Помидорнинг вегетация даври 110-120 кун бўлганлиги сабабли одатда кўчат қилиб ўтқазиш йўли билан етиштирилади. Илдиз тизими попук илдиз бўлиб, тупроққа 100-130 см кириб боради.
Озиқ моддаларнинг ўзлаштирилиши бутун ўсув даврида бир текис бўлмай, асосий қисми мева тугиш даврига тўғри келади.
Ўсиш ва ривожланишнинг дастлабки босқичларида азот меъёрининг ошиб кетиши салбий помидорнинг ўсиш қисмларини тез ривожланишига, ҳосил органларининг эса ривожланишдан орқада қолишига олиб келади. Азотли ўғитлар меъёрининг ярми кўчатлар ўтқазилаётган пайтда, қолган ярми эса, кўчат ўтқазилгандан кейин бир ой ўтгач берилади. Азотга бой тупроқларга азотли ўғитлар ва гўнг киритиш яхши самара бермайди, аксинча, ўсимликларнинг касалликка чидамлилигини сусайтиради, мевалар сифатини пасайтиради.
Помидор ҳосилдорлигини ошириш, мева сифатини яхшилаш ва ҳосилнинг пишишини тезлатишда фосфорли ўғитлар муҳим аҳамиятга эга. Тупроқда калий етишмаса, ассимилятларнинг ҳаракати секинлашади, поя жуда секин ривожланади, баргларнинг чеккалари сарғиш-жигарранг тусга ўтади, буралиб, қуриб қолади.
Республикамиз ҳудудидаги аксарият тупроқлар алмашинувчан калий билан яхши таъминланганлиги сабабли, уларда калийли ўғитларнинг самарадорлиги юқори эмас. Суғориладиган бир кг бўз тупроқ таркибида 160-200 мг алмашинувчан калий бўлганда (кам таъминланган), бир га майдонга қўлланилган 100 кг калий (К2О) ҳосилдорликни 49 ц/га оширади. Қуруқ модда, қанд ва витаминларларнинг миқдори ҳам сезиларли даражада кўпаяди.
Кўчатларни ўтқазиш билан бир вақтда гектарига киритиладиган 10 кг азот, 20 кг фосфор ва 10 кг калий ниҳолларни дуркун ривожланишига, илдиздан ташқари пуркаладиган 2,5% ли фосфорли ўғит эритмаси мевани тезроқ пишиб етилишига олиб келади.
Помидорнинг ўсиб-ривожланиши ва ҳосилдорлигига бўр, марганец ва рух каби микроэлементлар ижобий таъсир кўрсатади. Айниқса бўр мевалардаги қанд моддаси ва С витамин миқдорини оширади. Бўр гектарига 3 кг миқдорда киритилади ёки 350 г миқдорида ўсимликларга пуркалади.
Микроэлементларни тўла минерал ўғит (NPK) меъёрлари билан биргаликда қўллаш помидор ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширади.
Пиёзни ўғитлаш
Пиёз ҳам тупроқ муҳитига сезгир экинлардан ҳисобланади (рН 6,0-7,0 бўлганда яхши ривожланади). Вегетация даври 90-105 кун. Илдиз тизими кучсиз тараққий этганлиги сабабли озиқ моддаларни кам ўзлаштиради.100 ц пиёзбош шаклланиши учун 30-50 кг азот 11-15 кг фосфор ва 30-40 кг калий сарофланади.
Озиқ моддалар ривожланишнинг дастлабки икки ойида жуда секинлик билан ўзлаштирилади. Энг кўп ўзлаштирилиш пиёзбошлар шаклланаётган даврга тўғри келади. Пиёзга бериладиган минерал ўғитларнинг йиллик меъёри режалаштирилган ҳосил ва тупроқнинг озиқ моддалар билан таъминланганлик даражасини эътиборга олган ҳолда, гектарига 100-150 кг азот, 100-150 кг фосфор, 75-90 кг калий қилиб белгилаш керак. Айни меъёрининг 2/3 қисми шудгор остига ва 1/3 қисми қўшимча озиқлантириш пайтида берилади. Азотнинг миқдори юқорида келтирилгандан ошиб кетса, пиёзнинг ўсиш даври чўзилади, вегетатив массасининг миқдори кўпаяди, пиёзбошлар юмшоқ бўлиб, сақланиш хусусиятлари ёмонлашади.Бундай салбий ҳоллар айниқса, фақат азот билан бир томонлама озиқлантирилганда рўй беради. Ўғитлар меъёрида қўлланилганда юқорида айтилган қусурлар кескин камаяди.
Фосфорли ўғитлар экиш олдидан гектарига 10-20 кг меъёрида киритилади. Вазият тақазо қилган ҳолларда қўшимча озиқлантириш ёзнинг биринчи ярмида амалга оширилади, чунки кечки қўшимча озиқлантиришлар пиёзбошларнинг етилишини секинлаштириб юборади.
Пиёз экиладиган майдонларга чириган ёки чала чириган гўнг киритилса, ҳосилдорлик сезиларли даражада ортади. Янги гўнг ишлатилганда ҳам ҳосилдорлик ошади, лекин бунда қишга ғамланадиган пиёзбошларнинг сақланиш хусусиятлари ёмонлашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |