НАДИМ НОРХЎЖАЕВ
...янги қўшиқни ўзининг юзи, ўзининг сўзи бўлиши керак...
...Яхши қўшиқни сиз доим тинглаб турсангизгина,
унинг таъсирида ўрганиб, шаклланиб борасиз...
Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг қўшиқ шўъбаси раиси, «Офарин-2000» Республика кўрик-танловининг совриндори. 1999 йилида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Бугунги кундаги фарзандларимиз катталар учун яратилган қўшиқларини тинглаб ва куйлаб улғаймоқдалар. Болалар қўшиқлари тарғиботи умуман йўлга қўйилмаган. Буни ечимини нимада кўрасиз?
Энди буни битта ечими бор, яъни таълим муассасаларида, болалар боғчалари ва умумтаълим мактабларида болаларни яхши асарлар наъмунасида тарбиялаши керак. Ушбу фикрларимни олдин ҳам гапирганман. Нафақат болалар учун, катталар учун ёзилган мусиқа асарларни яхши ёмонлигини ажрата билиш ҳам муҳимдир. Бундай ишларнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Асосий сабаби шундаки кўпчилик ота-она фарзандини тезрок кўтарилишини, яхши натижалар кўрсатишини истаб, енгил йўлни қидирадилар ва кўпинча саҳнага катталар учун мўлжалланган қўшиқларни куйлатиб олиб чиқадалар.
Мен турли танловларда жюри аъзоси сифатида иштирок этганимда бу масалани жуда кўп маротаба кўтарганман. Болаларни овоз диапазонига тўғри келмайдиган катта ашулаларни болаларга айттириб, уларни овозини қийнашади. Натижада чиройли овози бор бола кейинчалик овоз хусусиятларини ёқотади. Аммо шу билан бирга айрим “мутахассислар” ҳам “воооо мазза қивотти, этвотти” деб, келгуси натижага эътибор қилишмаяпти. Яъни бу жараён бизнинг онгимиз ва менталитетимиз билан боғлиқ жараёндир, уни йўқотиш бир мунча мушкулдир. Бугунги кунда телеканалларимиздаги танловларнинг ўтказилиш тартибининг ўзи умуман нотўғридир. Болалардан болаларга хос, болалар учун яратилган қўшиқлар куйлашни талаб қилиш керак. Қўшиқ ижросида шеър мазнунига ҳам эътибор бериш керак. 10-12 ёшли болакай катталар учун мумтоз шоирларимиз ёзган севги тўғрисидаги қўшиқлар куйлашини мен тушуна олмайман. Битта кўрсатувни кўрдим, мен санъатини ҳурмат қилган Ўзбекистон халқ артистлари ўтирволиб катта ашула айтаётган болани мақтаб, уни қўллаб ўтиришибди. Уларга ижро ёққан бўлиши керак. Лекин муаммо бошқа тарафда. Ушбу кўрсатувни эфирга тайёрлаган мухаррирлари нимага эътибор беришган, нима учун улар ушбу жараёнда тўғри йўл йўриқ кўрсатишмайди. Ахир бола иқтидорли, лекин бундай зўриқиб, қўшиқ куйлатилиши уни келажакда, овоз пайчаларини шикастланишига олиб келадику. Натижада бола товушини йўқотади. Бугунки кундаги болалар билан вокал соҳасида шуғулланаётган устозлар болани овозини авайлаб ўстириш керак деган нарсага умуман бефарқ. Мен ўзимнинг шахсий тажрибамда кўрганман, бир болани олиб келишди, мен унга қўшиқ ёзиб бериб юрдим, яхши ижро этиб юрди, қарасам уни ёши катта бўлиб, мутация бошланди. Мен уларга хозирги пайтда қўшиқ ёзиб бера олмайман десам хафа бўлиб қолишди. Шунинг учун бу нарса жуда ҳам мухимдир.
Бугунги кунда болалар қўшиқларини яратаётган ёш бастакорлар етарли эмас. Улар яратган асарларини қанчалик нотага тушира оладилар. Бунинг сабаби нимада ва унинг қандай ечими бор.
Болалар учун ижод қиладиган ёшларнинг кўпчилиги консерваторияда таҳсил олишган. Ўйлашимча улар ўз асарларини бемалол нотага тушира оладилар. Уларни болаларнинг рухий, маънавий ва жисмоний жихатидан ривожлантириш муаммоси умуман ўйлантимаяпти. “Қўшиқ болаларга керак экан, ёзсам, тезроқ ижросини эшитиб пулини олсам” деган асосий мақсад бор. Албатта, ҳамма шундай фикрлайди деб айтолмайман. Бу биринчи томони бўлса, иккинчи томони болаларни тилини билиб, уларни тилидан шеър ёза оладиган шоирни ҳозирги кунда мен танимайман. Чунки эфирларда эшитган қўшиқларим бунинг исботидир. Пўлат Мўмин, Рауф Толиб, Қамбар Ота, Ҳабиб Рахмат каби атоқли шоирлар болалар дунёсини яхши билишган. Шеърнинг савияси паст бўлганидан кейин қўшиқнинг ҳам савияси паст бўладида.
Иккинчидан болалага шеър ёзгандаям жавобгарликни хис қилиб ёзиш керак, интонация енгил бўлиши лозим. Ажойиб болалар шоири рахматли Пўлат Мўмин айтган эдилар “агар қўшиқ шеърида 16 мисра бўлса, хеч бўлмаганда битта мисрасида янги гап, янги фикр, янги ўхшатиш бўлиши керак”, ана ўша нарсалар манимча бугунги кунда ҳам энг долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бошқа миллат қўшиқларидан куйини олиб, ёки озгина ўзгартириб ўзбекча сўз қўйиб айтилган қўшиқни “янги қўшиқ” деб бўлмайди. Янги қўшиқни ўзининг юзи бўлиши керак. ўзининг сўзи бўлиши керак, шу боис, бугунги кундаги аксарият қўшиқларни савияси пастдир. Шуни айтишим лозимки қўшиқларни “янги” “эски”си бўлмайди. “Битта қўшиқни ўргатавуришади” дейдиганлар ҳам топилади, бу жуда нотўғри фикр, яхши қўшиқнинг умри узун бўлади. Мисол учун менга болалигимда куйлаган “Болалигим гул баҳор” номли қўшиқ менга хали хам ёқади. Ҳали ҳам жон деб эшитаман. Шунинг учун бу мавзуда жуда кўп гапириш мумкин ва лекин шу фикрларни тушунадиган одамлар бормикин? деган савол пайдо бўлади. Умумий ечим эса тўғри тарбиядадир. Яхши қўшиқни сиз доим тинглаб турсангизгина, унинг таъсирида ўрганиб, шаклланиб борасиз.
Ижод қилишни ҳеч ким тақиқлашга ҳаққи йўқ. Баъзи бир ўқитувчилар ўзлари ҳам ижод қилишади ва асарларини болаларга ўргатишади. уларга қўшиқ савиясидан гапирсангиз, "ўқувчилар куйлашаяпти-ку" дейишади. Ўқувчиларни ушбу “қўшиқларни айтяпти” деб, уларни онгини сависиз қўшиқлар билан суғориш тарбияга зид нарса. Бу ҳам муаммога киради. Қўшиқ болаларга рухий ва маънавий озуқа бўлиши керак. Масалан: “Хаккалар” қўшиғининг ҳам тарбиявий томонлари бордир. Хакка боласини ташлаб ҳар ерда учиб юрадиган қушдир. Ушбу қўшиқ ҳам тарбиявий аҳамиятга эга бўлган қўшиқлар сирасига киради. “Салом берган болалар”, “Гуллар менинг кулганим”, “Яхши бола” қўшиқларининг ҳам тарбиявий томонлари мавжуддир. Қўшиқлар болаларни яхшиликка чорламаса нима кераги бор. Болалар учун ёзяпман деб сўзлари ва мусиқаси ҳам қўл учида ёзилаётган намуналар йўқ эмас. Шунингдек, хар қандай муаллифга ҳам “қўшиғинг яхши чиқмабди” десанг ёқмайди албатта. Менга ҳам ёқмаган бўларди. Шунинг учун бирор бир асаримни омма олдига олиб чиқишдан олдин, албатта ўзим аввал уйдагиларда синаб кейин олиб чиққанман. Бугунги кунда кўнглимга ёқдиган шеър бўлмагани боис, янги қўшиқлар ярата олмаяпман. Мен яхши шеърларга қўшиқлар ёзиб, ўрганганим боис, учраган, дуч келган, шеърларга умуман қўшиқ ёзмайман. Чунки қўшиқ бўладиган шеърнинг қофияси тўғри келиши билан бирга, унинг туроғи ҳам мос бўлиши керак. Қўшиқда қофия, туроқ деган сўзлар бор.
Болалар қўшиқчилигидаги ушбу муаммони яна битта ечими бор, мен буни бир неча марта гапирганман. 70 йилларни охирида Халқ таълими вазирлиги композиторларга қўшиқ ва чолғу асарларига буюртмалар берган. Ўша даврда ҳамма хозирги композитор ва бастакорлар қўшиқлар ёза бошлашган. Мен биринчи қўшиқларимни ўша даврларда ёзишни бошлаганман. А.Мансуров, Д.Омонуллаевалар ҳам ўша даврларда ўзиларини кўрсатиб, яхши асарлар яратишга муваффақ бўлишди. Мустақиллик даврида эса Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан “Ўзбекистон Ватним маним” номли 4 та қўшиқлар тўпламлари чиқарилди. Ушбу тўпламларни чиқариш жараёнида ҳам ажойиб асарлар яратилди. Бугунги кунда фарзандларимиз тарбияси учун муҳим бўлган қўшиқларни яратиш учун ижодкорларни қизиқтириб, уларга буюртмалар бериш лозим. Шунингдек, турли болалар қўшиқлари танловларини ҳам ташкил этилиши юқорига муаммоларни ечимига бир сабаб бўла олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |