Амир Темур даврида ўсимликлар интродукцияси ва ободончилик ишлари.
Ўз замонида буюк империя яратган Амир Темур юртининг шаҳарлари – Самарқанд, Шаҳрисабз ва Ҳиротларнинг ташқи қиёфасини кўркам қилиш ва уларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратган. У шаҳарларнинг қиёфаси мамлакат қудратининг кўзгуси, деб ҳисоблаган. Луи Гонзалеса де Клавихонинг “Испания элчисининг Амир Темур саройидаги кундаликлари”ида, Шарофиддин Али Яздий ва Ибн Арабшоҳ асарларида, Заҳириддин Муҳаммад Бобур кундаликлари ва бошқаларда Амир Темур давридаги ободонлаштириш ишлари яққол акс эттирилган.
Амир Темур салтанатнинг пойтахти қилиб танлаган Самарқанд шаҳрини ободонлигига алоҳида эътибор қаратган. Шаҳар ичкарисида маҳобатли саройлар қурилган, улар бугун дунё аҳлини ўзига жалб қилмоқда, шаҳар ташқарисида эса ажойиб чорбоғлар яратган. Чорбоғларнинг умумий майдони шаҳарнинг ўзини майдонидан бир неча баробар катта бўлган.
Темур тузукларида шундай дейилади: “Мен ҳузуримга врачлар, астрологлар ва бинокорларни чорладим, чунки бу инсонлар давлатнинг қудратини таъминлайдилар.... Бинокорлар менга мен барпо қилган маҳобатли бинолар ва мен қурган ажойиб боғларнинг тархларини чизиб бердилар”.
Бу сатрлар шундан далолатки, Амир Темур даврида бу ишлар билан мутахассислар шуғулланишган. Боғ-парк мажмуалари чорбоғлар, деб аталган. Бу тўртта боғ дегани. Чунки қуёшга томон қаратиб қурилган бу боғлар тўртбурчак шаклда ва 4 та қисмдан иборат бўлган. Аллея ва каналлар боғнинг қисмларини бир-биридан ажратиб турган. Боғнинг атрофи баланд девор билан ўралган бўлган. Боғнинг маҳобати эса ҳайратланадиган даражада бўлган. Масалан, Боғи-Дилкушо ва Боғи-Навларнинг майдони бир квадрат километрни ташкил қилган (манбаларда 1500х1500 газ, дейилган). Бу 100 гектар майдон. Чорбоғлар одатда шаҳардан ташқарида, бозорлар, расталар ва косибларнинг шовқин-суронларидан узоқда, тинч ва осуда жойда яратилган. Амир Темур Кастилия қиролини айнан Боғу-Дилкушода қабул қилган.
Манбаларда Амир Темур томонидан барпо этилган боғларнинг номлари келтирилади. Булар: Боғи-Беҳишт, Нахши-Жаҳоннома, Бедана қўриқ; Давлат-Обод боғи, Боғи-Жаҳоннома, Боғи-Нав, Боғи-Чинор, Боғи-Бўлда, Боғи-Дилкушо ва бошқалар.
Де Клавихо ўз кундаликларида ёзади: Бутун шаҳар (Самарқанд) боғлар ва узумзорлар билан ўралган, айрим жойларда уларнинг узунлиги бир ярим лига (1 лига – 4,82 км), бошқа жойларда икки лигага тенг. Шаҳар эса уларнинг ўртасида жойлашган. Шаҳар четидаги бу чорбоғларда катта кичик иншоотлар қурилган, жаноб (Темурбек) ўзи учун бу жойларда сарой ва бош мавзолей қурдирган. Булардан ташқари бу чорбоғларда бадавлат одамларнинг ҳам ўз уйлари ва бинолари бор. Бундай боғ ва чорбоғлар шаҳар теграсида шунчалар кўпки, унга келаётганда сен бутун бошли йирик ўрмонни кўрасан. Ичкарига кирганингда эса, уларнинг ўртасида шаҳарнинг ўзи турибди.
