Ёрдамчи ишлаб чиқариш ҳаражатларини ҳисобга олиш.
Корхоналарда асосий ишлаб чиқариш ҳаражатларидан ташқари ёрдамчи ва умумишлаб чиқариш деб аталадиган ҳаражатлар ҳам алоҳида белгиланган ҳисобварақларда ҳисобга олиб борилади .
Ёрдамчи ишлаб чиқариш ҳаражатлари деганда асосий ишлаб чиқариш учун ёки корхонанинг асосий фаолиятига хизматлар кўрсатадиган, ёрдам берадиган ишларни бажаришда сарфланган ҳаражатлар тушунилади. Бундай ҳаражатлар тўғрисидаги маьлумотларни умумлаштириб бориш учун қуйидаги ҳисобварақ белгиланган:
2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»
Ёрдамчи ишлаб чиқаришларга қуйидагилар мисол бўлади:
а) асосий воситаларни таьмирлаш;
б) транспорт воситаларига хизматлар кўрсатиш;
в) асосий ишлаб чиқариш учун зарур бўлган турли материалларни тайёрлаш ва хом ашёларни қазиб олиш;
г) кишлоқ хўжалик маҳсулотларини қуритиш, тузлаш, консерва қилиш(тайёрлов корхоналарида) ва бошқалар;
2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағининг дебетида бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар ҳамда унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган билвосита ҳаражатлар ва яроқсиз маҳсулотлардан йўқотишлар акс эттирилади. Маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бевосита ҳаражатлар ишлаб чиқариш заҳиралари, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ходимлар билан ҳисоблашишлар, асосий воситалар ва номоддий активларнинг эскириши суммалари тегишли ҳисобварағининг кредитида йиғилади ва 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағининг дебет томонида акс эттирилади. Яроқсиз маҳсулотлар натижасида йўқотишлар 2610-«Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар» ҳисобварағининг кредитидан 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағининг дебетига ҳисобдан чиқарилади.
2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағининг кредитида ишлов бериши тугалланган маҳсулот, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар хақиқий таннархи бўйича акс эттирилади. Бу суммалар 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағидаги қуйидаги ҳисобварақларнинг дебетига ҳисобдан чиқарилади;
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»- маҳсулот (иш. хизмат)ларни асосий ишлаб чиқаришга ёки асосий фаолият турларига сарфланса;
2510-«Умумишлаб чиқариш ҳаражатлари»- маҳсулот(иш, хизмат)лардан умумий ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилса;
2810-«Тайёр маҳсулот»-ёрдамчи ишлаб чиқаришда тайёрланган маҳсулотлари корхона омборига кирим қилинса ;
9130-«Сотилган иш ва хизматларнинг таннархи» четдаги ташкилотларга иш ва хизматлар бажаришда.
2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварақлари бўйича ой охиридаги қолдиқ тугалланмаган ишлаб чиқариш қийматини кўрсатади.
1-мисол. Ёрдамчи ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун материаллар сарфланди. Ушбу хўжалик муомаласига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси тузилади:
Д-т 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағи
К-т 1010-«Хом-аше ва материаллар» ҳисобварағи
2-мисол. Материаллар қийматидаги фарқлар суммасининг тегишли қисми ёрдамчи ишлаб чиқариш ҳаражатларига ўтказилди:
Д-т 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ҳисобварағи.
К-т 1610-«Материаллар қийматидаги форклар» ҳисобварағи
Do'stlaringiz bilan baham: |