Яъни, аслида бу солиқ номи билан ҚҚС бўлгани билан, ишлаш принципи ва мантиғи бўйича, оборотдан тўланадиган солиқдир.
Яна ўша саволга қайтамиз, ҳар бир корхона ўзи учун афзал вариантини ҳисоблаб кўриши керак бўлади. Агар сиз хом ашё сотиб олаётганингизда етказиб берувчининг счет-фактураларида ҚҚС акс этаётган бўлса, ёки импорт бўлгани учун божхонада ҚҚС тўлаётган бўлсангиз, бу тўловларни инобатсиз қолдирманг ва стандарт ҚҚСга ўтганингиз дурустроқ. 2019 йилда сизга маҳсулот ёки хом ашё етказиб берувчилар қандай солиқ тўлашларини улардан сўраб, билиб олиш ва шунга кўра ҳаракат қилиш мумкин.
Тадбиркор қайдномасига:
· Агар корхонангиз импорт маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланса, стандарт ҚҚС бўйича ишлаш самаралироқдир. Чунки импорт маҳсулотларининг аксарият қисмида божхона расмийлаштируви пайтида шундоқ ҳам ҚҚС тўлайсиз. Бу сумма эса, солиқ ҳисоботларида акс эттирилиб, тўловингизни камайтиради.
· Агар импорт хом ашёси ёрдамида ишлаб чиқариш билан шуғуллансангиз ҳам худди шу сабаб билан ҚҚС тизими «ягона солиқ»қа нисбатан самаралироқ бўлади. Аммо ҳозирда баъзи тармоқлар каби, хом ашё учун божхона имтиёзларига эга бўлсангиз, «Ягона солиқ»да қолганингиз дуруст. Чунки божхонада имтиёз туфайли ҚҚС тўламайсиз, Лекин ДСИ сиздан тўлиқ ҚҚСни ундириб олади. Яъни якунда ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмаган бўлиб чиқасиз.
· Агар ишлаб чиқарадиган маҳсулотингиз ёки хизматингиз асосан йирик корхоналар ва заводлар учун бўлса, ҚҚС тўловчиси бўлишингиз муҳим. Чунки, энди иқтисодиётда ҚҚС тўловчилари кўпайишини эътиборга олсак, ўша йирик корхоналар ҳам мана шундай корхоналар билан ишлашни афзал кўради. Чунки сизга тўлаётган ҚҚС миқдорида уларнинг ҳам солиғи камайишини инобатга олинг.
· Агар сиз ҚҚС тўловчиси бўлсангиз, хом ашё ёки товарларни сотиб олишда бошқа ҚҚС тўловчилари билан ишлашга ҳаракат қилинг. Чунки уларнинг товарлари бироз қиммат бўлса-да, қийматнинг 16.66 фоизи ҚҚС бўлади ва бу сумма сизнинг солиғингизни камайтиради.
· Бунинг иложи бўлмаса, яъни сиз маҳсулотларни асосан чакана ёки кичик корхоналардан сотиб оладиган бўлсангиз, ҚҚС тўловчиси бўлишингиз сизнинг зарарингизга ишлайди. Зинҳор ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси бўлманг.
· Яхшиси ҳар уч ҳолатда (Ягона солиқ, соддалаштирилган ҚҚС ва стандарт ҚҚС) корхонангизнинг солиқ харажатларини ҳисоблаб кўринг. Бу сизга қайси тизим мақбулроқ эканини танлаш, агар танлаш имкониятингиз бўлмаса-да, ўзгаришлар харажатларингизга қай тариқа ва неча сўм миқдорда таъсир ўтказаётганини билиш имконига эга бўласиз. Нарх сиёсати учун муҳим.
Хулоса
Аслида солиқ ставкалари ёки тизимларининг ўзгариши ҳақиқий бизнес рақобатида, эркин иқтисодиётда тадбиркорлар учун катта таъсир ўтказмаслиги керак. Чунки бу ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча субъектларига таъсир қилади, жумладан рақобатчи корхоналарга ҳам. Натижада, ҳамманинг харажати бир деярли бир хил суръатда ўзгаради ва бу ўзгариш нархлар белгиланишида бир хил акс этади. Бу ерда ютадиган ёки ютқазадиган томон фақат харидор бўлади холос.
Аммо бизнинг ҳолатимизда бу ўзгаришлар янада оғриқлироқ юз бериши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди. Сабаби, ҚҚС тизимига ўтганимиз билан, барибир, «айланма маблағлардан солиқ», яъни «Ягона солиқ»дан буткул воз кечганимиз йўқ. Бир пайтнинг ўзида, бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил тизимнинг бўлиши вазиятни янада мураккаблаштиради, чалкаштиради.
Бир корхонанинг аввалги ва бугунги кундаги солиқ юкини солиштиришдан кўра, айни бир пайтдаги икки корхонанинг (улар рақобатчи бўлса) икки хил принципда ишлаши нархлар ҳосил бўлишига, рақобатга жиддий таъсир кўрсатади ва балки жуда кўп корхоналарни молиявий қийин аҳволга тушириши, уларнинг рақобатга дош бера олмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Тасаввур қилинг, айни иш билан шуғулланадиган икки корхонанинг бири ҚҚС, бошқаси «Ягона солиқ» тўласа? Ва ўша соҳа учун ҳисоб-китоблар «Ягона солиқ» бўйича ишлаш солиқ юкини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатса? Бири бир йилда 900 миллион, иккинчиси эса, 1,1 миллиард сўмлик айланмага эга бўлса, деярли бир хил иш юритадиган корхоналарда фарқли солиқ юклари бўлиши рақобатни ўлдирмайдими? Ёки баъзи корхоналар белгиланган лимитни сақлаш учун баъзи айланма маблағларни яшириш ёки кейинги йилга қолдиришга уринмайдими? Ёки ҚҚСдан қочиш мақсадида айни таъсисчи томонидан алоҳида ва бир нечта кичик корхоналарга бўлиниш ҳолатлари рўй бермайдими?
Иқтисодиётнинг бошқа (ишлаб чиқариш, савдо) соҳалари билан деярли кесишмайдиган, яъни моддий қийматликлар яратишда актив иштирок этмайдиган соҳалар бор. Масалан, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, консалтинг, меҳмонхона бизнеси ва шунга ўхшаш. Мана шу каби соҳаларда алоҳида тизимни жорий қилиш ўзини оқлайди. Бу соҳаларга айланма маблағлардан солиқ белгилаш, «Ягона солиқ» тўловини сақлаб қолишнинг зарари йўқ. Аммо бир қозонда қайнаётган тадбиркорлик субъектларининг икки хил йўналишдаги, икки хил принциплар асосида солиққа тортилиши амалга оширилаётган ва оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотларнинг «белига тепади», самарасини пасайтиради. Аксинча, эркин ва шаффоф рақобатга путур етказади.
Do'stlaringiz bilan baham: |