Самарқанддаги бу боғлар ва чорбоғлар халқ ва кенг жамоатчилик оғзида афсонавий боғлар, деб таърифланган. Биргина Самарқанднинг ўзида Амир Темур даврида жамоатчилик томонидан фойдаланиш учун 11 та боғ-парк мажмуаси яратилган. Хусусий боғларда фақат хос одамларгини кириши ва ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган. Амир Темур боғларида эса, унинг ўзи Самарқандда бўлмаган ёки ҳарбий юришлар даврида, улардан кенг жамоатчилик бемалол фойдаланишига рухсат этилган.
Академик В.В. Бартольд ёзади: “Темур томонидан ажойиб боғ-роғлар ва муҳташам бинолар қурилган.... Умуман экин экиш мумкин бўлган бирор ер бекор ётмаган”. Темур даврида Самарқанд ва Шаҳрисабздаги деярли ҳамма ҳовлидан ариқ ўтар эди.
Бу даврда Ўрта Осиёда энг кенг тарқалган экинлардан бири гуруч бўлиб, Амир Темур замондошларидан бирининг қайд этишича, Самарқанд томонларда “бениҳоя кўп” эди.
Темур ва темурийлар даври Мовароуннаҳрда техник экинлардан пахта муҳим ўрин тутган. Тарихчилар қайд этишича, у Самарқанд яқинидаги ерлар, Балх атрофи, Шаҳрисабз яқинидаги суғорилма ерлар ва бошқа жойларда етиштирилган.
Мовароуннаҳр қишлоқлари ва кўпгина шаҳарларида пахтадан ип-газлама тайёрланиши, шунингдек, кўпчилик ҳунармандларнинг пахтадан муайян газлама тури тайёрлашга ихтисослашгани бу экинни ҳамма жойда етиштириш кенгайганидан гувоҳлик беради. Қишлоқликлар ўз эҳтиёжидан орттириб, бу матоларнинг бир қисмини кенг истеъмолчилар – шаҳарликлар ва саҳро аҳолиси орасида сотиш мақсадида ҳам ишлаб чиқарган.
Темур Мовароуннаҳрда баъзи янги тур ўсимликларнинг тарқалишига кўмак берди. Афтидан, илк бор айнан Темур ҳукмронлиги чоғида зиғир экиш пайдо бўлди. Клавихо хабар беришича, Темур юриши натижасида Мовароуннаҳрда наша ва зиғир экила бошлаган. Мазкур экинлар “илгари бу ерда сира экилмаган”, деб ёзади Руи Гонсалес де Клавихо.
Тут дарахти, асосан ипак қуртларини кўпайтириш ва боқиш учун экилган. Бу дарахтлар меваси, қишда қуритилган ҳолда ҳам истеъмол қилинган. Тут кўчати одатда суғориш каналлари, ариқлар бўйига экилган.
Бўёқ олинадиган ўсимликлар, жумладан қизил ва сариқ ранглар олишда фойдаланилган рўян ўсимлиги етиштирилган.
Боғ ва узумзорлар катта ерларни эгаллаган. Олма, нок, анор, шафтоли ва бошқа меваларнинг хилма-хил турлари ҳақида кўплаб асарларнинг муаллифлари ёзади. Бу боғлар Самарқанд, Тошкент, Шаҳрисабз, Термиз ва бошқа шаҳарларни қалин девор каби ўраган эди. Зайниддин Восифий Тошкент боғларида барқ уриб ўсган гул ва дарахтлар латофатини куйлаган.
Асарлар муаллифлари қайд этган цитрус экинлар эътиборни тортади. Амир Темур буйруғи билан ташкил этилган боғда лимон ўстирилган, аниқ материалларнинг кўрсатишича, у бошқа замонларда ҳам етиштирилган. Масалан, деярли бир ярим асрдан сўнг Баҳриддин Кашмирийнинг маълумотича, Бухоронинг Жўйбор деган жойида лимон, хурмо ва шамшод дарахти ўсган.
Қишлоқ хўжалигида полиз экинлари катта ўрин тутган, улар “бутун дунёга энг яхши ва энг мўл-кўл” деб ҳисобланган. “Мовароуннаҳрнинг ҳеч бир ерида Бухорочалик кўп ва аъло қовун етиштирилмаган”, деб ёзганди кейинчалик Бобур. “Мири Темур” деб аталган ва Бухороникидан ширинроқ ҳисобланган қовун навининг етиштирилиши, эҳтимол, Темур номи билан боғлиқдир. “Фарғона Ахсисида “Мири Темур” номли Бухороникидан тотли ва нафис қовун нави бор”, деб ёзади Бобур. Хоразм қовунлари, айниқса кўк тарнай нави жуда ажойиб бўлган.
Амир Темур даврида унинг ватани Кеш шаҳри “Шаҳрисабз”, яъни “Яшил шаҳар” номи билан атала бошланган. Бу шаҳар ҳозирда ҳам шу ном билан аталади ва ўзининг яшиллиги билан машҳур. Ҳатто унинг бу сифатларига шеърлар битилган ва қўшиқлар ёзилган. Ялла ансамбли артистларининг “Шахрисабз, Шахрисабз, зеленый город мой родной” сўзлари билан бошланган машҳур ашуласи бунга битта мисол.
Деҳқончилик, ўсимликларни етиштириш ва дарахтларнинг турли хилларини ўстириш ҳамда парваришлаш сир-асрорлари оддий деҳқонлар ўзларининг кундалик юмушида ўзлаштирганлар ва авлоддан авлодга қолдирганлар. Олиму-уламолар томонидан бу тажриба ва кўникмалар тўпланган, умумлаштирилган ва тартибга солиниб, илмий талқинлар яратилган.
Хусусан, Фозил Хиравийнинг “Иршод аз-зироат” (Деҳқончиликка йўриқномалар) асари Ўрта Осиёнинг XIV–XV асрдаги маданий ўсимликлар етиштириш агротехникаси ва манзарали боғдорчилик санъатининг барча ютуқларини ўзида жам қилган. Унда “Кўчатлар, гуллар, дарахтлар, хушбўй ўтларни экиш, чорбоғ яратиш ва уларни барпо қилиш тартиби” номидаги махсус боб бўлган.
Бу асар XV асрнинг 70-80 йилларида Ҳиротда қайта кўчириб ёзилган ва халққа ғамхўрлиги ва жамотчилик жойларидаги ободончилик ишларига миннатдорчилик рамзи сифатида Алишер Навоийга бағишланган.
“Иршод аз-зироат” да чорбоғлар яратишда экиладиган гул навларини шундай танлаш лозимки, бири очилиб бўлганидан кейин, иккинчиси гуллашни бошласин, деб кўрсатилган. Шундай қилинганда клумбада гуллар эрта баҳордан кеч кузгача очилиб туради. Манзарали ва мевали дарахтларни экиш қоидаларига ҳам катта аҳамият берилган.
Мевали дарахтларни фақат меваси учун экиш керак эмас, деб кўрсатилган ушбу йўриқномада. Бир вақтнинг ўзида улардан эстетик завқ олишда ҳам фойдаланиш лозим: “уларнинг қордек оппоқ, новот ва пушти ранглардаги гуллари баҳорда; ям-яшил бўлиқ барглари орасидан кўриниб турадиган сариқ-қизғиш ва қизил рангдаги мевалари ёз ва эрта кузда; тўқ-қизил ва олтин рангидаги барглари эса кеч кузда боғларига такрорлаб бўлмас ажиб манзара кашф этсин”, деб ёзилган.
Йўриқномадан чорбоғларни суғоришнинг кенг тизимини яратиш ва ҳудудда бассейнлар қуриш бўйича илмий тавсиялар ўрин олган.
Афсуски бу даврда Ботаника фани яхши ривожланмаган, ўсимликларнинг барчасига илмий номлар берилмаган, улар ҳар жойда ҳар хил аталар эди. Шу сабабдан бизгача уларнинг илмий номлари етиб келмаган. Чунки антик даврда яшаб ўтган Теофрастдан кейинги ботаниканинг иккинчи отаси, деб тан олинган буюк швед олими, ўсимликлар систематикасининг асосчиси Карл Линней 1707 йилда, яъни Амир Темур вафотида 302 йил ўтгандан кейин дунёга келган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |