МАВЗУ-7. ИНТРОДУКЦИЯ НАТИЖАЛАРИНИ БАҲОЛАШ
Интродукция ишининг натижаларини баҳолаш – ҳар бир тадқиқотчи фаолиятининг зарур этапидир. Натижаларга баҳо берилаётганида интродуцентнинг янги табиий-иқлим шароитида қай даражада мослаша олганлиги, ўсимлик ўзининг хўжалик аҳамиятидаги фойдали хусусиятлари ва белгиларини қай даражада сақлаб қолганлиги аниқланади.
Ўсимлик адаптациясини ва ундан кейинги амалиётда фойдаланиш мақсадида кўпайтириш имкониятларига баҳо бериш учун кўплаб шкалалар ишлаб чиқилган (Благовещенский, 1952; Пироженко, 1971; Лапин, Сиднева, 1973; Головкин, 1977; Былов, 1978; Трулевич, 1979; Некрасов, 1980; Сикура, 1982; Шулькина, 1987, Ёзиев, 1997, 2001 и др.).
Дастлаб шундай шкалани В.П. Малеев (1933) таклиф қилган. Бу шкаланинг афзаллиги шундаки у ўсимлик ўстирилаётган ҳудуд ва муҳит шароитига боғлиқ ҳолда унинг ўсиш хусусиятлари (ҳолати ва вегетатив органларидаги ўзгаришлар) эътиборга олиб тузиб чиқилган. Муаллифнинг ўзи қайд қилганидек, бу шкаланинг камчилиги шундаки, мазкур ўсимликнинг ватанидаги кўрсаткичлар тўғрисида маълумотларнинг етарли эмаслиги интродукция қилинган жойдаги кўрсаткичлар билан солиштириш имкониятини бермайди.
Е.В. Вульф (1933) анча такомиллашган схема таклиф қилган. У 4 даражада баҳолашни таклиф қилади ва ўсимлик мослашишида мева ҳосил бўлишини асосий кўрсаткич қилиб олади.
I – ўсимлик ривожланиш циклини тўлиқ ўтади, сифатли уруғ ҳосил қилади ва ёввойилашиб атрофга тарқала бошлайди;
II - ўсимлик ривожланиш циклини тўлиқ ўтади, сифатли уруғ ҳосил қилади ва уруғи ёрдамида табиий кўпаяди (самосев ҳосил қилади);
III - ўсимлик ривожланиш циклини тўлиқ ўтади, сифатли уруғ ҳосил қилади, лекин самосев ҳосил қилмайди;
IV – Ўсимлик вегетатив органлари ҳосил қилади, лекин тўқ уруғ бермайди (гулламайди ёки мева бермайди, ёхуд тўқ уруғ ҳосил қилмайди).
Н.А. Базилевская (1950), Н.А. Аврорин (1956), П.И. Лапин (1974) ва бошқалар интродукция натижаларини баҳолашда ўсимлик ўсиши ритмининг ўзгаришига асосий эътибор беришган. Н.А. Аврорин қутб зонасида олиб борган тақиқотлари асосида айрим турларнинг гуллаши йилдан йилга кечикиб бориши, бошқалариники аксинча олдинга силжиши, шу хусусият кейинги авлодларда мустаҳкамлана боришини қайд қилади.
Интродукция натижалари умумлаштирилганда ўсимликнинг янги иқлим шароитида қай даражада мослашганлик даражаси, шунингдек, хўжалик учун фойдали хосса ва хусусиятларини сақлаб қолганлиги аниқланади. Бунинг учун интродуцент устида олиб борилган фенологик кузатувлар, ўсиш хусусиятлари, кўпайиши, экологик омилларга ва зараркунандаларга бардошлигини ўрганиш бўйича тўпланган материаллар таҳлил қилинади (Некрасов, 1980).
Москвадаги Бош Ботаника боғида интродуцентлар ҳаётчанлиги интеграл сонлар усулида 7 та кўрсаткич билан баҳоланган: новдаларнинг қотайганлиги, совуққа бардоши, ўсиш шаклини сақланганлиги, новда ҳосил қилиш қобилияти, бўйига ўсиши, генератив қобилияти, янги жойда кўпайиш имкониятлари. Шу кўрсаткичлар бўйича максимал балл 249 га тенг бўлади (Лапин, Сиднева, 1973; Лапин,1974).
Тошкент Ботаника боғида эса қуйидаги кўрсаткичлар танланган: новдаларнинг қотайганлиги, совуққа бардоши, габитусни соқлаб қолганлиги, новда ҳосил қилиш қобилияти, бўйига ўсиши, генератив қобилияти, янги жойда кўпайиш имкониятлари (Штонда, 1982). Кўриниб турибдики, ҳар иккала методика бир-бирига жуда яқин.
Бу борадаги адабиётлар таҳлил қилинганида интродукция натижаларини баҳолаш бўйича таклиф қилинган методлар конкрет шароитдан келиб чиқиб ишлаб чиқилганлиги кўринади ва интродукцияни чекловчи омилларга асосий эътибор қаратилади. Уларнинг аксариятида интродуцентнинг янги шароитдаги генератив қобилиятига етакчи ўрин берилади.
Шундай қилиб, интродукция натижаларига баҳо беришдан асосий мақсад янги шароитда ўсишга бардошли, репродуктив қобилиятга эга, биологик ва хўжалик нуқтаи назариядан аҳамиятли ўсимлик турларини ажратиб олишдан иборат. Янги шароитда ўсимликнинг мослашишига имконият берувчи мослашувчанлиги, осон кўпайиш имкониятига эга, нохуш табиат ҳодисаларига бардошли, экологик омилларга ўта талабчан бўлмаган хусусиятлари асосий кўрсаткичлар сифатида олинади.
Жанубий Ўзбекистонда қарийб бир ярим аср давомида иқлимлаштирилган 224 турга мансуб дарахт ва буталарнинг интродукция натижалари қуйидаги шкалада баҳоланган (Ёзиев, 2001)
1. Иссиқлиқ ва қурғоқчиликка бардошлилиги:
- Иссиқлиқ ва қурғоқчиликка бемалол бардош бера олади (зарарланганлиги сезилмайди) – 25 балл;
- Иссиқлиқ ва қурғоқчиликка етарлича бардошли (баргларининг тургорлиги пасаяди, четлари куяди, ёш новдаларининг учи эгилади) – 20 балл;
- Иссиқлиқ ва қурғоқчиликка нисбатан бардошли (ўсимлик анча зарарланади, барглар сарғаяди, учки куртаклар қурийди) – 15 балл;
- Иссиқлиқ ва қурғоқчиликка бардошсиз (баргларнинг катта қисми куяди, лекин тўкилиб кетмайди) – 10 балл.
2. Генератив қобилияти:
- Юқори сифатли уруғ ҳосил қилади (уруғ унувчанлиги 67-100%) – 20 балл;
- Ўрта сифатли уруғ ҳосил қилади (уруғ унувчанлиги 34-66%) – 15 балл;
- Паст сифатли уруғ ҳосил қилади (уруғ унувчанлиги 1-33%) – 10 балл;
- Гуллайди, лекин унувчан уруғ ҳосил қилмайди – 5 балл;
- Гулламайди – 3 балл.
3. Интродуцентларнинг ўсиш тезлиги:
- Интродукция шароитида ўсимликнинг бўйи унинг ўз ватанида ўсган шу ёшдаги ўсимлик бўйига нисбатан камида 25% дан ортиқ – 20 баллов;
- Интродукция шароитида ўсимликнинг бўйи унинг ўз ватанида ўсган шу ёшдаги ўсимлик бўйига нисбатан 25% гача ортиқ – 15 балл
- Интродукция шароитида ўсимликнинг бўйи унинг ўз ватанида ўсган шу ёшдаги ўсимлик бўйига тенг – 10 балл;
- Интродукция шароитида ўсимликнинг бўйи унинг ўз ватанида ўсган шу ёшдаги ўсимлик бўйига нисбатан паст – 5 балл.
4. Совуққа бардошлиги:
- Ўсимлик совуқдан зарарланмайди- 20 балл;
- Қаттиқ совуқда ёш новдаларининг учки қисми зарарланади- 15 балл;
- Ҳар йили ёш новдалари совуқдан зарарланади- 10 балл;
- Ҳар йили катта ёшли новдалари ҳам совуқдан зарарланади- 5 балл.
5.Ўсимлик шаклининг сақлаб қолиши:
- Ўсимлик табиий шаклини сақлаб қолади, шох-шаббасининг габитуси ўзгармайди -5 балл;
- Совуқдан кейин ўсимлик шакли ўзгаради, кейин қайтадан тикланади – 3 балл;
- Ўсимлик ўзининг табиий шаклини йўқотади – 1 балл.
6. Умрбоқийлиги:
- умрбоқий (50-60 ёшли дарахтлар, 20-30 ёшли буталарда қарилик аломатлари кузатилмайди) – 5 балл;
- умрбоқийлиги паст (30-40 ёшли дарахтлар, 10-19 ёшли буталарда қарилик аломатлари кузатилади) – 3 балл;
- умрбоқий эмас (20-29 ёшли дарахтлар, 10 ёшгача бўлган буталарда қарилик аломатлари кузатилади) – 1 балл.
7. Заракунанда ва касалликларга чалиниши:
- Зарарланмайди – 5 балл;
- Қисман зарарланади – 3 балл;
- Кучли зарарланади – 1 балл.
Мазкур шкала ёрдамида баҳоланганда қуйидаги натижалар қайд қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |