Қурилиш индустриясида бетон қоришмаси механизациялаштирилган ва автоматлаштирилган бетон заводларида, темирбетон заводларининг бетон қоришмаси узелларида ѐки бевосита қурилиш майдонларида жиҳозланган кўчма бетон қоргич марказларида тайѐрланади.
Бетоннинг сифати компонентларни аниқ ўлчаш, бир жинсли ҳолатгача аралаштиришга боғлиқдир. Бетон заводларда бетон қоришмаси автоматик ва ярим автоматик дозаторлар воситасида миқдорланади. Дозалаш аниқлиги цемент ва сув учун ±1% (массаси бўйича) ва тўлдиргичлар учун ±2% дан ортиқ бўлмаслиги керак. Ҳозирги кунда бетон компонентларини дозалаш компютер марказларидан туриб бошқарилади ва бетон қориш жараѐнида тўлдиргичларнинг намлиги ҳисобга олиниб, таркибга аниқликлар киритилади.
Бетонқоргичлар ишлаш принципи бўйича узлукли ва узлуксиз ишлайдиган турларга бўлинади. Улар бетон қоришмасининг эркин тушишига ва мажбуран аралаштиришга асосланган бўлади.
Одатда тўхтаб ишлайдиган бетон қоргичлар ишлатилади. Ҳаракатчан ва қуйма бетон қоришмалари материал эркин тушадиган қоргичларда тайѐрланади. Материалларнинг эркин тушишига асосланиб ишлайдиган
қоргичлар ишчи органи барабан ичига ўрнатилган куракчалардан иборат бўлади.
Барабан айлантирилганда куракчалар компонентларни илинтириб бир оз баландликка кўтаради, сўнгра материаллар пастга тушиб аралашади. Бу принципда ишлайдиган бетон қоргичларнинг ишчи сиғими 100-1500л бўлади. Махсус механизмлар ѐрдамида барабаннинг қиялиги ўзгартириб турилади. Ишчи сиғими 120 л гача бўлган бетонқоргич кўчма, ундан катта ҳажмлилари эса қўзғалмас бўлади.
Эркин тушадиган бетонқоргичларда ҳаракатчан бетон қоришмалари ҳажми 500л бўлса – 1-1,5 мин; ҳажми 1200л бўлса – 2 мин ва ҳажми 2400л бўлса – 2,5-3 мин давомида тайѐрланади.
Мажбуран аралаштирадиган бетонқоргичларда бикр бетон қоришмалари тайѐрланади. Бундай қоргичлар цилиндрсимон шаклда бўлиб, марказий ротор қисмига куракчалар ўрнатилган бўлади. Ротор айлантирилганда куракчалар бетон қоришмасини мажбуран аралаштириб бир жинсли массага айлантиради. Ҳосил бўлган бетон қоришмаси цилиндр тубидаги люк орқали туширилади.
Ҳаракатчан бетон қоришмаларини горизонтал валга ўрнатилган куракчали ва шнекли узлуксиз қоргичларда тайѐрлаш мумкин. Бикр бетон қоришмаларини эса қўшимча титратиш усулида аралаштириш мақсадга мувофиқ. Узлуксиз бетонқоргичлар унумдорлиги (30, 60, 120 м3соат) тўхтаб ишлайдиган қоргичларга нисбатан юқори бўлиб, электроэнергия ва меҳнат ресурсларини тежайди.
Бетон қоришмаси тайѐрлайдиган завод ва узеллар тўла механизациялаштирилган ва автоматлаштирилган компонентларни қабул қилиб олувчи, узатувчи, зарурат бўлганда иситувчи тўлдиргичлар омборхонасига, цемент омборхонасига эга бўлиши керак. Цемент ва тўлдиргичлар транспортлар ѐрдамида бункерларга солинади ва дозаторлар ѐрдамида ўлчаб бетонқоргичларга узатилади, сув ва турли сиртактив қўшилмалар алоҳида тайѐрланиб, сўнг бетонқоргичга насос ѐрдамида узатилади. Бетон қоришмаси маромига етказиб тайѐрлангач, махсус транспортлар ѐрдамида истеъмолчига юборилади.
Ҳозирги кунда бетон қоришмасини қуруқ ҳолда тайѐрлаб истеъмолчига юбориш ва қурилиш объектининг ўзида сув билан аралаштириш кенг тарқалмоқда. Бу усулда қуруқ бетон қоришмаси махсус автобетонқоричларда истеъмолчиларга етказилади. Замонавий автобетонқоргичлар махсус процессор ѐки компютерлар ѐрдамида бошқарилади ва исталган таркибдаги ва миқдордаги бетон қоришмасини тайѐрлаш имкониятига эга.
Бетон заводларида бетоннинг сифатини назорат қилувчи лаборатория, таъмирлаш-механика устахонаси ва бошқа инфраструктура яратилиши керак. Бетон заводи истеъмолчига юбораѐтган бетон қоришмасига ѐки қуруқ қоришма ҳар бир партиясига бетон маркаси, қулай жойланувчанлиги кўрсатилган паспортни илова қилиши шарт.