I БОБ. ЎРТА ЗАРАФШОН ҲАВЗАСИНИНГ
ТАБИИЙ ШАРОИТИ ТАВСИФИ
Географик ўрни ва чегаралари
Ўрта Зарафшон ҳавзаси Ўзбекистоннинг марказий қисмида, асосан, Самарқанд, қисман Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган. Ушбу битирув малакавий ишида ўрганилаётган мазкур Ўрта Зарафшон ҳавзаси Зарафшон водийсидан ер пўстининг тектоник жараёнлар таъсирида чўккан, республикамизга қарайдиган ўрта қисмини ўз ичига олади. Унинг ғарбий чеккаси 650001, шарқий чеккаси эса 670301 меридианлар билан чегараланади. Ҳудуднинг шимолий чекка нуқтаси 400651, жанубий нуқтаси эса 390151 параллелларда жойлашган [18].
Ўрта Зарафшон ҳавзаси аниқ табиий географик чегарага эгадир. Уни шимол томондан Ғубдинтоғ, Қароқчитоғ, Нурота тоғлари Оқтов, Қоратов тоғлари чегаралаб туради. Ўрта Зарафшон ҳавзасини жанубдан Чақилкалон, Қоратепа, Зирабулоқ, Зиёвуддин тоғлари ўраб турса, шарқдан Тожикистон билан чегарадош. Биз ўрганаётган ҳудуд, ғарбда, Қуйи Зарафшон воҳасидан Хазара йўлаги билан ажралиб туради (1-расм).
1.1-расм. Ўрта Зарфшон ҳавзасининг табиий харитаси
1.2. Геологик тузилиши ва рельефи
Геологик тузилиши. Зарафшон ҳавзаси, юқорида қайд этилганидек, Турон плитасининг чўккан қисмида жойлашиб, неоген даврида денгиз сувининг чўкиндиси кўтарилиши туфайли қуруқликка айланган, сўнгра дарё ўз ўзанини ювиб, чуқурлаштириб, қатор қайирлар ҳосил қилган. Бу қайирлар гил, қумоқ ва лёссимон жинслардан ташкил топган [13].
Ўрта Зарафшон ҳавзасини ҳар икки томонидан ўраб турган тоғлар эса палеозой эрасининг оҳактош, кристалл ва сланес каби тоғ жинсларидан таркиб топган. Бу жинслар герцин тоғ ҳосил бўлиши жараёнида бурмаланган. Натижада, ҳавза шимолида Нурота, Оқтов ва Қоратов, жанубида эса Қоратепа, Зиёвуддин ҳамда Зирабулоқ тоғлари кўтарилиб қолган. Бу тоғлар сўнгги геологик даврларда рўй берган нураш оқибатида пасайиб, Зарафшон дарёсининг ирмоқлари ва сойлар ҳамда физик нураш таьсирида яссиланиб, қиймаланиб, ҳавзанинг ҳозирги қиёфаси шаклланган.
Релеьфи. Ўрта Зарафшон ҳавзасининг релеьфи бир хил эмас, унинг водийси текисликдан иборат бўлиб, шарқдан ғарбга пасайиб боради: Самарқанд шаҳри яқинида баландлик 700 - 750 м бўлса, Каттақўрғонда 450 м, Навоийда 347 м га тушиб қолади. Ҳавза марказий қисмидан ҳам шимолга, ҳам жанубга баландлашиб боради. Ҳавзанинг шимолида Нурота тизмаси жойлашиб, ўртача баландлиги 1500 м, энг баланд чўққиси – Ҳаётбоши, 2169 м. Нурота тоғининг жанубида баландлиги 500-600 м бўлган Нурота-Қўйтош ботиғи ўрнашган, унинг жанубида Ғубдинтоғ, Қароқчитоғ, Оқтов, Қоратов, Бахилтоғ каби кичик тизмалар жойлашган (1.2-расм).
Зарафшон водийсининг жанубида, юқорида қайд этиб ўтилганидек, Қоратепа, Зирабулоқ, Зиёвуддин тоғлари жойлашиб, улар орасида Қарноб ва Жом ботиқлари ўрнашган.
Ҳавза ҳудудидаги Зарафшон водийсининг ўзига хос хусусияти шундаки, у гоҳ кенгаяди, гоҳ тораяди. Зарафшон водийсининг ана шундай кенгайган жойида Самарқанд ботиғи жойлашган. Унинг, ер усти тузилиши ясси текисликдан иборат бўлиб, ғарбда то Хазар йўлагигача 220 км га
1.2-расм. Ўзбекистоннинг геологик картаси
чўзилган. Унинг кенглиги 50-60 км бўлиб, шимол ва жанубдан паст тоғлар ўраб олган. Ҳавзанинг бу қисмида Зарафшон дарёсининг учта кўҳна қайирлари бўлиб, улар лёссимон юмшоқ жинслардан тузилган. Шу сабабли сой ва мавсумий сувлар уларни ювиб, жуда кўп жарлар ҳосил бўлган.
Самарқанд ботиғи ғарбга томон торайиб, пасайиб боради. Чунки Қоратов ва Зиёвуддин тоғларининг ғарбий давоми ҳисобланган Автобач ҳамда Азкамар платолари яқинлашиб, Хазар йўлагини ҳосил қилади. Бу ерда Зарафшон водийси кенгайиб, унинг кенглиги 8-10 км бўлиб қолади. Хазар йўлагидан ғарбга ўтгач, Зарафшон водийси яна кенгайиб, пасайиб, Бухоро воҳасини ҳосил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |