НАЖМИДДИН КУБРО ВА КУБРОВИЯ ТАРИҚАТИ
(1145-1221)
Ўрта Осиёда тасаввур фалсафасининг ривожланишида хоразмлик буюк аллома, саркарда, диншунос олим, фалсафа илмининг зуккоси, шоир Ахмад ибн Умар Абдул Жаноб Нажмиддин Кубро ал-Хивақий ал-Хоразмий ўзига хос муносиб ўринни эгаллайди. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, аллома Хоразм, Боғдод, Искандария ва Табризда ўз даврининг машхур алломаларидан сабоқлар олган ва тасаввуф фалсафаси илмининг йетук устозларидан бўлиб камол топтан. Таниқли файласуф олим эркин Юсупов: «Буюк ватандошимизнинг номидаги «Нажмиддин», «Кубро» сўзлари унинг йетук истеъдодини ҳисобга олиб берилган илмий даражалардир. «Нажмиддин» сўзи - диннинг юлдузи, «Кубро» эса улуғ деган маънони англатиб, ўнта турли мамлакатларда берилган илмий даражаларни ифодалайди»21, - дейди. Нажмиддин Кубро таълимоти асосида шаклланган кубровия тариқати Шарқ ва Ғарбдаги жуда кўплаб мамлакатларга тарқалган. Эркин Юсуповнинг хулосасига қараганда, бунинг натижасида Фирдавсия тариқати, Нурия тариқати, Рукния тариқати, Ҳамадония тариқати, Нурбахшия тариқати, Нематуллоия тариқати сингари йўналишлар юзага келган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Нажмиддин Кубро қаламига мансуб асарлар сони ўнтага яқин. У асос солган кубровия тариқати «олтин тариқат» деб ҳам аталган. Нажмиддин Кубронинг ўзи «Рисолатут - турук» асарида уни «Тариқуш шутто» (ишқ аҳли бебошликларининг юли) деб ҳам атаганлиги маълум. Бу рисолада «кубровия» тариқатининг ўнта усули қисқача зикр этилган:
1. Тавба — содир бўлган хатолар, гуноҳлардан пушаймон бўлиб, худога юз тутмоқ.
2. Зухд-тақво — парҳезгарлик, Аллохдан қўрқиб, ман этилган ишлардан ўзини сақлаш.
3. Худога товаккул қилиш — ўз ишларини бутунлай худога топшириш.
4. Қаноат — озга рози бўлиб, кўпдан воз кечиш, тамагирликнинг зиди.
5. Узлат — бошқалардан ажралиб якка ўтирмоқ.
6. Доимий зикр — ҳам тил, ҳам юрак билан худони ёд этмоқ.
7. Бутун вужуд билан тангрига таважжуҳ қилиб сиғнмоқ.
8. Сабр — бошга тушган оғир аҳволдан нолимай чидаш, чидам кўрсатмоқ.
9. Муроқаба — тангри борлиғининг денгизига ботиб, илоҳий оламга боқмоқ.
10. Ризо — тангри иродасига қаршилик кўрсатмасдан, қазо ва қадар - тақдир ҳукмига бўйсўниш.
Кубровия тариқатида динийлик билан дунёвийлик чамбарчас боғланиб кетган. Унда кишиларнинг диний эътиқоди, худога бўлган ишончи, ҳалоллик, одамийлик молу - дунёга ҳирс қўймаслик ўз ножўя ишларидан тавба қилиш, шаҳноний ҳирсу - ҳаволардан сақланиш лозимлиги сингари аҳлоқий ғояни талаблари бир-бири билан боғланиб кетган. Кубровия тариқатининг қатор аҳлоқий қоидалари бизнинг кўпларимизда ҳам ғоятда катта тарбиявий аҳамнятга эгадир.
Нажмиддин Кубро катта бадиий ижод эгаси ҳам бўлган. Унинг фаолияти ва ижоди бўйича маълумотлар бизгача деярли етиб келмаган. Аммо унинг шеъриятидан сақланиб қолган баъзи бир намуналар шоирнинг чуқур ички дунёси гўзаллигидан хабар беради, унинг ҳаёт нашидасини сурмоққа интилиши, катта дунёвий муҳаббат эгаси бўлганлиги ва олижаноб инсоний фазилатларни ўзида мужассамлаштирганлигини кўрсатади. Биз уни қуйидаги сатрларда яққол кўрамиз:
Ишқ йетса кўнгилга, дилга дард айлар,
Дарди дили мард мардни боз мард айлар.
Ўз оташи ишқида ёнар ул, вале,
Дўзаҳни чу ўзгалар учун сард айлар.
Нажмиддин Кубро Хоразмда хонақо қуриб, тасаввуф илми бобида жуда кўп садоқатли ва номдор шогирдлар тайёрлайди. Ана шулардан бири мутасаввуф олим “Мантиқут-тайр” асарининг муаллифи Фаридиддин Аттордир. Нажмиддин Кубро она юрт бошига кулфат тушганда садоқатли бир фарзанд сифатида уни кўкрак кериб ҳимоя қилишга қодир лашкарбошилик қобилиятини ҳам кўрсатади. 1221 йилда мўғуллар босқини даврида 76 ёшли Нажмиддин Кубро фожеали халок бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |