Сабзи муҳим сабзавот экини бўлиб, олинадиган илдиз мева сифати бевосита қўлланиладиган ўғит меъёрларига боғлиқ.
Азотли ўғитлар илдиз мева таркибидаги каротин миқдорини оширади, оқсил алмашинувини яхшилайди, баъзи ҳолларда қанд ва қуруқ модда миқдорини камайтиради.Сабзи азот билан керагидан ортиқча озиқлантирилганда, илдизмева серсув бўлиб, ўзак қисми ксилема ҳужайраларининг одатдагидан тез ривожланиши натижасида ғовак бўлиб қолади. Илдизмева таркибида нооқсил шаклдаги азот кўп миқдорда тўпланади, натижада, замбуруғ ва бактерияларнинг тез кўпайиши учун қулай озиқланиш муҳити юзага келади, сақлаш учун ажратилган сабзилар чирийди, кўкариб нобуд бўлади.
Ўзбекистоннинг суғориладиган бўз тупроқли ерларида олиб борилган тажрибаларнинг натижаларига қараганда (Х.З.Умаров,1981) бир га майдонга 150 кг азот, 100 кг фосфор ва 50 кг калий киритилганда, сабзининг Сариқ Мирзои 304 нави уч йил давомида ўртача 277 ц ҳосил берган. Таркибидаги қуруқ модда 12,5% ни, қанд моддалари 7,4% ни, каротин 7,4% ни ва С витамини 6,4% ни ташкил қилган.
Азот миқдорининг янада оширилиши (гектарига 200 кг) маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатган. Ҳосил олти ой сақлангандан кейин унинг таркибидаги қуруқ модда ва қанд миқдори мос равишда 0,7 ва 0,4% га камайганлиги, табиий нобудгарчилик 1,5-2,0 марта ошганлиги аниқланган.
Фосфорли ўғитлар сабзи ҳосилининг ўзгаришига унча кучли таъсир кўрсатмайди. Фосфорли ўғитларнинг таъсири кўп жиҳатдан тупроқларнинг ҳаракатчан фосфор билан таъминланганлик даражасига боғлиқ. Меъёрида қўлланилган фосфорли ўғитлар сабзининг илдиз меваси таркибидаги қуруқ модда, қанд, каротин моддалар миқдорини сезиларли даражада оширади.
Сабзи ҳосили сифатининг ошишида калийли ўғитлар ўзига хос аҳамият касб этади. Тупроқда калийнинг танқислиги сезилганда, ўсимликлар танасида углевод алмашинуви бузилади, баргларда кўп миқдорда моносахаридлар тўпланади, реутилизация, фотосинтез жараёнлари ва шунингдек, оддий қанд моддаларининг мураккаб қанд моддаларига айланиши бузилади. Сабзидан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун ҳар га майдонга 50-75 кг калий (К2О) қўллаш тавсия этилади.
Бедани ўғитлаш
Алмашлаб экиш-дехқончилик маданияти даражасини белгилайдиган асосий омиллардан биридир. У тупроқ унумдорлигини доимо ошириб боришни, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали курашишни, экинлардан мўл ҳосил олишни кафолатлайди.
Ғўза ва бошқа экинларни етиштиришда беда тупроқ унумдорлигини тикловчи асосий экиндир.
Илмий текшириш институтлари ва илғор тажрибакорларнинг маълумотлари асосида суғориладиган майдонларда юқори даражадаги агротехникавий тадбирлар тизимини қўллаб, бедадан юқори ва сифатли ҳосил олиш мумкинлиги исботланган. Беда уч йил давомида битта майдонда етиштирилса, гектаридан 400-600 ц сероқсил пичан олиш мумкин, бунда ҳосилнинг асосий қисми иккинчи ва учинчи йилларга тўғри келади.
Беда пичани ва уруғининг ҳосилдорлигига минерал ўғитлар ўзига хос таъсир кўрсатади. Қўшимча ҳосилнинг асосий қисми фосфорли ўғитлар ҳисобига, камроғи калийли ўғитлар ҳисобига олиниши ҳам тажрибалар асосида исботланган.
Азотли ўғитлар беда ҳаётининг биринчи йилида, ҳали туганак бактериялар фаолияти жадаллашмаган пайтда, ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчи ва учинчи йилларда бериладиган азот аксинча,беда ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси пахтачилик институти (собиқ Бутуниттифоқ пахтачилик илмий тадқиқот институти) нинг Марказий тажриба базасида типик бўз тупроқлар шароитида алоҳида озиқ элементларининг беда ҳосилдорлигига таъсири ўрганилган (23-жадвал).
Бу маълумотлардан тупроққа фосфор ва калий биргаликда киритилганда, уч йил давомида ўғитсиз вариантга нисбатан гектаридан 55,7 ц қўшимча ҳосил олинганлиги кўриниб турибди.
23-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |