Сиёсий жараён – бу муайян сиёсий мақсадларни кўзловчи ижтимоий бирликлар, ижтимоий-сиёсий гуруҳлар ва ташкилотлар, алоҳида шахсларнинг изчил, биргаликдаги умумий фаолиятидир; тор маънода – ижтимоий ва институтционал сиёсат субъектларининг муайян вақтлар оралиғидаги муддатда сиёсий қарорларни амалга ошириш билан алоқадорликдаги ва муайян бир мақсадга қаратилган фаолиятидир.
Умуман олганда, сиёсий жараён:
-муайян сиёсий мақсадларни амалга оширишга интилаётган турли сиёсий кучлар (сиёсат субъектлари) ва оқимларнинг хатти-ҳаракатлари йиғиндиси, сиёсий ҳодисаларнинг ривожланиб боришидир;
-макон ва замонда тадрижий ривожланиб бораётган муайян жамият сиёсий тизимининг амал қилиш шаклидир;
-ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқалардан фарқли бўлган ижтимоий жараёнлардан биридир;
-муайян миқёсдаги жараён охирги натижасининг аниқ ва равшан белгисидир (инқилоб, жамиятни ислоҳ этиш, сиёсий партияни шакллантириш, сайлов кампанияси ва ҳоказо).
“Сиёсий жараён” тушунчаси англаб олдингларми? Энди уни айрим хусусиятларини, аҳамияти, сиёсий ҳаётдаги долзарб томонлари ҳақида гаплашмиз.
«Сиёсий жараён» тушунчасида сиёсатнинг динамик, функционал ташкил этувчи томонлари, уларнинг макон ва замондаги ўзгаришлари, сиёсий кучлар, сиёсий институтлар фаолиятининг аниқ йўналганлиги, ривожланишнинг бир босқичидан бошқасига ўтииши сабаблари ва шарт-шароитлари, сиёсий тизим унсурлари ичидаги ўзаро муносабатларнинг ўзгариши мужассамлашган.
Сиёсий жараёнлар умумий тартибда, моҳиятига кўра ижтимоий жараёнлар бўлади, уларнинг мазмуни, йўналиши, анъаналари ва истиқболи ижтимоий эҳтиёжлари билан белгиланади. Сиёсий жараёнларнинг кўриниши ва шаклларининг турли-туманлиги маълум даражада ижтимоий муҳитда кечаётган тарихий, иқтисодий, социал, демографик ва бошқа ўзгаришларнинг кўриниши ва шаклларининг турли-туманлиги билан характерланади, улар орасида ижтимоий-маданий хусусиятлари алоҳида ажралиб туради.
Сиёсий жараёнлар одамлар ижтимоий турмушида умумижтимоий ва умуммаданий мазмун ва аҳамият касб этган ҳолда ўзининг манбаси, амалга ошиши ва тугалланишига эга. Сиёсий жараёнларнинг ижтимоий ва маданийлигини тасвирлаб, “ижтимоий борлиқ (турмуш)” тушунчасини қўллаймиз, у орқали сиёсий жараёнларнинг якуний йўналганлиги ва натижавийлигининг объектив мезонларини аниқлаймиз. Уларнинг йўналганлиги ижтимоий турмуш ва унинг яхлитликда тасвирланиши ва такрорий ишлаб чиқариш (қайта, такрорий тасвирланиши), ижтимоий натижавийлик мезони, унинг ҳар бир ривожланиш босқичида эришилган жамият ҳолати ва аҳолининнг аҳволи, маданийлик тамойили, тарихий ўтмиш ва халқ маданий меросига ҳурмат билан белгиланади.
Сиёсий жараёнлар инсонларнинг ўз ҳаётини ташкил этиш ва барқарор бўлишига, шунингдек, ижтимоий ҳодисаларни сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан тартибга солишнинг самарали механизмларини яратишга интилишида намоён бўлади.
Сиёсий жараёнлар тузилмасида ижтимоий ҳаётнинг қайси соҳалари улар томонидан тартибга солинишига қараб ёки тузилмали ёндашувга мувофиқ, сиёсий тизим унсурлари – институтлар ва субъектлар ижтимоий тизимнинг қайси соҳалари билан ўзаро боғлиқлигига кўра ижтимоий турмуш, ижтимоий сиёсат, иқтисодий сиёсат, ахборот сиёсати, маданий сиёсат, демографик сиёсатга ажратилади.
Юқорида таъкидланганлардан келиб чиқиб, сиёсий жараёнларга қуйидагича таърифни бериш мумкин.
Сиёсий жараёнлар тарихий, иқтисодий, социал, маданий ва бошқа ўзига хосликлар билан боғлиқ макон ва замондаги сиёсий ўзгаришларни қамраб олган сиёсий ҳаракатлардир. Уларнинг мазмуни ва йўналганлиги сиёсий субъектлар ва сиёсий институтлар фаолияти, улар ўртасидаги шаклланаётган муносабатлар ва ўзаро таъсири натижасида шакллантирилади. Уларда асосий боғловчи ҳокимиятли субъектлар фаолияти – сиёсий статикани сақлаш ва сиёсий динамикани ривожлантиришнинг бош воситаси ва усули ҳисобланади, улар орқали инсонларнинг ижтимоий манфаатларини аниқлайди ва амалга оширилади.
“Сиёсий жараён” тушунчаси ҳозирги сиёсий фанларнинг асосий категорияларида бири бўлиб, уни тадқиқ этишда классик ва замонавий назария, эволюция ва ривожланиш концепциясига, тизимли, тузилмали-функционал, институционал, вазиятли, процессуал, диалектик ёндашувларга суянилади.
Сиёсий жараёнларга берилган умумий тавсифлар, уларнинг ижтимоий жараёнларнинг бир қисми сифатида инсонларни ижтимоий турмуши билан макро, мезо ва микро даражада ўзаро ҳаракатда бўлишига имкон беради. Сиёсий жараёнлар моҳиятига кўра сиёсий ҳаракат бўлиб, сиёсий субъектлар ва сиёсий институтларнинг ўзаро биргаликдаги таъсирини, сиёсий тизимнинг миқдорий ва сифатли ўзгаришларини, сиёсий ҳаракатларнинг усул ва шаклларини, улар орқали эса инсонларнинг ижтимоий турмуши, ишлаб чиқариши ва қайта ишлаб чиқаришларини ўз ичига қамраб олади. Сиёсий жараёнлар жамиятни ривожлантиришнинг тарихий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий омиллари билан белгиланган. Бу сиёсий жараёнларнинг ҳаракати ва амалий фаолиятини таъминлайдиган ривожланиш қонуниятидир. Сиёсий жараёнларнинг бошқа умумий қонуниятларига уларнинг макон ва замондаги ўзгариши, қарама-қаршиликлар орқали ҳаракати, манбалари, инсонларнинг эҳтиёжлари, қадриятлари, кайфиятлари, фикрларининг номувофиқлиги, сиёсий жараёнларнинг ижтимоий ва хусусий имкониятлари, уларда ўз ўрнини англаш, ижтимоий турмушнинг ўзгараётган шароитларига мослашиш кўникмасининг турличалиги тааллуқлидир.
Шунинг учун дунёдаги кўпчилик мамлакатларда олиб борилаётган аксарият сиёсатшунослик тадқиқотларининг мақсади маълум объектга у ёки бу даражадаги таъсирнинг натижаси қай даражада бўлишини аниқлашга қаратилгандир. Назарий тадқиқотлар маълумот ва натижаларни қиёслаш асосида илгари сурилган илмий тахминларни тасдиқлаш ёки инкор этиш, фундаментал тадқиқотларда эса сайъи-ҳаракатларнинг стратегиясини шакллантириш имконини беради. Иккала ҳолатда ҳам уларни синовдан ўтказиш, таҳлил этиш ва ҳулосалар чиқариш тақозо этилади.
Моделлаштириш – юқори даражадаги сиёсий муммоларни ҳал этишнинг
миқдор ва сифат усуллари комбинациясига асосланган самарали ёндошувлардан биридир. Моделлаштиришнинг амалий вазифаси сиёсий муносабатлар ва сиёсий вазиятларни ривожланишини таҳлил қилишни тизимли таҳлил орқали қарор қабул қилишни қўллаб-қуватлаш ҳисобланади.
Шунинг учун бугун биз ўрганишни бошлаган “Сиёсий жараёнларни моделлаштириш ва таҳлил” ўқув курси талабалар томонидан давлат ва жамият ҳаётидаги турли ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича тадқиқот лойиҳаларни ҳамда сиёсий тизим назарияси асосида компютерда моделлаштиришнинг турли кўринишларини ишлаб чиқишда таҳлилий ишларни олиб бориш малакасига эга бўлишини мақсад қилиб қўйган.
Ижтимоий-сиёсий объектларда моделлар асосида тажриба ўтказиш қийин ҳал этиладиган муаммо ҳисобланади. Зеро, бунда, биринчидан, сиёсий тажриба объекти сифатида инсонлар гуруҳи қатнашади, улар тажриба иштирокчиси саналади, шунинг учун уларнинг фикри ва истаклари билан ҳисоблашиш зарур; иккинчидан, илмий тажриба бошланғич ва якуний шароитларни бир неча марта такрорлашни талаб этади, шунинг учун доимий ўзгаришдаги ижтимоий объектлар учун кўпчилик ҳолатларда бунинг иложи йўқ. Бинобарин сиёсатшуносликда тажриба объекти, одатдагидек, мавжуд реал тадқиқот объекти эмас, балки унинг ўхшаши, модели ҳисобланади.
2. Замонавий сиёсий фанларда сиёсий жараёнларни моделлаштириш методологиясининг ишлаб чиқилиши, ривожланиши ва моҳияти
Do'stlaringiz bilan baham: |