделининг бир нечта модификацияларини ажратиб кўрсатиш мумкин (ислом, будда, конфуций ва ҳоказо). Шундай бўлса-да, улар ўртасида уларни шахснинг ғарб моделидан ажратиб турувчи муайян муштаракликлар мавжуд.
Шахснинг шарқ типига хос асосий хусусиятлар қуйидагилардир: масъулият ва мажбуриятларнинг инсон ҳуқуқлари олдида устуворлиги, хулқ-атвордаги традиционализм, ҳулқ-атворнинг, жамоавий моделларининг индивидуал меъёрлардан устунлиги, социумга кўпроқ қарамлик, ижтимоий муҳит билан алоқанинг кўплиги.
Шуни эсда тутиш лозимки, шахс типи ижтимоий муносабатларнинг реал тизимининг инъикосидир. Шахснинг шаклланиши ва ривожланишининг муҳим омили сифатида унинг ижтимоий фаолияти, социум ҳаётида муайян ролни бажариши намоён бўлади. Индивид шахс сифатида фақат турли туман ижтимоий муносабатлардагина ўз-ўзини намоён этиши мумкин. Ўз вақтида Арасту «инсоннинг вазифаси унинг онгли фаолиятидан иборат» деб ҳисоблаган эди. А.Жомий «Қўлларинг бақувват экан, мавжуд экан кундалик меҳнатга кўнгил қўй» дея даъват этган бўлса, Ибн Сино «Бекорчилик ва ишёқмаслик фақат нодонликка сабаб бўлибгина қолмай, айни пайтда касалликларга ҳам сабаб бўлади» деб огоҳлантирган эди.
Шахс - бу муайян ижтимоийлашув жараёнининг натижасигина эмас, бу узлуксиз ўсиб борувчи жараён. Агар доимий ривожланиш, камолотга интилиш, олға ҳаракат бўлмаса, у ҳолда шахс бузилиши, деградацияга дучор бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |