Текисликларнинг жанубий ярми морфоскульптураси дарё ва жар тармоқлари жуда зич бўлган эрозион рельеф шакллари устун туриши билан характерланади. Палеозой оҳактошлари ер бетига чиқиб ётган чекка жанубда карст рельеф шакллари ривожланган. Платформанинг Кордильера тоғлари билан чегарадаги ғарбий қисмида Буюк текисликлар бор. Платформанинг чекка қисмидан иборат Буюк текисликлар Кордильера тоғлари таъсирида кўтарилиб, ҳозирги рельефда шарққа нишаб ва поғоналар билан чегараланган тоғ олди қатламли платосини ҳосил қилган. Кордильера этакларида Буюк текисликларнинг баландлиги 1200-1700 м га етади, фундамент 1000 м чуқурликка чўкиб кетган бўлиб, палеозойдан то палеогенгача найдо бўлган қатлам-қатлам қалин ётқизиқлар билан қопланган. Марказий текисликлар каби, шимолий районлар учун ҳам музлик аккумуляцияси рельефи, жанубий районлар учун эрозион рельеф характерлидир.
Платформа ер бағрида фойдали қазилмаларнинг катта-катта запаслари бор. Қалқон, айниқса унинг жанубий қисми рангдор ва нодир металл рудаларига бой. Протерозой лаваларидаги ва Канаданинг жанубидаги мис, никель ва кобальт конлари энг катта аҳамиятга эгадир. Катта кўллар районидаги қалқоннинг чеккасида уран рудаси конлари бор. Уран конлари архей гранитлари билан боғлиқ.
Юқори кўл районида, АҚШ ва Канада территориясида протерозой сланецларида чўкинди йўли билан пайдо бўлган темир рудаси бор. Унгав қўлтиғидан жанубдаги Лабрадорда ҳам темир рудасининг катта кони жойлашган.
Платформанинг чўкинди жинслардан таркиб топган устки қисмида Марказий текисликлар доирасида тошкўмир (Иллинойс ва Ғарбий ҳавзалар) ҳамда нефть конлари, Буюк текисликларнинг палеоген-неоген ётқизиқларида қўнғир кўмир ва лигнитнинг катта запаслари бор.
Қадимги платформа шимол, шарқ ва жануби-шарқдан палеозойда бурмаланган тоғлар билан ўралган. Бу тоғлар ҳозирги рельефда асосан баланд ва ўртача эпиплатформа палахсали тоғлардан иборат.
Гренландия ороли ва Элсмир, Мелвилл оролларининг шимолида Иннуит бурмали тоғлар системаси 3000 м баландликкача қад кўтарган; улар қуйи ва ўрта палеозойда Франклин геосинклиналидан вужудга келган бўлиб, неоген-антропоген даврида қайта кўтарилган. Иннуит тоғлари ҳозирги вақтда ҳам кўтарилмоқда; Шимолий Муз океани тубидаги Ломоносов тизмаси уларнинг давомидир.
Платформани ўраб турган палеозой тоғларининг кейинги звеноси Шарқий Гренландия бурмали тоғлар системасидаги тизмалардир; улар Каледон геосинклинали доирасида вужудга келган бўлиб, энг янги тектоник ҳаракатлар натижасида баландлиги деярли 3000 м га етган. Бу тоғлар рельефининг энг муҳим хусусияти базальт платолари ва бошқа хил вулканоген шаклларининг мавжудлигидир; бу рельеф шакллари бўр даври охири ва палеоген бошида ер пўстининг катта-катта ёриқлари чеккасида пайдо бўлган.
Платформанинг бурмаланган чекка атроф қисми Шарқий Гренландия тоғларидан узилиб қолади, кейин эса Ньюфаундленд, Аппалачи тоғлари ва уларнинг жануби-ғарбий давоми-Уачит-Маратон системаси сифатида яна давом этади. Узунасига кетган бу барча камбар тоғлар палеозой бурмали тоғлари системасининг бир қисмидангина иборат бўлиб, у шимоли-шарқда Атлантика океани сувлари тагида давом этади, шарқ, жануб ва жануби-шарқда эса Атлантика бўйи ва Мексика бўйи текисликларининг мезркайнозой чўкинди жинслари қатламлари тагида ётади.
Аппалачи тоғларининг жанубий катта қисми каледон-герцинда бурмаланган, уларнинг шимолий қисми Ньюфаундленд ороли билан бирга палеозойнинг биринчи ярмидагина бурмаланган. Эри кўлидан Гудзон дарёси водийсига томон ўтган чуқур тектоник ботиқни улар орасидаги чегара деб ҳисоблайдилар. Бу ботиқдан шимолда баландлиги 2000 м дан ошмайдиган нисбатан паст тоғлар қад кўтарган; улар кристалли ҳамда метаморфик жинслардан таркиб топган бўлиб, структуралари яққол акс этмаган. Бу тоғларнинг олд букилмаси йўқлиги сабабли улар бевосита Канада қалқони билан чегараланади. Шимолий Аппалачи тоғлари тоғ-музлик рельеф шаклларининг кенг тарқалганлиги билан характерланади.
Жанубий Аппалачи тоғлари геологик жиҳатдан ҳам, геомор-фологик жиҳатдан ҳам турлича бўлган бўйлама зоналардан иборат. Тоғлар билан супасимон рельефга эга бўлган платформа орасидаги олд букилмага тўғри келувчи ва дарё водийлари чуқур ўйиб юборган Аппалачи олди платоси шарқда аппалачи типидаги структурали ва Аппалачи типидаги рельефли чўкинди жинслар запаси билан алмашинади. Бу зона синклинал структурали параллел тоғ тизмалари ва антиклинал тузилган водийлардан ташкил топган. Рельефнинг бундай инверсион типи турлича зичликдаги жинслардан таркиб топган тоғ системасининг узоқ вақт давомида емирилишидан ҳосилбўлган. Сўнгра энг баланд кристалли зона ва, ниоят, Пидмонт деб аталувчи ва Атлантика бўйи пасттекислигида тик жарлик ҳосил қилиб тушувчи тоғ олди платоси полосаси келади.
Аппалачи тоғларини инверсион (аппалачи типидаги) рельеф яққол акс этган ўртача баландликдаги эпиплатформа тоғлари типига киритиш мумкин. Аппалачи тоғларининг жануби-ғарбий давоми, Уачит системасининг катта қисми каби, эпипалеозой плитаси (Голф-Кост) ётқизиқлари қатламлари тагида кўмилиб қолган. Уачит системасининг кичикроқ фрагментлари унча баланд бўлмаган (900 м гача) Уачит тоғлари ва Кордильера тоғлари системаси чегарасида жойлашган Маратон массиви тарзида қад кўтарган.
Шимолий Американинг жануби-шарқий ва жанубий чеккалари палеозой структуралари кўмилиб кетган ҳамда қалин мезокайназой чўкинди қоплами кенг тарқалган областдан иборатдир.
Бурмаланган фундаментнинг Флорида, Багама ороллари ва Юкатан областидаги кўтарилган жойлари чўккан (пасайган) областни, бир томондан, Атлантика бўйи букилмаси, иккинчи томондан эса Мексика бўйи Голф-Кост букилмасидан (унинг давоми бўлган Миссисипи синеклизаси билан бирга) ажратиб туради. Рельефда бу букилмаларга қатламли Қирғоқ пасттекисликлари тўғри келади. Баландлиги 100 м дан кам бўлган теп-текис юзани саёз дарё водийлари кесиб ўтган. Дарёлар денгиз яқинида ўз оқизиқлари устидан, баъзан атрофдаги жойлардан баландда оқиб ўтади. Баъзи жойларда ер юзаси оҳактошлардан таркиб топган бўлиб, карст рельеф шакллари кенг тарқалган. Карст рельефи Флорида ва Юкатан ярим оролларида айниқса ривожланган.
Миссисипи пасттекислиги аллювиал ётқизиқлар қатламлари билан қопланган. Аллювиал ётқизиқлар ниҳоятда катта ва бетўхтов ўсаётган Миссисипи дельтасида энг қалиндир.
Атлантика соҳиллари паст ерлар бўлиб, уларда қатор-қатор дюналар, қум тиллари ва саёзликлар бор. Мексика қўлтиғи ва Атлантика океани учун лагуна типидаги соҳил характерлидир. Қирғоқ текислиги Нью-Йоркдан жанубда чуқур дарё эстуарийлари ва лиманлар билан бўлиниб кетган. Бунинг натижасида Атлантика бўйи текислигининг ушбу қисми бир-биридан деярли ажралиб қолган бир қанча ярим оролларга бўлиниб кетган.