2. Организмнинг ўсиши ва ривожланишидаги ўзаро боғлиқлик.
Ривожланиш – бу ўсимлик ва унинг алоҳида қисмларининг таркибий ва функционал ўзгариши бўлиб, даврий алмашинуви натижасида унинг янги сифат ҳолатига ўтишидир.
Ўсиш ва ривожланиш бир-бири билан ўзаро боғланиб кетган ва организм индивидуал ривожланиши, яъни онтогенезнинг турли томонлари ҳисобланади.
Организмнинг ҳаёт фаолияти одатдаги шароитда кечса ўсиш ва ривожланиш маълум маромда ўтади. Мабодо шароит у ёки бу томонга ўзгарадиган бўлса бу маром бузилади. Масалан, ёруғлик интенсив, ҳарорат юқори ва намлик етишмаганда ривожланиш ўсишга қараганда тезлашади. Бу шароитда ўсимликнинг бўйи паст бўлади, лекин авлод қолдиради. Ёруғлик ва намлик етарли ёки тупроқда азот миқдори мўл бўлганда аксинча ўсиш тезлашади ва ривожланиш секинлашади.
Шундай қилиб, ўсиш ва ривожланиш ўзаро яқин боғлиқликда бўлса ҳам уларнинг тезлиги бир-бирига боғланмаган.
3. Интродукция шароитида ўсиш ва ривожланиш. Мослашиш мезонлари.
Интродуцентларнинг янги шароитда истиқбол даражаси кўплаб кўрсаткичлар билан белгиланади. Улардан энг муҳимлари сифатида мавсумий ривожланиш мароми (фенология) уруғ ҳосил қилиш кўрсаткичлари бўлиб, бу уларнинг орасидан янги шароитга яхши мослашиб кетганларини танлаб олиш имкониятини яратади.
Интродукция шароитида қайси омиллар ўсиш ва ривожланишга кўпроқ таъсир ўтказади?
Ўсиш ва ривожланишга энг кўп таъсирни иқлим омиллари ўтказади. Ўсиш жараёнларини хусусияти, органларнинг ҳосил бўлиши ва ўсимлик организмидаги физиологик жараёнлар иссиқлик режими, муҳитнинг намлиги, ёруғлик режими ваёғин миқдори билан яқин алоқадорликка эга.
Ўсимликнинг мавсумий ўсиш ва ривожланишини ўрганмасдан туриб, уларнинг биоэкологик хусусиятларини билиш қийин.
Ҳозирги кунда ўсимликнинг мавсумий ривожланишини ўрганишга катта эътибор қаратилади. В.Н.Ворошилов (1960) мавсумий ривожланишни организмнинг мослашиш хусусияти сифатида қараш керак, чунки у ўсиш ва ривожланиш жараёнида муҳитнинг қатор омиллари таъсири остида оптимал меъёрни таъминлайдиган, эволюция жараёнида ҳосил бўлган ва генотипда мустаҳкамланган, деб ҳисоблайди.
Олиб борилган кўплаб тадқиқотларда дарахт ўсимлигининг мавсумий ривожланиш мароми маълум даражада турнинг филогенезини акс эттириши, ўсимликнинг экологик ва адаптацион имкониятларини кўрсатиши тасдиқланган.
Ўсимлик мавсумий ривожланишининг аниқ этапида физиологик ва морфологик фарқлар кузатилади. Бунда ўз-ўзини бошқариш тизимига йўналтирилган фенофазаларнинг алмашинуви маълум кетма-кетликда содир бўлиши кузатилади Лапин, ва бошқ., 1979). Табиий танлаш биоритмнинг ижобий ўзгаришларини генотипда мустаҳкамлайди.
Шундай қилиб, ўсимлик организмига биоритмнинг ўзига хослиги консервативлик ва мослашиш хусусиятларидаги лабиллик билан характерланади. Улар орасидаги ўзаро нисбат ўсимликнинг қайси турга мансублиги билан боғлиқ. Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича худди ана шу нисбат ўсимликни янги шароитга мослаша олиши ёки мослаша олмаслигини белгилайди. Шунингдек, турли хил турга мансуб ўсимликларнинг экологик омилларга муносабати ҳам турлича бўлади. Шу сабабли, ўсимликнинг экологик омилларга толерантлик диапазони аниқлангач, унинг ушбу шароитда мослашганлик даражаси ҳақида хулоса қилиш мумкин.
Ҳарорат. Ҳарорат муҳитнинг асосий омили бўлиб, у ўсиш жараёнини бошқаради ва унга тўғридан тўғри таъсир қилади. Ўсишнинг даражаси ҳам ҳарорат кўрсаткичига тўғри пропорционал даражада боғлиқ.
Ҳаво намлиги. Бошқа экологик омиллар оптимумда бўлганида ҳавонинг намлиги 60-70% бўлиши энг мақбул ҳисобланади.
Ёғингарчилик. Тупроқ намлигини асосий манбаси бу ёғингарчилик ҳисобланади. И.Т. Кищенко (2000) томонидан олиб борилган тадқиқотларда ёғингарчиликнинг сони ва миқдори вегетатив органларнинг ўсиш даражасига таъсир этмаслиги, улар дарахтлар танасидаги камбийнинг фаолиятига сезиларли таъсири борлигини аниқланган. Бунда уларнинг таъсир характери ўсимликнинг ўсиш шароитига боғлиқ. Тупроқ намлиги етарли бўлганида дарахтлар ёғочининг энига ўсиши интенсив бўлади ва тезда якунланади. Аксинча бўлганда, яъни ёғингарчилик кам бўлганда дарахт энига узоқ ўсади, лекин ўсиш миқдори анча кам бўлади.
Ёруғлик. Бу омил фотосинтезни фаол кечишини таъминлайди. Қуёш радиацияси интенсивлигига қараб бу жараён тезлашади ёки секинлашади. Ёруғликнинг тушиш давомийлиги ва унинг интенсивлиги ассимилятларни тўпланишига таъсир қилади ва шунга боғлиқ ҳолда ўсимлик ўсишини таъминлайди.
Трулевич (1991) интродукция натижасини баҳолаш учун “интродукцион чидамлилик” терминини киритган. Унинг моҳияти шундан иборатки, интродуцент янги иқлим шароитида тўлақонли ўсишидан ташқари, фенологик фазаларнинг барча этапларини тўлиқ ўташи учун ўзининг табиий иқлим шароитида орттирилган фенологик маромини, ҳаётий шаклини, онтогенезда ривожланиш хусусиятларини сақлаб қолишидан иборат.
4. Ўсишни тезлаштирувчи стимуляторлар. Ўсишни тартибга солувчи Атлет стимулятори – кўчатларни ортиқча ўсиб кетишига йўл қўймайди ва гуллаш давомийлигини оширади, гуллар ва бутанинг манзаралилигини оширади;
БИГУС – уруғнинг униш сифатини, ўсимликнинг ўсишини, ҳосилдорлигини ва маҳсулот сифатини оширади;
Гетероауксин – қаламчаларнинг илдиз олишини тезлаштиради;
ГУМАТ – ўсишни, ривожланишни ва гуллашни тезлаштиради, ҳосилдорликни оширади;
ГУМЭЛ – ғунчалар ва мевалар сонини оширади, мева ҳосил бўлишига ижобий таъсир қилади;
Новосил – ўсишни ва меваларнинг пишишини тезлаштиради;
Рибав - экстра – универсал стимулятор бўлиб, уруғлар, экиш материаллари ва вегетатив органларнинг ўсишини тезлаштиради, барча ўсимликлар, жумладан қаламчасидан қийин кўпаядиган турларни ҳам яхши илдиз олишини таъминлайди;
Циркон – иммуномодулятор, илдиз олишини тезлатувчи;
Эпин – экстра – универсал стимулятор, адаптацияга кўмаклашади;
Этамон – кўчатларни яшаб қолишини яхшилайди.
5. Фотопериодизм. Ўсимликнинг суткалик ёритиш маромига реакцияси. Кундуз билан кечанинг нисбати (фотопериод) ни ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши жараёнига таъсири. Унинг намоён бўлиши энг аввало ўсимликнинг гуллашида кўринади. Ҳарорат ва ёруғлик омиллари ҳамжиҳатликда таъсир кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |