Вақтни ҳис қилиш. Айрим спорт турларида муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан бажариладиган хатти-ҳаракатларни муайян вақт оралиғида аниқ бажара олиш қобилиятига боғлиқ. О.А.Черникова ўтказган тадқиқот натижаларига кўра вақтни ҳис қилиш хатти-ҳаракатларни ўз вақтида ва жуда аниқ бажаришни идрок этишдан ва бу хатти-ҳаракатларнинг изчиллигидан иборатдир. Югуриш, чанғида юриш, сузиш, эшкак эшиш ва бошқа муайян цикллар, туркум машқларни бажариш чоғида вақтни ҳис этишнинг ўзига хос жиҳати, ҳаракат суръати ва ритмини ҳис эта олиш қобилиятидан иборат бўлади. Бунда мушак – ҳаракат сезгилари асосий ва муҳим аҳамият касб этади.
Зеро улар қуйидагиларни ўзида ифодалайди:
а) бажарилаётган хатти–ҳаракатларнинг суръатини;
б) уларнинг бир хил изчилликда алмашиниш тезлигини;
в) мушакдаги зўр беришларнинг тафовутини;
Вақтни ҳис этишда кўриш анализатори ҳам муайян рол ўйнайди. У югурувчига уни теварак-атрофидаги буюмлар ва бир-бири билан изчил равишда алмашиб турган турли тимсолларни идрок этиш йўли билан югурувчининг фазодаги бир жойдан иккинчи жойга кўчиш тезлигини белгилаб беради.
4. Ихтисослаштирилган идрокларнинг психологик
хусусиятлари
Ихтисослаштирилган идрок бу ўзига хос мураккаб ва комплекс идрокдир. Унинг шаклланиши узоқ вақт давом этади, жумладан, мазкур китоб муаллифининг илмий тадқиқотларига кўра, ҳатто терма жамоа азъоларида ҳам, масалан қиличбозларда “масофани ҳис этиш” туйғуси 4-5 йиллик машғулотлардан сўнг ҳосил бўлади, велосипедчиларда эса “вақтни ҳис қилиш” туйғуси 3-6 йилда шаклланади (М.А.Турсунова). Ушбу идроклар шаклланишининг бундай узоқ муддатга чўзилиши икки сабаб билан изоҳланади. Бир томондан уларнинг мураккаблиги бунга сабаб бўлса, иккинчи томондан мураббийларнинг ушбу ўта муҳим психик функцияни ривожлантиришга мақсадли равишда таъсир этмаслигидир. Бу ҳолат эҳтимол, уларнинг намоён бўлиш белгилари етарли даражада ишлаб чиқилмаганлиги туфайли уларни объектив назорат қилиш йўқлиги билан изоҳланади. А.Ц.Пуни ҳам ўз тадқиқотлари натижасида шуни таъкидлаган. Унинг ёзишича, мазкур идрокнинг ривожланишига таъсир кўрсатиш учун биринчи навбатда уларнинг содир бўлиш механизимини яхши билиш керак бўлади, шу сабабли ҳам ихтисослашган идрокларнинг алоҳида спорт турлари учун ҳос бўлган механизмларини ойдинлаштириш, аниқлаштириш учун тажриба тадқиқотларининг натижаларига эҳтиёж сезилади.
Ихтисослашган идрокни тадқиқ этишга бағишланган тажриба тадқиқотлари сифатида Б.М.Шченин, Ю.Б.Никифоров, З.Г.Гаппаровларнинг илмий ишларини келтириш мумкин.
“Вақтни ҳис этиш”нинг бошқа бир белгиси сузувчиларни ўрганиш жараёнида аниқланган (З.Г.Гаппаров) бу борада тадқиқотчи қуйидаги услубдан фойдаланган: сузувчи беш маротаба 100 метрлик масофани сузиб ўтган
• Ўзи учун қулай суръатда;
• Қулай суръатдан бир оз секинроқ;
• Қулай суръатдан бироз тезроқ;
• Энг юқори суръат билан;
• Дастлабки қулай суръат билан.
Олинган натижаларни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики юқори малакали спортчида дастлабки қулай сузиб ўтиш билан, 5 –чи бор сузиб ўтиш ўртасида сезиларли статистик фарқ йўқ, бошловчи спортчиларда эса ушбу иккала кўрсаткич ўртасида жуда катта фарқ кўзга ташланади. Бу шундан далолат берадики, юқори малакали спортчида узоқ йиллик машғулотлар жараёнида қулай сузиш суръати шаклланиб, бу унинг учун турли масофаларга сузиш чоғида вақтни ҳис этиш учун “ички таянч”, яъни мўлжал бўлиб хизмат қилади. Бунинг исботи сифатида, юқори малакали спортчининг биринчи қулай ҳамда ундан тезроқ ёки ундан сал секинроқ сузиб ўтиш кўрсаткичилари ўртасидаги фарқ у қадар сезиларли эмаслиги, бошловчи спортчиларда эса бу кўрсаткичлар оралиғидаги тафовут жудаям катта эканлигини айтиш мумкин. Бошқача сўз билан айтганда, бошловчи спортчилар, етарли даражада қулай сузиш суръатини шакллантирмаганликлари сабабли, бироз тезроқ ёки бироз секинроқ сузиб ўтиш жараёнида юқори малакали спортчилардан фарқли ўлароқ, ўта эҳтиёткорлик қиламан деб жуда катта фарқ билан сузиб ўтадилар.
Бокс ва қиличбозликда масофани ҳис этиш маҳсус ишлаб чиқилган услублар асосида амалга оширилади. Ю.Б.Никифоров ўзиниг боксчиларда олиб борган “ораликни ҳис этиш” бўйича тадқиқотларида чизғич ва рейкадан фойдаланган. Бунда тажрибада иштирок этаётган спортчи чизғичли рейкага ўз масофасига яқинлашиши керак бўлади. Шундан сўнг, у кўзларини юмиб қўлларини чўзади. Спортчининг муштидан чизғич бўйлаб унинг шахсий масофасининг аниқлиги сантиметрларда ўлчанади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу усул бўйича юқори малакали спортчилар бошловчи спортчиларга нисбатан чизғичли рейкагача бўлган ўз масофаларини аниқроқ топганлар. Уларнинг ўртача хатолари, бошловчи спортчиларникига нисбатан 2,4 маротаба камроқ бўлган. Ҳудди шундай қонуният ҳаракатдаги нишон (осиб қўйилган боксчилар қопи)гача бўлган масофани идрок этишда ҳам аниқланди, бунда тажрибага жалб этилган спортчилар қоп ҳаракатланиб турганда унгача бўлган ўз масофаларини топишлари керак эди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тайёргарлик машқларининг дастлабки босқичида бошловчи қиличбозларда махсус машқлар ёрдамида одатий масофани шакллантиришга интилиш уларнинг манёврлар қилиш жараёнида ўз масофаларини фарқлай олиш қобилиятини яхшилайди. Қолаверса одатий масофани шакллантириш нафақат масофаларни аниқ фарқлашга балки, йўл қўйиладиган хатоларга ҳам таъсир кўрсатади, яъни спортчиларда “оралиқни ҳис қилиш”нинг барқарорлиги яхшиланади ва улардаги фазода ўз хатти-ҳаракатларни аниқ ҳисоблай билиш қобилияти такомиллашади (З.Г.Гаппаров)
Do'stlaringiz bilan baham: |