АВАЗ МАНСУРОВ
...Энди битта гапни мисол қилиб доим гапираманда, денгиз ва океан уммонларни кузатган бўлсангиз, улар вақти-вақти билан қирғоққа келиб, урилиб яна қайтиб кетади. Шунга ўхшаган санъатда ҳам ҳар қандай давлатни тарихида ҳам уммонга ўхшаган тўлқинлар келиб урилиб, ўзгаришлар бўлиб яна қайтиб кетади. Шу нуқтий назардан болалар қўшиқчилигида ҳам асрлар давомида худди шундай тўлқинларни келиб, қайтиши кузатилмоқда.
Композиторлик ижодиёти билан боғлиқ маълум пайтда, бир авлод композиторлар “арена”га келишдида, улар турли ёшдаги болалар учун турли мавзуларда минглаб қўшиқлар яратишди. Бу яратилган асарлар ўша давр авлодлари қулоғига сингиб қолиб кетади ва улар вақт ўтган сари, авлодлар алмашган сари ўзгариб борди. Масалан ўзбек халқининг бир неча авлоди бизни мазмунли асарларимиз орқали дунёқараши кенгайиб, маънавий юксалиб вояга етди. Лекин маълум бир вақтда, айримларнинг чет эл куйларини олиб, ўрнига бошқа сўзлар қўйиб, тажрибалар қилгани болалар қўшиқчилгини ҳам худди катталар эстрадасига ўхшаб ёмон томонга бурилишига сабаб бўлди. Хаттоки профессионал таълимни кўрган устоз композиторлар ҳам ёш авлоднинг “шлягер” кўчирмакашлигини маълум бир қолипга тушурилган ритмлар, сўзларни бузиб айтишлари ва кўплаб шу каби “унсур”лар билан куйлар яратиб одамларнинг қулоғига сингдиришга уриндилар. Ёш психологиясидан маълумки, нимани ха деб болани қулоғига сингдирверсангиз, ўша нарсага кўникади ва у нарса қулоғига сингдирилади.
Кўп холларда одамлар буни ўйламайдилар ҳам, “шу қўшиқ менга нима беряпти” деган мулоҳазага бормайдилар ҳам. Мисол учун, инсон касал бўлмаса, касал бўлиш нималигини билмайди. Юраги уриб турибдими, у оғримагуча юраги борлигини билмайди ҳам. Юраги тескари уришни бошлаб, санчиса “мен касалман” дейди. Худди шундай инсонлар эшитаётган асарлари мазмунидан “мен одамлар орасида обрўга, мартабага эга бўлган одамман, мендан бирор нарса қоладиган мазмунли суҳбатдош сифатида, мен шу қўшиқни эшитиб, қандай маънавий, рухий озуқа оляпман, нимани ўрганаяпман” деган саволни бермаяпти. Янги авлодни ҳам биз, шундай савол бермайдиган, фикр мулоҳаза қилмайдиган қилиб тарбиялаб қўяяпмиз.
Масалан, чумолилар ҳақида 40-50 йил олдин “Одоблидир чумолилар” номли қўшиқ ёзганман. Чумолилар доим юрган йўлида бир бирига тўқнаш келса, албатта бир бири билан сўрашиб ўтади. Улар бу одатини ҳеч қачон (инстинктив) канда қилмайди. Ушбу қўшиқни ўрганиш чоғида ҳамда куйлагандан сўнг албатта болажонларимиз чумолиларни кузатади, табиатга атроф мухитга эътиборли бўлади, дунёқараши кенгаяди. Улардан бир бирини хол сўраш одобини ҳам ўрганадилар. Саломлашиш одоби ҳам шаклланади. Худди шундай нон ҳақидаги қўшиқлар билан тарбиялаш, дакки бериб тарбиялашдан кўра самаралироқдир.
Ҳар қандай қўшиқ фарзандларимизга маънавий озуқа бериши, уларни тарбиялаши ва умрини охиригача унинг ҳамрохи сифатида қулоқларида янграши керак.
Инсон қайси ёшда бўлишидан қатъий назар маънавий озуқага доим мухтож бўлади. Шу боис ҳам катталар учун маънавий қимматга эга бўлган мазмунли қўшиқлар жуда зарурудир.
Бугунги кунда ёш композиторлримиздан Шухрат Зокиров ҳам ўзининг мазмунли куй қўшиқлари билан эл назарига тушди. У ҳам “Булбулча” хорида энг сара ва мазмунли қўшиқларни куйлаб тарбия топган ёшларимиздандир. Унинг қалбига ҳам яхши мазмунли қўшиқлар сингиб кетгани боис, ёзган асарларида мазмун, салобат, яхшилик, бахтли болалик уфуриб турипти. Унинг айрим қўшуқларини биз ўзимиз эшитиб хавас қиладиган жойларимиз ҳам бор.
Болаларга мос қўшиқларнинг боридан имкон қадар фойдаланиш керак. Шунингдек, барча қўшиқларни албатта “Бадиий кенгаш”дан ўтказиш лозим. Шундагини бўлар бўлмас қўшиқларни янграшига чек қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |