Инсон XIX-XX асрлар фалсафасида
XIX аср фалсафий фикрнинг инсон ҳақидаги таълимотни ривожлантиришдаги энг муҳим ютуқларидан бири - бу Людвиг Фейербахнинг (1804-1872) фалсафий антропологизмидир. У инсон моҳияти муаммосини фалсафасининг «бирдан-бир, универсал ва энг олий» муаммоси сифатида қаради ва биринчи планга олиб чиқди. Бироқ Фейербах, аслида, инсонга биологик нуқтаи назардан қарайди, унинг ижтимоий моҳиятини изоҳламайди.
Антропологик тамойил (яъни, объектив оламни инсон моҳиятининг ҳосиласидан иборат бир нарса сифатида қараш) экзистенциализм, ҳаёт фалсафаси, фалсафий антропология, антропосоциология, фрейдизм ва бошқа кўплаб фалсафий ва ижтимоий оқимларнинг асосида ётади.
Экзисенциалистлар (Ж.П.Сартр, А.Камю ва ҳоказо) фалсафанинг асосий муаммоси деб инсоннинг мавжуд бўлиши масалаларини ҳисоблайдилар (Экзистенция). Инсон фақат ўзини англаши мумкин. К.Ясперс ёзганидек: «Мавжуд бўлиш билиш демакдир ва мен онг сифатида мавжудман». Экзистенциализмнинг асосий тамойили - эркинлик тамойилидир. Инсон «озод бўлишга маҳкум этилган» (Ж.П.Сартр). Ижтимоий ҳаётнинг тангликларидан чиқишнинг йўли - шахснинг индивидуалистик борлиғида. Инсоннинг ўз диққат марказига қўювчи яна бир оқим – «фалсафий антропология». Бу оқимнинг асосчиси - Макс Шелер (1874-1928) фалсафанинг асосий масаласи «Инсон нима?:» деган саволдан иборат деб ҳисоблади.
Фрейдизмга австриялик психолог Зигмунд Фрейд (1856-1939) асос солган. У шахс тузилмасида учта асосий қатламни ажратиб кўрсатди «У» онгости, «Мен» ёки «ЭГО» (онг), Юксак «Мен» (юксак онг).
2-§. Инсон конкрет фанлар ва фалсафада
Инсон муаммоси табиий ва гуманитар фанларда
Инсон кўплаб фанлар ўрганадиган предметдир. Биология уни Homo sapiens тури сифатида қарайди. Педагогика учун у тарбия объекти, социология учун - турли муносабатлар субъекти, культурология учун - маданиятнинг объекти ва субъекти, иқтисодий назария учун - асосий ишлаб чиқариш кучи ва ҳоказо.
Табиий фанлар орасида анъанавий (биология, антропология, медицина ва бошқалар) билан бир қаторда нисбатан янги фанлар (олий нерв тизими фаолияти физиологияси, соматология, сексология ва ҳоказо) пайдо бўлди. Ижтимоий билим соҳасида ҳам «эски» фанлар (психология, социология, тилшунослик, этика) қаторида «янги» фанлар (аксиология, герменевтика) кабилар фаолият кўрсатишади.
ХХ асрда илмий билимнинг шиддатли ривожи, параллел тарзда борувчи фанларнинг фаол дифференциацияси ва интеграцияси табиий-илмий ва ижтимоий фанлар чегарасида бир қатор янги фанларнинг: биоэтика ва тиббиёт этикаси, социобиология, психофизиология ва бошқаларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Бу ҳол фалсафанинг инсон муаммоларини кўриб чиқишдаги методологик роли ҳақидаги масалани янада долзарб этиб қўяди.
Фалсафада инсон
Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, инсон кўп фанлар томонидан предмет сифатида қаралади, шу сабабли бизнинг олдимизда муҳим бир вазифа – инсон муаммосининг айнан фалсафий аспектларини очиб бериш туради.
Табиатшунослик ва жамиятшуносликда инсонни тадқиқ этишнинг ҳозирги даражаси шундайки, бунда инсон ҳозирги тўпланган билимларни умумлаштириш ва тизимлаштириш масалалари тобора кўпроқ биринчи планга чиқмоқда.
Инсон муаммосининг фалсафага оид масалалари деб қуйидагиларни ҳисоблаш мумкин: а) инсон моҳияти; б) инсонда ижтимоийлик ва биологик (табиийлик)нинг нисбати; в) шахснинг эркинлиги; г) инсоннинг мавжуд бўлиши (борлиғи) ва моҳиятининг диалектикаси; д) инсон ҳаётининг мақсад ва маъноси.
Бу албатта инсон муаммосининг фалсафий спецификаси фақат юқоридагилар билан чекланади, деган эмас. Биз фақат асосийларини санаб ўтдик холос.
Do'stlaringiz bilan baham: |