Физик-механик хоссалар
Иссиқлик изоляцияси материалларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлиги материалнинг юклама (зўриқиш) таъсирида 10% деформацияланиши билан белгиланади. Бунда буюмнинг қалинлиги 10% ўзгаради.
Материалнинг сиқилувчанлиги муайян юклама таъсирида қалинлигини ўзгартириш қобилиятига айтилади. Сиқилувчанлиги жиҳатидан материаллар қуйидагича тавсифланади: юмшоқ М-деформацияланиш 30% юқори; яримбикир ПЖ-деформацияланиш 6-30%; бикр Ж-деформацияланиш кўпи билан 6%.
Сиқилувчанлик 0,002 МПа солиштирма юклама таъсирида сиқилишдан ҳосил бўлган деформация билан изоҳланади.
Иссиқлик изоляцияли материалларининг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 0,2-2,5 МПа атрофида бўлади. Толали материаллар (плиталар, қобиқлар, сегментлар) мустаҳкамлиги асосан эгилишдаги мустаҳкамлик чегараси билан белгиланади.
Ноорганик материалларнинг эгилишдаги мустаҳкамлиги 0,15-0,5 МПа, ѐғоч толали прессматериалларники эса 0,4-2 МПа бўлади. Минерал толали пахта, шиша толали пахта, асбест картон каби эгилувчан иссиқлик изоляцияли материаллари чўзилишдаги мустаҳкамлик чегараси билан характерланади.
Иссиқлик изоляцияли материалларининг мустаҳкамлиги боғловчининг турига, тайѐрлаш технологиясига бевосита боғлиқ бўлади. Уларнинг мустаҳкамлиги ташиш, сақлаш, монтаж қилиш ва ишлатилиш даврида бутунлигини кафолатлаши керак.
Иссиқлик изоляцияли материалларининг сув шимувчанлиги жуда катта оралиқда ўзгаради. Масалан, ўта енгил пенопластларнинг масса бўйича сув шимувчанлиги хусусий массасига нисбатан 20-40 марта катта бўлиши мумкин. Материал ғоваклари ѐпиқ бўлса, сув шимувчанлиги кам бўлади.
Материалларнинг сув шимиши иссиқлик изоляцияси хусусиятларини кескин камайтиради ва шу билан бирга мустаҳкамлигини пасайтиради.
Уларнинг сув шимувчанлигини камайтириш мақсадида таркибига гидрофобизацияловчи қўшимчалар қўшиш, юзасини гидроизоляцион материаллар билан қоплаш ва зичлаштирувчи моддаларни юзаки (5-10мм) шимдириш ва бошқа усулларни қўллаш мумкин.
Бинолар қурилишида иссиқлик изоляцияли материалларининг ишлатилиши хоналарнинг деворлар орқали табиий шамоллашига қаршилик қилмайди.
Турар жой биноларида деворлар ва тўсувчи конструкциялар газ ва ҳаво ўтказувчан бўлиши мақсадга мувофиқдир. Намлик юқори бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган саноат бинолари иссиқлик изоляцияси материаллари билан қопланганда хонанинг ички томонидан кафолатли гидроизоляция воситалари билан ҳимояланиши керак.
Иссиқлик изоляцияси материаллари ѐнувчанлиги 800-8500С ҳароратда 20 дақиқа давомида ушлаб туриб аниқланади.
Ҳар бир материал учун ишлатиш рухсат этилган ҳарорат белгиланган бўлиб, ушбу чегарадан юқори ҳароратда буюмларнинг физик-механик хоссалари ўзгариши мумкин. Ёнадиган материаллар ишлатилганда уларни ѐнишдан сақлаш чора-тадбирларини кўриш мақсадга мувофиқдир.
Иссиқлик изоляцияси материаллари бевосита кимѐвий ва биологик агрессив муҳитларда ишлатилмаса ҳам, агрессив газлар, буғлар уларнинг вақт давомида бузилишига сабаб бўлади. Коррозия жараѐни иссиқлик изоляцияси материалларига конструктив хусусиятлар ҳам берилганда юз бериши эҳтимоли юқори бўлади.
Минерал боғловчилар асосидаги иссиқлик изоляцияси материаллари одатда кучсиз кислоталар, ишқорлар, туз эритмалари ва биологик муҳитларга чидамли бўлади. Материал кучли кислота ва ишқорлар таъсирида бўлиши эҳтимолига қараб полимер боғловчиларнинг тури танланиши мумкин. Масалан, рангли металлургия цехларида фуран, эпоксид, фенол-формалдегид полимерлари асосидаги иссиқлик изоляцияси материаллари ишлатилади. Органик боғловчилар (елимлар, крахмал, карбоксилметилцеллюлоза) ва тўлдиргичлар (ѐғоч, каноп) асосидаги иссиқлик изоляцияси материаллари биологик муҳитлар таъсирига, яъни микроорганизмлар, замбуруғлар, чумоли ва термитларга чидамли бўлиши керак.
Биологик муҳитларга чидамлилигини ошириш учун иссиқлик изоляцияси мутериаллари таркибига антисептик моддалар киритиш ва намланишдан ҳимоялаш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |