2. Ихтисослаштирилган идрокнинг физиолигик
асослари
Жисмоний машқни бажаришда иштирок этаётган спортчилар анализаторларининг таҳлил қилувчи ва фарқловчи фаолияти ихтисослаштирилган идрокнинг физиологик асослари бўлиб ҳисобланади.
Ихтисослаштирилган идрок анализаторлар комплексининг фаолияти асосида амалга ошади. Шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир спорт туридаги ихтитисослашган идрок турли анализаторларнинг фаолиятига асосланади. Масалан, “тўпни ҳис қилиш” асосан кўриш, мушак-кўриш, вестибуляр ва бошқа анализаторлар орқали амалга ошади. Бироқ, ихтитисослашган идрокда иштирок этувчи анализаторлар қанчалик кўп бўлмасин, улар орасида мушак-ҳаракатланиш анализатори етакчи бўлиб қолаверади. Шуни айтиб ўтиш керакки, хар бир спорт туридаги ихтисослаштирилган идроклар хар хил анализаторларнинг фаолиятига асосланади.
Ихтисослаштирилган идрокнинг шаклланиш жараёнида анализаторларнинг етакчилик ҳолати ўзгариши мумкин. Масалан, қиличбозлар ва боксчиларда дастлаб етакчи ўринда мушак-харакатланиш анализатори бўлса, яъни у ўз масофасини топиб олиш учун спортчига ўзига хос “пайпаслагич” вазифасини ўтаса, бироз фурсат ўтиб энди бу масофа кўриш анализатори билан хотирада қолади, кейинроқ эса кўриш – мотор координациясига (мувофиқлаштирувчисига) айланади.
Ихтисослаштирилган идрокнинг физиологик механизмлари асосида “образ – эталонлар”, яъни тимсол қолиплар, кўринишда намоён бўлувчи асаб алоқалари, яъни стереотипларидан таркиб топган ўзига хос бирикма ётади. Бу образ — эталонлар турли спортда турлича кўринишга эгадир. Масалан, қиличбозликда узоқ муддатли машғулотлар жараёнида спортчиларда ўз масофалари эталони ташкил топади, фигурали учиш бўйича шуғулланувчи спортчиларда эса одатий айланишлар, баландликка сакрашда эса ритмни ва суръатни ҳис этиш эталонлари шаклланади.
3. Ихтисослаштирилган идрокнинг тавсифи
Айрим ихтисослашган идрок турларини ўзаро қиёслаш учун уларнинг қисқача тавсифи.
Сувни ҳис этиш (идрок этиш). Ушбу ихтисослашган идрокнинг таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур идрок сувда бирор бир ҳаракатни қилаётганда сувнинг қарама-қаршилигини нозик тарзда ва фарқли ҳис этишдан иборатдир. (С.А.Жекулин) Сувни ҳис этишнинг асоси бўлиб бир-бирига боғлиқ бўлган иккита идрокнинг фаолияти хизмат қилади. Яъни улар: ҳаракат ва тактил идроклардир. Ҳаракат сезгилари эшкак эшиш ҳаракатларини бажариш чоғида зўр беришларнинг йўналиши ҳамда амплитудаси ҳақида маълумот беради. Спортчилар тактил сезги ёрдамида сувнинг танага тегиши ва унинг қаршилиги ҳақида маълумотга эга бўладилар. Бунда сузиш усулига кўра сувнинг қаршилиги сузувчининг олдинга ҳаракатланишида энг асосий вазифани берувчи тана аъзолари томонидан кўпроқ ҳис этилади. Сузувчиларнинг ўзи уни сувга таяниш туйғуси деб ҳам атайдилар. “Агар сизда сувни ҳис қилиш туйғуси бўлса, дейди спортчилар, сиз ўзингизни сувга таянгандек ҳис этасиз. Агар сувни ҳис этиш идроки бўлмаса, қўлларингиз гўёки сувга ботиб кетгандек туюлади. Сузиш техникаси қанча такомиллашган бўлса, сувни ҳис қилиш туйғуси ҳам шу қадар яққолроқ намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |