Ҳарбий жиноятларни содир этганликда айбдор кишилар
Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг қуйида тилга олинадиган у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёхуд содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топиш ва қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъи назар, уларни ўз судига топширишни зиммасига олади.
“Олий Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири қоидаларнинг... у ёки бу жиддий бузилишини содир этганликда ёхуд содир этишга буйруқ берганликда айбланаётган шахсларни қидириб топишни... зиммасига оладилар”, - дейилади 1949 йилги Женева конвенцияларининг 49 (I ЖК), 50 (II ЖК), 129 (III ЖК), 146 (IV ЖК) моддаларида. Бундан келиб чиқадики, ҳарбий жиноятларда айбдор деб фақат жисмоний шахслар тан олиниши мумкин. Қуйидагиларни содир этган жисмоний шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин:
- инсонпарварлик ҳуқуқи томонидан тақиқланган ҳатти-ҳаракатни содир этишни буюрган;
- унинг содир этилишига қаршилик кўрсатиш имконига эга бўлса-да, бундай чора кўрмаган;
- бевосита бажарувчига ёрдам бериб, унинг содир этилишига кўмаклашган;
- уни режалаштиришда иштирок этган;
- уни содир этишга ундаган.
ХИҲ меъёрларига риоя қилинишида алоҳида жавобгарлик командирларнинг зиммасига юкланишини яна бир бор таъкидламоқчимиз. ХИҲ қоидабузарликлари борасида БМТ Бош ассамблеяси билдирганидек, «ўзига бўйсунувчи шахслар тегишли халқаро шартномаларнинг қоидаларига амал қилишлари учун зарур чораларни кўрмаган бошлиқлар ҳам жавобгарликка тортиладилар».
ХИҲ ва ҳарбий жиноятчиларни суд қилиш
Женева конвенцияларига қўшилар экан, давлатлар ушбу Конвенцияларнинг қоидаларини жиддий бузганликда айбдор шахсларни жазолаш учун зарур қонуний чораларни қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига оладилар. Бундан ташқари, давлатлар ушбу шартномаларни жиддий бузганликда айбланаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиши ёки уларни суд қилиш учун бошқа давлатга топшириши лозим. Бошқача айтганда, жиддий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор шахслар ёки ҳарбий жиноятчилар ҳамма вақт ва ҳамма жойда жиноий жавобгарликка тортилишлари лозим бўлиб, бу вазифани бажариш давлат зиммасига юкланади.
Одатда, у ёки бу давлатнинг жиноятларга оид қонунчилиги фақат унинг ҳудудида ёки унинг фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларга нисбатан қўлланилади. Бу маънода халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи янада кенгроқ кўламга эга, чунки у давлатлардан жиддий ҳуқуқбузарликда айбдор бўлган барча шахсларни, уларнинг фуқаролигидан ва жиноят содир этилган жойдан қатъи назар, қидириб топиш ва жазолашни талаб қилади. Бу тамойил – яъни универсал юрисдикция тамойили – жиддий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарали бўлишини таъминлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бундай таъқиб турли давлатларнинг миллий суд идоралари томонидан ҳам, халқаро суд идоралари томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Шу муносабат билан собиқ Югославияда ва Руандада можаролар даврида ҳарбий жиноятлар содир этган шахсларни суд қилиш мақсадида БМТ Хавсизлик Кенгаши томонидан тегишли равишда 1993 ва 1994 йилларда таъсис этилган шу мамлакатлар бўйича махсус жиноий Трибуналлар ҳақида эслатиб ўтиш жоиз.
Ўқувчилар Нима учун инсонпарварлик ҳуқуқи меъёрларига ҳар доим ҳам риоя қилинавермайди, бу меъёрларни бузишнинг олди эса ҳар доим олинавермайди? деб савол беришлари мумкин. Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Баъзилар бу меъёрларни билмаганликдан, деб уқтиришади. Бошқалар эса бунинг сабабини урушнинг табиатидан қидириш керак, деб ҳисоблашади. Учинчи кишиларнинг фикрича, халқаро ҳуқуқ, демак, инсонпарварлик ҳуқуқи ҳам уни миллий қонунчиликка жорий этиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида марказлаштирилган ва самарали тизимни кўзда тутмаганлигини, бу эса, бошқа сабаблар қатори, халқаро ҳамжамият тузилишининг ҳозирги даврдаги аҳволи билан боғлиқлигини айтадилар. Нима бўлганда ҳам, сўз қуролли можаро пайти ёки тинч давр ҳақида кетяптими, амалдаги қонунчиликнинг миллий ёки халқаро хусусиятдалиги ҳақидами, бундан қатьи назар, қонунлар бузилади ва жиноятлар содир қилинади. Энг муҳими бу жиноятларни қоралаш, олдини олиш ва уларга чек қўйишдир. Шу нуқтаи назардан ҳарбий жиноятларга суд томонидан чек қўйиш инсонпарварлик ҳуқуқини имплементация қилишга, у қандай миқёсда – миллий ёки халқаро миқёсда – амалга ошириладиган бўлса ҳам, кўмаклашувчи чоралардан бири сифатида қаралиши лозим.
Шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг доимий амал қилувчи халқаро жиноят суди тузилишига олиб келган саъй-ҳаракатлари тўғрисида ҳам айтиб ўтиш керак. Жаҳон ҳамжамияти мазкур халқаро суд органи бугунги кунда ҳам кўп учраётган жазога тортилмай қолиш ҳолатларига чек қўйишда кўмак беради, дея умид қилади.
Айтиш жоизки, собиқ Югославия бўйича Халқаро жиноят трибунали, одатий халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ҳарбий жиноят тушунчаси нафақат халқаро можаро вақтида содир этилган, балки халқаро бўлмаган можаролар вақтида содир этилган жиддий ҳуқуқбузарликларни ҳам қамраб олишини тан олди. Халқаро жиноят судининг Статути ва Руанда бўйича Халқаро жиноят трибуналининг Низомида кўзда тутилган ҳарбий жиноятлар рўйхатига ички қуролли можаролар даврида содир этилган жиноятлар ҳам киради.
Хулоса
Дарсда ўқувчилар ахлоқий бурч ва масъулият каби тушунчаларни батафсил таҳлил қиладилар. Ўқувчилар инсон бошқа одамлар орасида, яъни жамиятда турмуш кечирар экан, ҳеч бир вазиятда қоидаларсиз фаолият юритолмаслигини англаб олиб ва қоидалар масаласи устида чуқур мулоҳаза юритиб, улар халқаро меъёрлар у ёқда турсин, ҳатто кундалик, оддийгина қоидаларга риоя қилиш ҳам кўпинча жиддий дилеммаларни вужудга келтириши ҳақида хулоса чиқарадилар.
Муаллифлар ўқитувчи бу борада ўқувчиларга ўзларда инсонийлик фойдасига ҳал қилинувчи хулосалар чиқаришда ёрдам бера олади, шунингдек уларни бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисаларни, ўзларининг ва бошқаларнинг ҳатти-ҳаракатларини юқори масъулият туйғусига мос тарзда баҳолашга ундай олади, дея умид билдирадилар.
Илова A
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ
Do'stlaringiz bilan baham: |