Шаҳноз АБДУЛЛАЕВА: «У ўз «Монализа» сига бутун умр содиқ қолди...»
Агар сиз тасвирий санъатга бефарқ бўлмасангиз, жаҳон галареяларида шарқ аёли тимсоли бўлиб турган ўнлаб портретлар муаллифини ҳам яхши танийсиз. Ҳозирги кунда кўчаларда, бекат ва оддий пластик карталарда ҳам у киши яратган ноёб санъат намуналарини кўришимиз ва улардан завқ олишимиз мумкин. Гап ким ҳақида кетаётганини пайқадингизми?! Ҳа, сўз портретчи—миниатюрачи-рассом, профессор, юзлаб ўқувчига сабоқ берган педагог. Ўзбекистон ва Татарстон халқ рассоми, Сталин мукофоти лауреати. Санъатшунослик оламида «Аҳмаров мактаби» номини қолдирган инсон— Чингиз Аҳмаров ҳақида эди. Бугун биз унинг набираси, рассом Шаҳноз АБДУЛЛАЕВА билан суҳбатлашиш асносида ўзбек Давинчисининг биз билмаган ҳаёт йўли ҳақида гаплашдик.
Бизда кўпчилик, рассомлар айниқса портрет жанрига асосан бирон бир туғилган кун сабаб мурожаат қилишади, шунгами санъат дунёсини, унинг завқини кўпда тушунавермаймиз. Бироқ сиз учун, ҳам рассомлар оиласида улғайиб, ҳам шу соҳада таҳсил кўрган ижодкор сифатида тасвирий санъат бошқача маъно англатса керак?
— Ҳа, албатта санъат оламининг узоқ йиллик вакили сифатида рассомлик бевосита менинг шахсиятим билан уйғунлашиб кетган. Мен 1983 йилда тасвирий санъат мактабини тугатиб, шу йилнинг ўзида Театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирганман. Асосан эркин рассом сифатида фаолият юритганман. Менга шу қулай. Лекин биринчи шахсий кўргазман 1989 йилда олтинчи курсни тугатиш арафасида ташкил қилинган. Менимча, бу жуда омадли дебют бўлган, сабаби шу галареянинг ўзида бешта суратларим Урганч тасвирий санъат уйи томонидан сотиб олинган. Шу билан мен расман рассом сифатида тан олинганман ва ижодий фаолиятим бошланган. Ҳозирги кунда халқаро ва маҳаллий кўргазмаларда ўз ишларим билан фаол иштирок этиб келмоқдаман. Икки йил олдин ўз шахсий альбомим ва кўргазмамни тайёрлагандим, лекин фавқулотда ҳолат туфайли тақдимот шу йилнинг сентябрига қолдирилган, насиб қилса шу йил бўлиб ўтади.
Жаҳонда «Шарқ хонимлари ритцери» деб таърифланувчи Чингиз Аҳмаров табиатан қандай инсон эди?
— Археолог олим Галина Пугаченко бобомга айни шу таърифни берган эди. Бу таъриф Чингиз Аҳмаровга у шунчаки Марказий Осиё аёлларининг мукаммал портретини яратгани учунгина эмас, балки у инсондаги олийжаноблик ва киборларга хос феъли билан бир қаторда ўзини ўта содда ва камтар тута олиши учун ҳам берилган, назаримда. Мен болаликдан унинг хонадонида, у билан ҳамнафас ўсган инсон сифатида у қанчалар меҳмонларни, уни йўқлаб келганларни севишини алоҳида айтиб ўтишим керак. Уйига ким келишидан қатъий назар у оддий бўёқчи бўладими, олимми ҳаммага бирдек муомала қиларди. Унинг уйига кириш эшиги икки томонли бўлиб, киришдаги даҳлизга «Хуш келибсиз» деб, ноз—неъматларга тўла патнос тутиб турган қиз сурати осиб қўйилганди. У устахонада ишлаётган кезлари, эшикка «Мен биринчи қаватда, уйдаман, қўнғироқни қаттиқроқ босинг» деган записка қистириб қўярди. У рассомларга хос, оддий ҳаёт кечирар ва ҳаммага айниқса ёш рассомларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзарди. Бу ёрдам рассомлик асбобларини улашишдан тортиб, уларга ўз йўлини топишига кўмаклашишгача борарди. Мен ҳам 9 йил рассомлик мактабида ўқиш давомида у кишининг доимий эътиборини ҳис қилиб турганман.
Do'stlaringiz bilan baham: |