Шоли дунёда энг кенг тарқалган экинлардан ҳисобланади. МДҲ мамлакатлари ҳудудида ҳам шоли кўп миқдорда етиштирилиб, унинг асосий майдонлари Марказий Осиё республикалари, Кавказ орти, Шимолий Кавказ, Приморье ўлкаси, шунингдек, Волга, Дон, Днепр, Буг ва Дунай дарёларининг қуйи қисмида жойлашган.
Шоли иссиқсевар, ёруғсевар ва сувга талабчан экин, сувга ўта талабчан. Муҳити мўътадил ва мўътадилга яқин тупроқларда яхши ўсади. Кучсиз нордон ва кучсиз ишқорий тупроқларда ҳам шолидан юқори ҳосил етиштириш мумкин. Бу экин чириндига бой, гранулометрик таркиби ўрта ва оғир соз ҳамда лойли тупроқларда яхши ривожланади. Енгил тупроқлар шоличилик учун яроқсиздир. Вақти-вақти билан сувга бостирилиб турилганлиги сабабли тупроқда кўпроқ анаэроб жараёнлар содир бўлади. Илдиз ризосфераси атрофида аэроб микрофлора (нитрификацияловчилар, азотобактер, сульфофиксацияловчилар) иштирокида оксидланиш жараёни ҳам кетади. Кислород илдиз ва ризосферага баргдан ўсимликнинг биологик хусусиятига хос куч билан ҳайдаб берилади.
Сувга бостирилгандан кейин бир кеча-кундуз ўтгач, тупроқдаги азот буткул йўқолади, беш-олти кундан кейин эса, қайтарилиш жараёни кучайиб кетади. Тупроқда ҳосил бўладиган бир ярим оксидлар (R2O3) ўсимликлар учун ўта зарарлидир. Лекин илдизнинг аэроб миттизонасида улар оксидланади, қисман чўкмага айланади ва ўсимликларни озиқланиши учун яроқли, зарарсиз озиқланиш манбаига айланади.
Озиқ элементларининг ютилишига тупроқда ҳосил бўладиган водород сульфид айниқса кучли салбий таъсир кўрсатади. Уни мўътадиллашишида Fe2O3 нинг хизмати катта, қайсики, ўсимликлар учун зарарсиз FeS ни ҳосил қилади.
Шоли асосан аммиак шаклидаги азот билан озиқланади, чунки нитрат шаклидаги азот чеклар сувга бостирилгандан кейин 5-6 кун ўтгач тупроқдан буткул йўқолади. Шоли пайкалида ўсадиган кўк-яшил сув ўтлари ўсув даврида гектарига 20 кг дан 200 кг гача азот ва бир тоннага яқин органик модда тўплайди. Бир тонна шоли ҳосили билан (шунга мос миқдордаги пахоли билан) тупроқдан ўртача 22 кг азот, 10 кг фосфор ва 30 кг калий олиб чиқилади.
Шолининг мурғак ниҳоллари тупроқдаги тузлар концентрацияси хлоридли шўрланишда 0,1% дан, сульфатли шўрланишда эса 0,2% дан ошиб кетганда зарарланади. Улғайиб қолган ниҳолларга тузлар концентрациясининг 0,7% га етиши ҳам унчалик таъсир кўрсата олмайди.
Шоли ёнламасига тармоқланган, ютиш қобилияти унча кучли бўлмаган попук илдиз тизимига эга. Илдизларининг таҳминан 80% и тупроқнинг устки 4-6см қатламида жойлашади. Шолининг ҳосили ва гуручнинг сифати навнинг биологик хусусиятлари ва ташқи муҳит шароитларига боғлиқ. Мазкур шароитлар ичида айниқса минерал озиқлантиришнинг аҳамияти катта. У азотга жуда талабчан бўлиб, ўсув даврининг бошидан охиригача ўзлаштиради. Азотнинг ўзлаштирилиш жадаллиги ниҳоллар улғайгани сари (сўнгги барг пайдо бўлгунга қадар) ортиб боради, сўнгра кескин камаяди. Азот танқислиги шароитида ниҳолларнинг ривожланиши секинлашади, барглари сарғая боради, фотосинтез ва шохланиш сустлашади, рўваклар кам донли бўлиб, ҳосилдорлик сезиларли даражада пасаяди.Ўтказилган тадқиқот маълумотларига қараганда, азотли ўғитлар меъёрининг ортиб бориши қонуний равишда шоли ҳосилдорлигини оширади. Гектарига 150-200 кг азот киритиш шоли учун энг мақбул миқдор ҳисобланади.
Қозоғистон шоличилик илмий-тадқиқот институти олиб борган тажрибаларда турли шаклдаги азотли ўғитлар, ҳар хил усул ва муддатларда қўлланилганда, гуручнинг сифат таркибини ўзгариб бориши кузатилган (17-жадвал). Экиш олдидан бериладиган аммоний сульфат ва мочевина гуруч таркибидаги оқсил миқдорини бир хилда оширган. Қўшимча озиқлантириш амалга оширилган вариантларда эса, мочевина кўпроқ самара бериши эътироф этилган. Гуруч сифатига фосфорли ўғитлар ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Ниҳоллар ўсув даврининг бошларида фосфорга жуда талабчан бўлади. Фосфор етишмаган ҳолларда ўсимлик танасидаги оқсил алмашинуви жараёни бузилади, илдиз тизими кучсиз ривожланади ва оқибатда ҳосилдорлик кескин камайиб кетади.Олиб борилган бир қатор дала тажрибаларида фосфорли ўғит меъёри ортиб боргани сари гуручнинг шишасимон ялтироқлиги ва солиштирма оғирлиги ҳам ортиб бориши аниқланган.
17-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |