Ишларнинг дастлабки босқичи, бола билан биринчи бор алоқада бўлиш
Кўпинча психолог билан учрашув бола учун мана шундай мутахассис билан биринчи бор учрашув ҳисобланишини эсдан чиқармаслик керак, шу билан бир вақтда бу учрашув одатда боланинг психологик ҳимоялаш механизмлари кучли бўлган, унинг кескин мослашиш даврида содир бўлади. Шунинг учун бола биринчи учрашув пайтида ўзини эҳтиёткор тутишга ҳақли эканлигини тан олиши муҳим. Боланинг ёшини ҳисобга олиш керак: мактабгача ёшдаги бола ёки кичик ёшдаги мактаб ўқувчиси билан учрашувни расм чизиш ёки ўйиндан бошлаш ва шундан кейингина тегишли мавзуга ўтилса яхши бўлади (бу ишни эҳтиёткорлик билан аста-секин бажариш керак).
Янада каттароқ ёшдаги болалар билан мазмунли суҳбатни бошлашдан аввал кичик ёқимли суҳбат қуриш фойдали бўлиши мумкин. Бола ҳар хил кайфиятда бўлиши ва уларни турлича ифода этиши мумкин, бунга тайёр бўлиш керак. Яхшиси болага ўзининг ҳиссиётларини намоён этишга имкон бериш, агарда бола хоҳласа шулар ҳақида у билан суҳбатлашиш керак. Бола билан биринчи бор учрашувнинг бошида албатта ўзини таништириш, ўз касби ҳақида гапириб бериш, бўлажак ишларнинг мазмуни ва мақсадлари ҳақида қисқача тушунтириб бериш керак.
Агарда бола одамови, ташаббуссиз бўлса, содир бўлаётганларга қизиқмаётган бўлса, ушбу ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ бўлади. Боладан ҳам ўзини таништиришни сўраш ва суҳбат жараёнида унга иложи борича кўпроқ исмини айтиб мурожаат этиш керак. Ишни жароҳат етказган вазият билан боғлиқ бўлмаган, бошқа мавзулардан бошлаш тавсия этилади. Мактаб, ўртоқлари билан муносабатлари, қизиқишлари суҳбат учун мавзу сифатида хизмат қилиши мумкин. Шундан кейин оиласи ва уйи ва фақатгина шундан сўнг туйғулари ҳақида гапириш мумкин («Нима сени бахтли қилиши мумкин? Қачон ғамгин бўласан?»). Суҳбат мавзуларини боланинг ўзи танлашига имкон бериш, унинг эркин сўзлашини рағбатлантириш, ўзи ҳақида овоз чиқариб ҳар қандай ахборотни гапирганида уни қўллаб-қувватлаб туриш муҳим. Танглик вазияти ҳақида гапирганида рағбатлантириш зарур, аммо болани бу ҳақида гапиришга ҳеч қачон мажбурламаслик керак.
Боланинг сезгилари билан ишлаганда ҳаяжонларини фақатгина тўғри вербал муҳокама қилиш билан чекланмаслик керак, бола ўз хиссиётларини образли расм чизиш, метафоралар, ҳис-туйғулар ассоциациялар билан ифода этишига имкон бериш муҳим. Рамзий даражада ифода этилган ҳиссиётларидан (образлар, метафоралар, расмлар, ўйин ва бошқалар) когнитив даражасига, содир бўлаётганларни ажратиш ва хулосаларга ўтиш керак. Содир бўлганларни кетма-кетлигини фақатгина бола айтган ҳолатларга таяниб, у билан бирга қайта тиклаш керак, бу ишни бола учун тушунарли даражада бажариш керак. Болага сизнинг у билан учрашувларингиз албатта кераклигини, кўпроқ ўсмирнинг ўзига жуда кераклигини айтиб ўз қарашларингизни унга тўғри тушунтиришингиз мумкин. Ўсмирлар билан алоқани ўрнатишда психолог қуйидаги шартларга амал қилиши керак: ўсмирларни улар қандай бўлсалар шундай қабул қилиш керак; барча учрашувлар давомида ўсмирга психологик ёрдам кўрсатиш, унга ўзининг имкониятларини кўрсатиш зарур; ўсмирлар билан албатта «катталар-катталар» ролларидаги муносабатда бўлиш керак; вақти вақти билан ўсмирларга хос муносабатлар усуллари орқали (нутқи, мимикаси, ишоралари) уларга қўшилиш зарур; психолог жинсига хос хулқини намойиш этиш зарур;
Ишлар давомида энг муҳим томонларига ўсмирнинг эътиборини қаратиш, содир бўлаётганлар моҳиятини тушуниш жуда муҳим;
Ўсмирнинг тўсатдан фаоллигини рағбатлантириш ва тақдирлаш керак.
Фактларга асосланиб болага/ўсмирга танглик ва унинг оқибатларини тушунарли сўзлар билан таърифлаб бериш муҳим. Биринчи учрашувдаёқ болага келажакнинг ҳақиқий кўринишини кўрсатиб бериш ва ишонч ҳосил қилиш керак. Қуйидагиларни доим ёдда тутиш керак:
«Ҳатто икки ва уч ёшли болалар ҳам ўзлари билан бўлаётган ҳодисалар ҳақида гапириб беришлари — аниқ эслашлари ва тасвирлашлари мумкин.
• Уч ёшли болалар судда аниқ кўрсатмалар берадилар.
Агарда уларга тегишли усулда тўғри саволлар берилса ҳар қандай ёшдаги болалар ҳам билганларини гапириб бера оладилар.
Болаларнинг кўрсатмаларидаги қарама-қаршилик оддий ҳолат.
Кичик болалар сўзлардан уларнинг тўғри маъносида фойдаланадилар.
Кичик болалар бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ фикрларни кузатишга жуда қийналадилар. Болалар ҳар доим ҳам сизга саволни тушунмаганларини айтолмайдилар. Болалар гапларингизни тушунишлари ҳар доим ҳам сизнинг саволингизга жавоблари ҳисобланмайди. Матнни ёддан такрорлашлари бола матннинг мазмунини тўлиқ тушунганини англатмайди. Болалар ўзларининг кечинмаларини тўғри ифода этишга қодир эмаслар.
Do'stlaringiz bilan baham: |