3) эҳтимолли моделлар ҳам тенглама ва тенгсизлик шаклида ифодаланади, лекин эҳтимоллилик мазмунига эга бўлган, яъни қарор самарадорлигининг ўртача тенглигини максималлаштиришга асосланади.
Моделлар мантиқий даражаси бўйича макро ва микро моделларга, объектни баён этиш усулларига қараб эса миқдорли ва сифатли моделларга ажратилади.
Воқеликка алоқасига кўра улар берилган, мумкин бўлган ва исталган моделларга бўлинади. Биринчиси, аниқ, мавжуд бўлган объектнинг тадқиқотида фойдаланилади. Моделнинг иккинчи ва учинчи турлари берилган объектнинг турли омиллар таъсирида ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда зарур бўлгандагина шакллантирилади.
Тизимнинг берилган ва исталган ҳолатларида қарама – қаршилик пайдо бўлса, муаммоли вазият моделидан фойдаланилади. Мавжуд қарама – қаршиликнинг олдини олиш йўллари ва воситалари қарор моделларида акс этади.
Келиб чиқишига қараб моделлар сунъий ва табиийларга тасниф қилинади. Биринчиси, аниқ вазифларни ҳал этиш учун мақсадли равишда тузилади, иккинчиси маълум жараённинг натижаси сифатида шакллантирилади.
Моделлаштириш жараёнининг моҳияти олинган тушунчалар устида ўтказиладиган операциялардан иборатдир. Агар, гап математик моделлаштириш ҳақида кетса, унда тенгламалар тизимини, линияли тенглама ва тенгсизликлар тузиш опрецияларини қўллаш, геометрик, симплекс (оддий, n берилган ўлчов сонининг оддий бўртиб чиққан кўп қиррали) усулларидан фойдаланиш, катталик ўлчамини максималлаштириш (минималлаштириш), тўр (сеть) усулини қўллаш, оптималлаштириш вазифаси ва мақсадли тузилмаларни қўллаш мумкин. Математик моделлаштириш жараёнида - асосан линияли моделлаштириш, ўйин, жадвал (график) назарияси усуллари, динамик моделлаштириш ва бошқалардан фойдаланилади. Лекин, кўпинча тадқиқотчилар сиёсий объектни ўрганиш вазифаларини ҳал этишда моделни, уни ўрганиш бўйича алоҳида операциялар қилмай, асосан уни тузилишига тўхташади. Аксарият тадқиқотчилар моделлаштириш жараёнини у ёки бу алгоритмни қўллаш орқали модель тузишнинг мантиқий усулларидан фойдаланишни афзал кўришади. Бундай алгоритмларга сиёсий жараёнларни моделлаштириш соҳасидаги хорижий қўлланмалар тегишлидир. Масалан, Шродт алгоритми, Прокторнинг ORET модели алгоритми, Саатининг поғонали (иерархик) таҳлил алгоритм усули, Тихомиров алгоритми16.
Олимлар тадқиқот вазифаларини ҳал этишда сиёсий вазиятларни ўрганишнинг у ёки бу ёндашув сифатида ўзида асос бўлган моделлаштиришнинг турли усулларини қўллашади. Ушбу йўналишда, нисбатан атрофлича ишлаб чиқилган объектни тизим сифатида ўрганиш имконини берувчи тизимли ёндашув ҳисобланади. Тизимли ёндашув асосида сермазмун моделлар, аввало, танглик (кризис), инқилоб (революция), ҳалокат (катастрофа), хаос моделлари тузилган ва фаол фойдаланилмоқда. Сиёсий жараёнларни ўрганиш учун ишлаб чиқилган яна бир ёндашув рационал танлов назарияси бўлиб, унинг асосида моделлаштириш усули атрофлича қўлланилади. Биринчи навбатда, ихтилоф (конфликт) ва қарор қабул қилиш жараёнлари ўйин моделлари асосида ўтказиш кўзда тутилади. Айниқса, Даунснинг депутатликка номзодларнинг хулқ-атворини аниқлаш имконини берувчи сайлов модели алоҳида эътиборга эгадир.
Сиёсий моделлаштириш ўзининг пайдо бўлишида турли фанлардан қарздордир. Чунки, дастлаб улар доирасида моделлаштириш усуллари пайдо бўлган ва ривожлангандир. Математикадан математик моделлаштириш, линияли моделлаштириш, моделлаштиришнинг геометрик усули, жадвал (графов) назарияси ва сеткали (тўрли) моделлаштириш, динамик моделлаштиришнинг асосий усуллари олинган. Физика ва химияда олдиндан тизим модели бўлган хаос, катастрофа, кризис, эволюция моделлари қўлланиб келинган. Психологиядан ихтилоф (конфликт)нинг асосий моделлари, иқтисодий фанлардан – эконометрика усуллари, ўйин назарияси, қарорлар қабул қилиш назариясининг моделлари, иқтисодий хулқ-атворни таҳлил қилиш усуллари кириб келган. Америкалик олим Т. Саати томонидан ишлаб чиқилган иерархик (поғонали) таҳлил усули анчагина эътиборли ва истиқболга эгадир. Ундан ташқари сиёсий фанларда нисбатан янги йўналиш – компьютерда моделлаштиришнинг пайдо бўлганлигини таъкидлаб ўтиш лозим, чунки сиёсий жараёнларнинг феномени ва ривожланиши омилларини ўргатишда моделлаштириш усуллари ичида алоҳида ўринга эгадир. Сиёсий моделлаштиришнинг бошқа усуллари ҳам бўлиб, улар сиёсий жараёнларни амалга оширишнинг теран механизмларини такомиллашишига олиб келиши мумкин.
Сиёсий жараёнларни моделлаштиришга ундаган биринчи сабаб шундан иборатки, сиёсий ҳаётдаги воқеаларни кўпчилик қисми олдиндан кутилган бўлади, шунинг учун уларнинг пайдо бўлишини ҳам олдиндан айтиш мумкин. Математик моделлаштириш айнан шундай ноформал прогнозларни акс эттиришга ёрдам беради. Иккинчидан, формаль (расмий) модель ва аниқ ноформаль (норасмий) томонидан йўл қўйилган, эркин ифодаланган прогнозни текшириш ва аниқликлар киритиш имконини беради. Учинчидан, формаль моделларнинг устунлиги нисбатан юқорироқ бўлган тизимнинг мураккаблик моҳияти асослаш ва прогнозни текшириш ва аниқ жавоб бериш имкониятини беради. Математикадан дастлаб мантиқий хулоса чиқариш ва тушунчларни асослаш воситаси сифатида фойдаланилган.
Моделлаштиришнинг устунлиги шундаки, у турли илм-фанларга ўзининг тадқиқот воситалари ва усулларидан ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Ниҳоят, моделлар бошқа воситалар учун имкони бўлмаган ҳолатларнинг чуқур ўхшашлиги (бир турда эканлиги)ни кўра олади.
Оргинал объектни модель сифатида ўзгартириб, уни атрофлича ўрганиш қуйидаги самарадорликка эришиш имконини беради. Биринчидан, модель оргиналга нисбатан арзон ва уни ўрганишга киришиш осондир, демак, тадқиқотларга кетадиган харажатлар камаяди. Шу туфайли маълум, бир хил молиявий харажатлар доирасида моделлаштириш усулидан фойдаланилганда, анъанавий илмий усулларга нисбатан кўпроқ кузатишларни ўтказиш мумкин бўлади. Иккинчидан, модель оргиналга нисбатан анчагина ихчам, у айниқса математик ва умуман белгили моделларда яққол кўринади. Учинчидан, моделларга турли қайта ўзгартиришлар киритиш мумкин, оргинал ҳолатда эса тузатишлар қилишнинг иложи йўқ.
Моделлаштириш усули тобора жиддий аҳамиятга эга бўлиб бормоқда, тадқиқотчилар унга сиёсий жараёнларни ўрганишда етарли даражадаги самарали усул деб қарашмоқда. Аввало, усул қарорлар қабул қилиш жараёнини тадқиқ этиш ва кузатишда қўлланилади. Моделлаштириш сиёсий жараёнларни ўрганишнинг бошқа усуллари эриша олмайдиган, сиёсий жараёнларнинг ривожланиш механизмларини ўрганиш имконини беради. Т. Саати томонидан ишлаб чиқилган сиёсий моделлаштириш усулидан, масалан, сиёсий музокаралар олиб боришда фойдаланиш мумкин. Ушбу моделлаштириш усули ёрдамида ижтимоий-сиёсий вазиятнинг тадқиқоти ўтказилади ва сиёсий хулқ-атвор стратегияси ифодаланади.
Ушбу усул сиёсатшуносликда моделлаштириш усулларидан фойдаланиш жамиятдаги ўзгаришлар жараёнлари, объектнинг ривожланиши қонуниятларини билиш ва чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштиришни зарурият қилиб қўймоқда. Бу эса фанларни чуқур ўрганиш имконини бермоқда, ижтимоий – сиёсий фанларда фанлараро долзарб тадқиқотлар ўтказишни таъминламоқда.
Моделлаштиришнинг кўплаб усуллари мавжуд бўлиб, улардан ижтимоий-сиёсий жараёнларда фойдаланиш, биринчи навбатда, тадқиқотчи томонидан қўйилган мақсаддан келиб чиққан ҳолда танланиши, иккинчидан, мақсад асосида белгиланган вазифани моделлаштиришда қайси усулнинг мувофиқ эканлигини ажратиб олиш, учинчидан, моделлаштириш жараёнида фойдаланиладиган усулнинг устувор жиҳатлари ва методикасини белгилаш, тўртинчидан, мавзу доирасида модделлар қуришни тасаввур этиш ва ёзма равишда асослаб чиқиш, бешинчидан, моделлаштириш босқичларини белгилаш ва амалга ошириш, олтинчидан, олинган натижаларни умумлаштириш, еттинчидан, натижаларни мавзу доирасида таҳлил этиш, унинг устувор томонларини белгилаш ва якуний хулосалар тайёрлаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |