11-жадвал
Ўтмишдош экин асосида пахтага бериладиган азот меъёрига тузатиш киритиш
Агрофон
|
Ҳосил,
ц/га
|
Йиллик
азот меъёри,
кг/га
|
Тузатиш
коэффи
циенти
|
Азотнинг тузатилган меъёри, ц/га
|
1. Маккажўхоридан
кейин
|
30
|
250
|
1,2
|
300
|
2. Бедапоя бузилгач:
1-йил
2-йил
3-ва ундан кейинги йиллар
|
30
30
30
|
250
250
250
|
0,6
0,8
1,0
|
150
200
300
|
Маълумки, азотли ўғитлар экишгача, экиш билан бирга ва қўшимча озиқлантириш сифатида қўлланилади. Экишгача (эрта баҳорда чизеллаш пайтида) йиллик азот меъёрининг 20-25 кг миқдори (8-10% и) берилиши мумкин. Бунда азотли ўғит баҳор фаслидаги ёғин-сочин таъсирида эриб, тупроқнинг 30-50 см қатламига ювилади, қайсики, ниҳолларнинг илдиз тизими орқали осонликча ўзлаштирилади. Кўп ҳолларда азотли ўғитларнинг бир қисми тупроққа экиш билан бирга киритилади, лекин унинг миқдори гектарига 20-25 кг дан ошиб кетмаслиги лозим, акс ҳолда чигит атрофидаги азотнинг концентрацияси ортиб кетиши ҳисобига уларнинг униб чиқиши кечикади.
Ғўза ниҳолларини қўшимча озиқлантиришлар сони азотнинг йиллик меъёри ва тупроқ шароитларига боғлиқдир. Йиллик азот меъёрининг экишгача ва экиш билан бирга берилгандан кейин қоладиган қисмини ривожланишнинг 2-3 чин барг, шоналаш ва гуллаш даврларида тенг миқдорларда тақсимланиши мақсадга мувофиқдир. Сўнгги қўшимча озиқлантириш июль ойининг биринчи ўн кунлигидан кечиктирилмаслиги лозим, чунки кеч муддатларда киритилган азотли ўғитлар ғўзани “ғовлаб кетиши”га, ҳосил миқдорининг камайиши ва пишишининг кечикишига сабаб бўлади.
Пахтадан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда фосфорли ўғитларнинг аҳамияти катта. Кўп сонли дала тажрибалари маълумотларининг кўрсатишича, фосфорли ўғитлар ҳисобига бўз тупроқларда 2-3 ц/га, ўтлоқи тупроқларда 3-5 ц/га, айрим аллювиал тупроқларда эса, 6-7 ц/га қўшимча пахта хосили олиш мумкин.
Ғўзага фосфорли ўғит йиллик меъёрининг қисми тупроқни асосий ишлаш даврида берилади. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, бўз тупроқларда, ўтлоқи тупроқларда ҳам, ўғит таркибидаги фосфор тезда қийин эрийдиган кальций фосфатларга айланади. Иккинчидан, ниҳоллар униб чиққандан кейин қисқа муддатда (10-12 кун ичида) ғўзанинг асосий илдизи тупроқнинг 40-50 см чуқурлигига тушиб улгиради. Шунинг учун ҳам кузги шудгор пайтида ерни 30-35 см чуқурликда ҳайдаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қўлланилаётган фосфорли ўғитларнинг самарадорлиги тупроқдаги ҳаракатчан шаклдаги фосфатлар миқдорига бевосита боғлиқ. Ҳаракатчан фосфор миқдори бўйича тузилган агрокимёвий хаританомаларнинг маълумотлари асосида фосфорнинг табақалаштирилган меъёрини белгилаш сезиларли иқтисодий самарадорликка эришиш имконини беради. Шунингдек, фосфорли ўғитлар меъёрини белгилашда режалаштирилган пахта ҳосили миқдорини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда бир центнер чигитли пахта учун фосфор сарфи 1,5 кг деб қабул қилинади. Тупроқдаги ҳаракатчан фосфор миқдори 15 мг/кг дан кам бўлганда, ғўзага белгиланган йиллик фосфор меъёри учта муддатда берилади: шудгор остига, экиш билан ва гуллаш даврида қўшимча озиқлантириш сифатида.
Республика пахтачилик институтида (собиқ СоюзНИХИ) ғўзага фосфорли ўғитни экиш билан бирга қўллаш бўйича турли тупроқ шароитларида 100 дан ортиқ тажриба ўтказилган. Тажрибалардан олинган натижалар ушбу тадбир асосида пахтадан ўртача 2,5-3,0 ц/га қўшимча ҳосил олиш имконияти мавжудлигини кўрсатган (12-жадвал). Ҳаракатчан фосфор миқдори 16-30 мг/кг атрофида бўлганда фосфорнинг йиллик меъёри икки муддатда; шудгор остига ва экиш билан бирга киритилиши мақсадга мувофиқ. Ҳаракатчан фосфор билан ўртача ва ундан юқори даражада таъминланган тупроқларда (бир кг тупроқда 31 мг дан кўп) фосфорнинг йиллик меъёри тўлалигича кузги шудгор остига киритилса, яхши иқтисодий самара беради (13-жадвал).
Республикамиздаги пахта етиштириладиган хўжаликларнинг тупроқлари ялпи калий билан азот ва фосфорга нисбатан яхши таъминланган. Лекин пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосили билан тупроқдан кўп миқдорда калийнинг олиб чиқиб кетилиши натижасида ўсимликлар томонидан осон ўзлаштириладиган калийнинг миқдори кескин камаяди, қайсики, калийли ўғитларни қўллашни тақазо этади.
Тупроққа азотли ва фосфорли ўғитлар кўп миқдорда киритиладиган ерларда, шунингдек, ғўза-беда алмашлаб экиш шароитида экинларнинг калийга бўлган талаби кескин ошади.
12-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |