"HURRIYAT" газетасининг 2021 йил 25 август 34-сонида ўқинг:
МАДРАСАЛАР ҚАМОҚХОНАГА АЙЛАНГАН ЗАМОН
ёхуд жиззахлик Назирқул Ҳасановнинг аянчли тақдири хусусида
1937-1938 йиллар. Ушбу давр ҳозирда тарих фанида “Катта террор” даври дея аталади. Ана шу машъум йилларда қатағон қурбони бўлган ижодкорлар, мулкдорлар билан бирга ўз даврининг меҳнаткаш, фидойи раҳбарлари ҳам бўлган. Шулардан бири Назирқул Ҳасанов эди. Хўш, Назирқул Ҳасанов ким бўлган? Афсуски бунга нафақат бугунги ёш авлод, ҳатто у кишининг жиззахлик қариндош уруғлари ҳам тўла жавоб бера олишмайди. Негаки, Назирқул Ҳасанов ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ишлари шу кунгача олиб борилмаган.
Назирқул Ҳасанов 1937 йилнинг 25 май куни ёзган таржимаи ҳолида шундай дейди: “1903 йилда Зомин районидаги Ём қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилганман. 1914-16 йилларда диний таълим олдим. Ундан сўнг 1,5 йил мобайнида Зоминдаги рус-тузем мактабида ўқидим. 1916 йилги халқ қўзғолонига ижобий муносабатим боис ўқишни ташлаб, деҳқончилик билан шуғулландим. Февраль инқилоби эса кўзимни очиб, ҳаётга теран қарашга ундади. Дастлаб комсомол ячейкаси туздик.
Ундан сўнг турли совет, партия топшириқларини бажардим. 1920 йилдан ВКП(б) аъзосиман. Жиззах районининг партия қўмитасида, Самарқанд ва Сурхондарё округларидаги совет ташкилотларида масъул вазифаларда ишладим. 1930 йилдан 1933 йилгача “Ўзколхозстрой” раиси, ундан сўнг республика ер ишлари халқ комиссарининг ўринбосари бўлиб ишладим.1934 йилдан бери Хоразм округ ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаяпман. Москвадаги Свердлов номли университетда биринчи йил сиртдан сабоқ олаётирман”.
Таржимаи ҳолдан ҳам кўриниб турганидек Назирқул Ҳасанов 17 ёшидан бошлаб дастлаб Жиззахда, кейин бошқа округларда, кейин республика миқёсидаги раҳбарлик вазифаларида фаолият кўрсатган. Айнан Хоразмда масъул вазифада ўз фаолиятини бошлаган даврда эса 31 ёшда бўлган.
Назирқул Ҳасановнинг ана шу уч йиллик фаолияти ҳақида Хоразмнинг кекса авлод вакиллари шундай хотирлашганди:
Кекса журналист Маткарим Худойбергановнинг хотираларидан:
— Назирқул Ҳасановни мен “Инқилоб қуёши” газетасида ишлаган пайтимдан билар эдим. Назирқул Ҳасанов анча тўлиқ, гавдали киши бўлиб, вазмин сўзлар, ночорларга тезкорлик билан ёрдам кўрсатарди. Шошма-шошарликни асло ёқтирмасди. Шу билан бирга Назирқул ака ўта талабчан бўлиб, партия аъзолигига, раҳбарлигига тасодифан кириб қолган баъзи қоғозбоз, буйруқбоз шахсларни аёвсиз танқид қиларди.
1935-36 йилларда халқнинг турмуш шароитини яхшилаш, партия раҳбарлигидагиларнинг бюрократиясига чек қўйиш ҳақида вилоят раҳбариятининг халққа мурожаати “Инқилоб қуёши” газетасида чоп этилди. Мен мурожаатга қўл қўйдириш учун обком секретари Нормат Исроилов,ижроқўм раиси Назирқул Ҳасановларнинг кабинетига кириб чиққанман. Ўшанда мурожаатни Нормат ва Назирқул акалар синчковлик билан ўқиб айрим тузатишлар киритганди. Бу пайтда яна араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилганига 4-5 йил бўлганига қарамай воҳа аҳолиси ичида саводсизлик кўп эди.
Шу боис Назирқул ака кечки савод курсларини ташкил этиб, ҳар бир колхоз, шаҳардаги ташкилотларда лотин ёзувида ўқитишни, “Инқилоб қуёши”ни ўқиб давр янгиликларини билиб боришни ташкил ва тавсия қилди. Шунингдек, Нормат ака ва Назирқул акаларнинг ташаббуси билан Урганч шаҳрида, Хива, Ҳазорасп, Гурлан туманларида рус мактаблари ташкил этилди. Рус тилини ўрганишга иштиёқманд болаларга қўшимча машғулотлар ўтилиб, 1936 йилда 50-60 нафар Хоразм ёшлари Москва, Ленинград шаҳарларига ўқишга юборилади.
Шу каби ҳозирги УрДУ, олдинги Хоразм Давлат педагогика институтига ҳам 1935 йилда айнан Нормат Исроилов ва Назирқул Ҳасановларнинг ташаббуси, уларнинг Тошкент, Москва шаҳарларига юборган таклиф, мурожаатлари асос бўлган. Ўшанда олий таълим маскани — Хоразм ўқитувчилар тайёрлаш институти деб номланган. Институтнинг очилишида Нормат Исроилов, Назирқул Ҳасановларнинг қатнашгани вилоят газетаси — “Инқилоб қуёши” саҳифаларида ёритилган.
Назирқул Ҳасановнинг “Инқилоб қуёши” газетасининг 1936 йил 16 сентябрдаги сонида “Боғча ва яслилар намунали ташкил қилинсин” номли мақоласида округ маориф бўлими мутасаддиларигагина эмас, балки журналистларга ҳам мурожаат қилиб ўтади: “Сиз мухбирлар ясли ва болалар боғчаларига кўп эътибор беришингиз лозим. Хотин-қизларга кенг шароит туғдириб беришга ёрдам ва эътибор беришимиз керак. Лекин ҳозиргача бу масалага кам аҳамият бериб келмоқдамиз. Районларимизда маданий усулда қурилган, мақтарлик равишда ташкил этилган ясли ва боғчаларимиз бор. Буларнинг намуналарини кўрсатиш ва қолоқларини яхшилаш учун ёрдам беришимиз керак. Ҳар бир мухбир ўта саводхон бўлиши, ўз уйида кутубхона ташкил этиши керак. Сиз маданиятли бўлишингиз билан бошқалардан ажралиб туришингиз керак”.
Назирқул Ҳасанов ушбу мақоласида саводсизликни тугатиш мактабларидаги аҳвол ҳақида сўз юрита туриб, жамиятдаги таълим жараёни билан боғлиқ муаммоларни ҳам кўтариб чиқади: “Бир дўкон мудири 100 сўм пулни исроф қилса катта шовқин кўтарилади. Иш дарҳол судга ўтказилади, суд идоралари дарҳол тегишли моддаларни ҳам топадилар. Кўрасизки бу соҳада, бу бобда яхши ишлайдилар — ҳушёрлар, сезгирлар жуда кўп. Саводсизликни битириш учун ажратилган ажойиб, катта фонддан эса мингларча, ўнг мингларча пул сарф қилинади. Бу кўринишга келганда уларни кечириб юборамиз, шундай бўлиши керакдир деймиз. Бу соддадилликдан истаган кишилар жуда усталик билан фойдаланадилар. Бу борада дарҳол ўзгаришимиз керак. Саводсизликни битириш учун ҳукуматимиз томонидан ажратилган миллионларча пулнинг ҳар сўми, ҳар тийини унумли сарф этилсин. Мактабларни ўқув асбоблари, ашёлари билан чала-чулпа таъминлаш кишини ташвишга қолдиради. Ўқитувчилар орасида интизом назаридан қараганда уларнинг баъзилари маданий кишига сира ўхшамайди.
Саводсизликни битириш учун курашда етишмовчилигимиз шундан иборатки, мактабларнинг ўз вақтида очилиши ва дарсларнинг давомли ҳам нормал ўтишга эришганимиз йўқ. Сентябрда очилиши керак бўлган мактабларни октябрь ойидагина оча бошладик. Бунинг устига мактаблар бир очилиб бир ёпилиб турди...
Орадан кўп ўтмай 1937 йил кириб келди. Бу йил давомида ҳам худди ўтган — 1936 йилдагидек шиддат билан ишга киришилади. Эришилган ютуқлар билан эсанкираб қолмасдан, муаммоларни ҳам бартараф этишга ҳаракат қилинди.
Аммо... аммо 1937 йилнинг ёзида жамиятдан “халқ душман”лари излашдек мудҳиш қатағон сиёсати юритиларкан, “катта террор” ўз домига шижоаткор раҳбар Назирқул Ҳасановни ҳам тортиб кетди.
Назирқул Ҳасановнинг яқин танишларидан бўлган кекса журналист Маткарим Худойбергановнинг хотираларига кўра ва тарихий ҳужжатларнинг шаҳодатлик беришича, жиззахлик раҳбар округ НКВД бошқармасининг бошлиғи Калмиков томонидан қамоққа олинган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, 1937 йилнинг 5 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Коммунистик партияси марказий қўмитасининг бюро мажлисида Хоразм вилоят ижроия қўмитасининг раиси Н.Ҳасановнинг иши кўриб чиқилади. Йиғилиш якунида бюро мажлиси қарор қилади:
1. Хоразм вилоят ижроия қўмитасининг раиси Н.Ҳасанов вазифасидан бўшатилсин.
2. Ҳасанов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси аъзолигига номзодликдан чиқарилсин.
3. Ушбу бюро қарорининг лойиҳаси Марказий Қўмитанинг навбатдаги пленуми кун тартибига киритилсин.
Умумий шўъба мудири Кондратюк.
Ишдан бўшатилганининг эртаси куни — 6 августда Назирқул Ҳасанов устидан жиноий иш очилади. 7 август куни бўлиб ўтган округ партия қўмитасининг йиғилишида Назирқул Ҳасанов масаласи кўриб чиқилиб, унинг ишдан озод этилгани ҳамда “халқ душмани” дея қамоққа олингани таъкидланади. Олиб борилган тергов ҳаракатлари Урганч, Тошкент шаҳарларида бир йилдан кўп давом этиб, 1938 йил 2 ноябрдаги собиқ иттифоқ Олий судининг Ҳарбий ҳайъати Н.Ҳасановни ЎЗЖКнинг 58-, 63-, 64-, 67-моддалари билан айблаб отишга, молу мулкини мусодара қилишга ҳукм қилади.
Ҳозирда 90 ёшли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, кинорежиссёр Солий Давлетовнинг отаси хотираларига таяниб айтишича (Болта Давлетов — 1909 йилда туғилган. Москва олий партия мактабини тугатган. Ҳазорасп райони партия кенгаши биринчи секретари бўлиб ишлаётган даврида — 1937 йилда қамоққа олинган).
— Ўша қатағон даврида Хивадаги Калтаминор ёнидаги Муҳаммад Аминхон мадрасаси биноси қамоқхонага айлантирилганди. Хоразмнинг турли жойларидан келган маҳбуслар бу ерда сақланар, маҳбуслар оёқ узатиб ётаолмас, чунки бино одамга тўла бўлиб, ёнбошлаб, ғужанак бўлиб ётардилар. Мадрасанинг катта нақшинкор эшигининг ўртасини тешиб маҳбусларнинг изидан келганлар билан суҳбатлашиш учун дарча очишганди. Отам — Болта Давлетов Ҳазорасп райқўмининг биринчи секретари бўлгани боис иш юзасидан Хоразм обкўмининг биринчи секретари Нормат Исроилов, облисполком раиси Назирқул Ҳасановлар билан ҳамкорликда ишлашган ва кейинчалик ўзининг хотираларида, “Ҳар иккала раҳбар Хоразмда яхши ишлашган”, дея эслаб юрарди. Кейинчалик отам қамоқдан озод бўлиб, Хонқа райқўмининг биринчи секретари, облисполком раиси вазифаларида ишлаганларидаям “менку қамоқдан озод этилиб иш фаолиятимга қайтдим, аммо кўпчилик ноҳақдан отилиб кетди. Улар орасида Нормат Исроилов ва Назирқул Ҳасанов деган раҳбарлар ҳам бор эди”, деб қўярди ўтган ҳаётини эслаганларида.
Агар Назирқул Ҳасанов 1937 йилнинг 6 август ойида қамалган бўлса, олиб борилган бир йилдан кўп тергов ишлари, турмадаги азобу уқубатлар натижасида, 1938 йилнинг октябрь ойига келиб у оғир касал даражасига келиб қолади.
Профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг тадқиқотларига кўра, ўша даврда “суд маросими расмий тартиб чегараси йўқ даражада юзаки ўтказилган, ишлар гувоҳларсиз 5-10 дақиқа муддатда кўриб чиқилган, айрим ҳолатлардагина ярим соатгача чўзилиб кетган. Шу вақт ичида судлардан учтаси “судланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтириб беришлари, айблов хулосаларини ўқиб эшиттириши, айблов моҳиятини тушунтириши, айбланувчини “содир этган жиноят”га нисбатан муносабатини аниқлаши, унинг кўрсатмаларини ва сўнгги сўзини эшитиши, маслаҳатчи хонада бўлиши, у ерда ҳукмни ёзиши, суд йиғилиши залига қайтиб кириши, ҳукмни эълон қилиши амалга оширилган. Ўлим ҳукмлари судланувчига эълон қилинмаган, улар ўз тақдирларини бевосита қатл қилиниши олдидангина билиб қолганлар. (Р.Шамсутдинов. “Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари”. “SHARQ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти.Тошкент-2012 йил, 30-31-бетлар).
Тошкентда бўлган ўтган октябрь ойидаги ҳарбий сайёр йиғилишда “маҳбуслардан Фозилов Избосар, Ҳасанов Назирқулларнинг касал эканлиги қайд қилингани учун уларнинг иши кўрилмай қолган”. (Р.Шамсутдинов, юқоридаги асар, 56-бет).
Бу ҳақда Рустамбек Шамсутдинов архив ҳужжатлари асосида шундай ёзади:
“Совершенно секретно. Военная коллегия Отп. 1. экз. А.Б. Верховного суда Народному комиссару внутреных дел Союза СССР. Узбекской ССР, Майору государственной 2 ноября 1938 г. Безопасности. тов. Апрессяну. № 00630 Москва, ул. 25 октября Д 23, телефон 2-27-69 Прошу Вашего распоряжения о немедленном привидении в исполнение приговора Выездной сессии Военной Коллегии Верховного суда Союза СССР от 2-ого ноября 1938 года в отношении осужденных к высшей мере уголовного наказания – РАССТРЕЛУ Хасанова Назиркула.
Председатель Выездный сессии Военной Коллегии Верховного суда СССР. Бриг военюрист (Алексеев).
Ҳасанов Назирқул иши унинг касаллиги муносабати билан СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938 йил октябрдаги йиғилишида кўрилмай қолади. Шу боисдан ҳам “суд” бир ойдан кейин ўтказилади ва 1938 йил 2 ноябрдаги СССР Олий судининг Ҳарбий ҳайъати Н.Ҳасановни ЎзЖКнинг 58-, 63-, 64-, 67-моддалари билан айблаб отишга, молу мулкини мусодара қилишга ҳукм қилади.
Сталин вафотидан сўнг “Катта террор” давридаги ноҳақдан “халқ душмани” сифатида айбланганлар иши қайта кўриб чиқилган даврда, турмуш ўртоғи Ҳасанова Сора Алиевнанинг аризаси боис, собиқ иттифоқ бош прокуратураси 1957 йил 26 ноябрда Назирқул Ҳасановни вафотидан сўнг оқлаш тўғрисидаги қарорини чиқаради.
Аммо... бу оқлов оила аҳлига озгина таскин берган бўлса-да, Назирқул Ҳасановга ўхшаган қанчадан-қанча ватандошларимиз не-не азобларга дучор қилинган, қанчадан-қанчалари эса отиб ташланган эди.
Умид Бекмуҳаммад.
Do'stlaringiz bilan baham: |