1.3. Синф раҳбарининг ўқувчилар жамоаси билан ишлаш усуллари.
Синф раҳбарининг иш усуллари – бу синф жамоалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ўқувчиларнинг онги ва ҳис – туйғуларига таъсир этиш усулларидир. Синф раҳбари тарбия усулларидан ўз иш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланади. Турли хил ўзаро боғланган мажмуани қўлланиш болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг маънавий қиёфаси, онги, эътиқоди, ахлоқий туйғулари ва хулқ атворини таркиб топтиришга ёрдам беради.
Синф раҳбари ўқувчиларни фаолиятга жалб этиши тарбия жараёнида алоҳида ўрин эгаллайди, бу фаолият уларнинг ижтимоий фаоллигини таркиб топтиради. Турли хил жамоа ишларида ўқувчи ишини ижтимоий мазмунига кўра билишга ўрганади, ўзининг тенгдошлари ва катта кишилар билан бўладиган муносабат доирасини кенгайтиради, маънавий бойликларни ўзлаштириб олади. Синф раҳбари иш фаолиятининг асосий вазифаси шахснинг ўз муносабатларини ва фаол ўрнини таркиб топтиришдан, шахсий туйғулар ва аҳлоқий хатти – ҳаракатларнинг муайян бир йўлини ривожлантиришдан иборатдир.
Синф раҳбарининг тарбиявий имкониятлари ўз – ўзидан намоён бўлмайди. Бунда муайян усулларни қўллаш зарур. Биз қуйида ана шу усуллардан энг муҳимларини кўриб чиқамиз.
Фаолиятнинг бирор бир мақсадга қаратилганлиги аввало барча ишларнинг шахснинг ижтимоий қимматли, ғоявий – аҳлоқий сифатларини тарбиялашга, синф жамоасининг мақсадга эришишга қаратилганлиги сифатида намоён бўлади. Бирор мақсадга қаратилганлик яна шунда ифодаланадики, фаолиятнинг ижтимоий аҳамиятли мақсади ўқувчиларнинг ўзлари томонидан қабул қилади, англаб олинади ва амалга оширилади.
Бирор мақсадга қаратилганлик ўқувчиларнинг фаоллиги ва мустақиллиги талаби билан мустаҳкам боғланган. Ижтимоий фаолиятда фаоллик кўрсатиш ҳар қайси ёшдаги ўқувчига хосдир. Кичик ёшдаги ўқувчи кўп нарса қилишни истайди, аммо ўзининг имкониятлари даражасини билмайди, етарли малака, сабот – матонат, қатъийликка эга эмас. Ўқувчиларни ишга аста- секин жалб қилиш, уларга кўпроқ мустақиллик бериш жамоа ҳаётининг мураккаблашиб борувчи меъёрларини эгаллаб олишига ёрдам беради.
Фаоликка ва мустақилликка таяниш ҳар қандай аниқ ишни ташкил этиш услубиётида асосий талаблардан бири сифатида намоён бўлади. Агар ўқувчилар бирор кечани ўтказишга қарор қилган бўлсалар, бу қарорга ўзлари келишган бўлишлари керак. У синф раҳбари томонидан танланган парчаларни шунчаки ёдлаш ва уни ўқиш билан алмаштирилмаслиги, балки кечани тайёрлаш жараёнидаги қизғин ва фаол ишлар давомида амалга оширилиши лозим. Ўқувчиларни жамоа ишига жалб қилиш йўли билан уларнинг онги ва хулқ – атворига таъсир этиш жараёни амалга оширилади. Агар ўқувчилар ўз ишларининг ижтимоий маъносини англасалар, қийинчиликларни енгиб ўтсалар, ижтимоий маъносини англасалар, қийинчиликларни енгиб ўтсалар, ижтимоий мақсадга эришсалар бу жараён самарали бўлади.
Ёрқинлик ва жўшқинлик талабидан келиб чиқиш синф раҳбари иш фаолиятига янгича руҳ ва мазмун бахш этади. Агар ўсмирлар олдида ёрқин, қизиқтирувчи мақсад бўлса, улар жуда кўп ишларни амалга оширишлари мумкин. Синф анъаналари ва байрамларини нишонлаш, тоғларга, шаҳарларга саёҳат қилиш қайси ўқувчини бефарқ қолдиради дейсиз? Гап болаларнинг кўнглини олиш, улар учун мумкин қадар кўпроқ байрамлар уюштиришда эмас, балки синф жамоасининг кундалик ҳаёти етарлича ёрқин ва жўшқин бўлишида, ижтимоий йўналиш олган фаолиятда қувончли кечинмалар пайдо бўлишидадир.
Ўқувчиларнинг ғоявий – ахлоқий жиҳатдан ўсиши, ижобий сифатларнинг таркиб топиши, шахснинг ривожланишидаги камчиликларнинг йўқотилиши – бу тарбиявий натижадир.
Синф жамоаси фаолиятига баҳо беришда қилинган ишлар миқдори, олинган ёрлиқлар, мукофотлар сонига қараб эмас, балки ўқувчилар жамоасининг ташкил топишида рўй берган аниқ ижобий ўзгаришларга эътиборни қаратиш керак.
Аввало ижобий тарбиявий натижаларни баҳолай билиш ва шунга интилиш – синф раҳбарининг услубий жиҳатдан қуролланганлигининг муҳим кўрсаткичларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |