МАВЗУ-5. ЎСИМЛИКЛАР ИНТРОДУКЦИЯСИДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ТЕРМИНЛАР ВА
ИНТРОДУКЦИЯ МЕТОДЛАРИ
1. Ўсимликлар интродукциясида қўлланиладиган терминлар
Интродукция термини лотинчадаги “introductio” сўзидан олинган бўлиб “кириш”, деган маънони билдиради. Ўсимликлар интродукциясида у “киритиш” ёки “олиб кириш” маъносида ишлатилади.
Интродукция терминига турли муаллифлар томонидан турлича таърифлар берилган. Жумладан:
А.В.Гурский (1957) “Интродукция деганда истаган ўсимлик (маҳаллий ёки бошқа флора вакили бўлса ҳам), уни маданийлаштирилиши тушунилади.
Интродукция терминига СССР ботаника боғлари Кенгаши томонидан қуйидагича таъриф берилган. “Интродукция – бу инсоннинг маълум ҳудудда илгари табиий ҳолда учрамаган, узоқ тараққиёт босқичида бошқа табиий географик муҳитда, жумладан бошқа иқлим кўрсаткичларига эга маҳаллий флорада ўсган ўсимлик (туркум, тур, нав ёки шакл)ни янги муҳитга олиб кириш бўйича онгли фаолиятидир” (Понятия, термины, 1971)
Иқлимлаштириш (акклиматизация) – организмнинг янги иқлим шароитига мослашишидир.
Бу ўсимликнинг ўзгарган муҳит шароитига реакцияларининг йиғиндиси ёки интродукция шароитида инсон фаолиятининг таъсиридир.
Иқлимлаштириш икки йўналишда амалга оширилиши мумкин:
1) организмдаги модда алмашинувининг ўзгариши. Бундай ўзгариш (модификация) авлоддан авлодга ўтмайди ва организмнинг меъёрий реакцияси билан белгиланади. Бу ҳолатда натурализация юзага келади (масалан, аксарият бегона ўтлар ва зарарли ҳашаротлар генотипнинг реакция меъёри кенглиги туфайли ер шарининг истаган жойида эркин тарқала оладилар). Бунда популяциянинг генетик тузилиши ёки турлар ўзгармайди.
2) Турнинг генетик тузилиши ўзгаради. Бу ҳақиқий иқлимлашиш бўлади.
Турнинг генетик тузилишини белгилайдиган ва иқлимлаштиришни таъминлайдиган омил бу табиий танлашдир. Онтогенезда иқлимлаштириш натижасини популяциялар генофондининг бойлиги белгилайди. Иқлимлаштиришда баъзан тасодифий мутациянинг аҳамияти ҳам бўлиши мумкин, лекин уларнинг такрорийлиги юқори эмас.
Иқлимлашиш организмни янги муҳитга ёки илгари йўқолиб кетган янги ҳудудга кўчириб ўтказганда содир бўлади (реакклиматизация).
Иқлимлашиш яшаш муҳити ўзгарганда кузатилади, масалан, ўрмон кесилган ёки иҳота дарахтзорлари экилганда, чўллар ўзлаштирилганда, ботқоқликлар қуритилганда содир бўлади. Бу ҳолатда айрим турлар бошқа жойга кўчиб кетади ёки нобуд бўлади, бошқалари янги шароитга мослашади, яъни иқлимлашади.
Маданий ҳайвонлар ёки ўсимликлар турлари ҳам интродукция қилинганда иқлимлашиши мумкин (сунъий иқлимлашиш), шунингдек, ёввойи турлар ҳам (ҳайвонлар миграцияси ёки кўчиб юриши, одам томонидан ўсимлик ёки ҳайвонларни олиб келтирилиши, шамол таъсирида) табиий шароитга иқлимлашиши мумкин (табиий иқлимлашиш). Жуда қадимда ҳам кўчманчи қабилалар ўзлари билан фойдали ёввойи ўсимликлар уруғлари ва ҳайвонларни олиб юришган ва улар янги шароитга тушгач шу ердаги муҳитга иқлимлашган. Кейинчалик ҳайвон ва ўсимликларни тарқалишини савдо сотиқнинг ривожланиши ва транспорт воситаларининг пайдо бўлиши тезлаштирган.
А.В.Гурский (1957) “акклиматизация бу интродукция қилинган ўсимликни муайян жойда яхши ўсиб кетиши учун унинг биологиясини керакли томонга ўзгартириш устида олиб борилган тадбирлар мажмуасидир”, деб таъриф берган.
Собиқ Иттифоқ даврида ботаника боғларида иқлимлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Уларнинг натижаси ўлароқ чой дарахти, цитрус ўсимликлари, мой берадиган тунг дарахти, эвкалипт, камфар лаври, шарқ хурмаси, пальманинг бир қанча турлари Қора денгиз бўйларида ўстирила бошланди. Узум, сариқ гилос, ўрик ва шу каби мевали дарахтлар, манзаралилардан сохта каштан ва теракнинг бир неча тури шимолда ҳам ўстирила бошланди. Помир ботаника боғи фаолияти натижасида баланд тоғ шароитида кўплаб маданий ўсимликлар ўстириш бошланди. Чўл шароитида ҳам янги ўсимликларни ўстириш йўлга қўйилмоқда. Иқлимлаштириш натижасида манзарали ўсимликлар ассортименти бир неча баробарга кўпайди.
Натурализация термини фанга А.Декандоль (1855) томонидан киритилган. Уни турли муаллифлар турлича талқин қиладилар. А.Декандолнинг ўзи эса турнинг янги шароитга мослашишининг юқори чегараси бўлиб, бунда тур нафақат инсон ёрдамида бутун ҳаётий циклини тўлиқ ўтаб қолмай, балки ёввойилашиб маҳаллий флорага қўшилиб кетади ва улар билан бемалол рақобатга кириша олади, деб таъриф берган. Худди шу фикрни бошқа муаллифлар ҳам билдиришган (Малеев, 1933; Базилевская, 1964; Харкевич, 1966 ва бошқ.).
Н.А.Бородина (1982) ёзади: ўт ўсимликларида уруғидан кўпайтириш уларнинг мослашиш қобилиятини очиш имкониятини беради. Кўп йиллик поликарп ўсимликлар ҳар йили уруғ беради, улар турли метеорологик шароитларда ташқи муҳит билан доимий алоқада бўлади ва бу даврда катта миқдорда олинган репродукцияларда уларнинг жуда кўплаб имкониятлари рўёбга чиқади. Шундай қилиб, кўп йиллик ўсимликлар ўзларидаги генотипнинг барча имкониятларини тўлиқ намоён эта оладилар.
“Реинтродукция” деганда қайтадан тиклаш тушунилади, яъни ўсимлик муайян ҳудудда қачонлардир ўсган ва турли сабабларга кўра бу ердан йўқолиб кетган. Уни илгари ўсган ҳудудда қайтадан тиклаш бу реинтродукция дейилади.
“Ex-situ да сақлаш” деганда биологик хилма-хиллик таркибини ўсимлик табиий ареалидан ташқарида сақлаш тушунилади.
“In-situ да сақлаш” деганда биологик хилма-хиллик таркибини ўсимликнинг табиий ареали доирасида сақлаш тушунилади.
“Иқлимлаштириш” деганда - (лотинча klima - иқлим га) организмнинг янги иқлим шароитига мослашиши тушунилади.
“Натурализация” деганда эса интродукция қилинган ўсимлик турининг янги шароитга инсон аралашувисиз тўлиқ мослашиб кетиши, ҳаётий фазаларни тўлиқ ўташидан ташқари, табиий ҳолда кўпайиши, маҳаллий ўсимлик турлари билан эркин рақобатга кириша олиши ва табиий флорага сингишиб кетганлиги тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |