Дурагай петуния (Pеtunia ×hybrida hort.) – петуния туркуми вакилларини чатиштириш орқали олинган мураккаб дурагайлар. Табиатда кўп йиллик чала бута ёки ўтсимон ўсимлик бўлиб, гулчиликда бир йиллик манзарали гул сифатида фойдаланилади. Ватани – Жанубий Американинг Аргентина, Боливия, Уругвай ва Парагвай сингари тропик мамлакатлари.
Иссиқсевар ва ёруғсевар, ярим соя жойларда ҳам яхши ўсади. Амалиётга киритилан янги навлари қондириб суғоргандан кўра, ҳар куни бир марта бўлса ҳам ёмғирлатиб суғоришни афзал кўради. Дам олиш жойларида клумба, рабаткада ва тувакларда экиш учун фойдаланилади.
Картошкагул (Dahlia×cultorum Thorsr. et Reis.) – 15 000 дан ортиқ навларининг умумлашти-рилган номи бўлиб, Мураккаб-гулдошлар оиласига мансуб ўта манзарали, тугунакилдизли кўп йиллик ўт ўсимлик.. Ватани Мексика, Перу, Чилининг тоғли ҳудудлари ҳисобланади. Ҳиндулар қадимдан илдизтугунакларини истеъмол қилиш учун ўстирганлар.
Ёруғсевар, лекин ярим соя жойларда ҳам яхши ўсади. Иссиқсевар, ҳаво ҳарорати 0оС ва ундан паст бўлганда қисқа муддатда нобуд бўлади.
Уруғларини иссиқхонада экиб, очиқ жойга апрелда кўчирилади. Май ойидан совуқ тушгунга қадар мўл гуллайди. Гуллаши якунланган тўпгуллар ўсимлик манзарасини бузмайди. Рабатка, гуруҳ ва массивлар яратишда қўлланилади. Соф навлари алоҳида экилганда яхши манзара ҳосил қилади.
Кўп йиллик маргаритка (Bellis perennis) – кўп йиллик ўсимлик бўлиб, икки йиллик сифатида фойдаланилади. Пояси қисқарган, шохланмайди. Бўйи 10-30 см гача. Совуққа бардошли, ёруғсевар, лекин ярим соя жойда ҳам яхши ўсади. Уруғидан кўпаяди, уруғлари август ойида иссиқхонада экилади. Октябрь ойида очиқ жойга кўчириб ўтқазилади. Зарур ҳолларда баҳорда ҳам экиш мумкин. Март – апрель ойларида гуллайди. Алоҳида парвариш талаб қилмайди. Ҳар қандай тупроқ шароитида ҳам ўсаверади. Аммо енгил ва унумдор тупроқда мўл гуллайди. Тез-тез суғориш талаб этилади. Намлик етишмаганида гуллари майдалашиб кетади.
Мексика агератуми (Agеratum houstonianum) – Мураккабгулдошлар оиласига мансуб тропик ўсимлик. Давомли гуллаши сабабли греклар унга шу номни беришган. Грекчада “агератос” сўзи “доим навқирон”, “қаримас” деган маъноларни англатади. Ватани Мексика бўлиб, табиий ҳолда кўп йиллик ўсимлик ҳисобланади. Республикамизда улар бир йиллик манзарали гуллар сифатида қўлланилади.
Ёруғсевар, лекин ярим соя шароитда ҳам ўса олади. Агератум тупроқ шароитига талабчан эмас. Аммо енгил, ишқорий ва унумдор тупроқда юқори манзара ҳосил қилади. Доимий жойга апрелнинг охирида кўчириб ўтқазилади. Бордюрлар, рабаткалар, клумбалар ташкил қилишда фойдаланилади, шунингдек, вазаларда ҳам экиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |