Назорат саволлари
1.Балиқчиликнинг аҳамияти нимадак
2. Овқатланиш институтининг тавсияларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси жон бошига йилига неча килограмм балиқ истеъмол қилиши керакк
3. Балиқчилик тармоғини минтақавий ривожлантириш
4. Балиқчилик хўжаликлари.
5. Балиқ етиштириш йўналишлари.
17-мавзу. Пиллачиликни ташкил этиш
Режа:
1. Пиллачиликнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти
2. Пиллачиликнинг ривожланиши ҳозирги ахволи ва истиқболи
3. Пиллачиликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш имкониятлари
1. Пиллачиликнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти
Тармоқнинг асосий маҳсулоти хом сўнгра керакли даражада қуритилган пилладир. Пиллани қайта ишлаш жараёнида ип, ундан эса ипаклик газламалар ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлардан инсонлар учун ўта юмшоқ, силлиқ ва чидамли кийим-кечаклар тайёрланади. Узок йиллар давомида улардан самолёт, космик кемаларга парашют, электр симларида изолятор, тиббиётда, жаррохликда тикиш ипи сифатида ва бошқа тармоқларда турли мақсадларда фойдаланиб келинган.
Кейинчалик бу буюмлар кимёвий (сунъий) толалардан тайёрланиши туфайли ипак ипи ва газламаси асосан инсонлар истеъмоли учун фойдаланилмоқда.
Пилла ипидан энг чиройли ва нафис атлас, адрас, шойи, духоба, гилам ва бошқа хил матолар тўқилади. Бир центнер хом-пилладан 100-150 метргача ипак газлама тўқилади. Тайёрланган кийимларнинг чакана баҳоларда қиймати 500-650 минг сўмга тенг.
Пилланинг етилиши жуда мураккаб жараён. Унинг уруғи саноат технологияси асосида олинади ва ривожлантирилади. 20-30 кун ичида қуртнинг оғирлиги 10-14 марта кўпаяди. Бунинг учун қурт яшил тут барги билан интенсив озиқлантирилади. Қуртлар1-2 ёшида ҳар 2-3 соатда, 3-4 ёшда ҳар 3-4 соатда, 5 ёшида эса – ҳар 4-5 соатда такрор озиқлантирилади. Бир грамм пилла уруғи 20-30 кун ўсиш даврида 50-60 кг яшил барг истеъмол қилади ва 3-4 кг хом пиллага айланади. 1кг пилла ишлаб чиқариш учун 15-17 кг барг сарфланади.
Қурт гўнги ўсимликчиликда органик ўғит, саноатда кислота олиш учун ишлатилади.
Пиллани қайта ишлаш жараёнида ташкил топган кўколкалар мўйна чорвачилигида қўшимча озуқа шаклида ишлатилади. Кўколканинг тўртдан бир қисми ёғ қолган қисми эса турли хил минерал моддалардан иборат.
Хом пилла ишлаб чиқаришда меҳнат ресурслари, банд бўлган бинолар ва бошқа ресурслар мавсумий фойдаланилади. Агар улар бир марта ташкил этса 20-30 кун, икки марта-40-60 кун фойдаланилади, холос. Аммо, кўпчилик хўжаликларда қўшимча тармоқ сифатида ривожлантирилади.
Мамлакатимизда пиллачиликни ривожлантириш, хомашё ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қулай шароит мавжуд. Соҳани янада ривожлантириш фақат пиллакорлар даромадини оширибгина қолмай, балки пиллани ўзимизда қайта ишлаб, хорижга ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш ҳажмини оширишвалюта талаб қиладиган маҳсулотлар олиш имконини ҳам беради.
Жумладан, бир қути ипак қурти пилла ҳосили 50–52 килограмм, навдорлиги 75–78 фоизни ташкил этади. Ипакчилик ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 1,3–1,5 марта юқори бўлиб, навли пиллалар миқдори эса 93–94 фоизни ташкил этади. Сифатли пиллаларнинг ташқи бозордаги нархи 3–4 баробар юқори бўлмоқда. Пиллачилик тармоғининг энг долзарб муаммоси юқори навли рақобатбардош пилла ҳамда ипак толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир.
Соҳадаги ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, соҳа корхоналарини молиявий соғломлаштириш, фермер хўжаликларида 3 гектар ва ундан ортиқ тутзорлар ташкил этиб, уларнинг ёнида 15 қутига мўлжалланган қуртхоналар қуриш тўғрисидаги 2012 йил 3 январдаги мажлисининг 01-03-26-1 сонли баёни ҳамда 2012 йил 12 ноябрдаги «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги пахта заводлари ва уларнинг пахта қабул қилиш пунктларида пилла етиштириш ва аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори фикримиз далилидир.
Ушбу қарорга асосан «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги пахта заводлари ва уларнинг 196 та пахта қабул қилиш масканларида 50–75 қутидан ипак қурти боқиб, пилла етиштиришни йўлга қўйиш, бунинг учун қуртхоналар ёнида интенсив технологияли тутзорлар ташкил этишга 5 гектардан ер ажратиш бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимларига топшириқлар берилган. Ҳозирги кунда юқоридаги топшириқлар бўйича 196 та пахта қабул қилиш масканларига 70 қути ипак қурти боқиш учун «Қишлоққурилишлойиҳа» институти намунавий қуртхона лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб берди. Ушбу лойиҳада 72х12 схемадаги қуртхона баландлиги 5 метрдан иборат бўлиб, унинг ичида йиғма сўкчаклар 5 қаватдан қилиб қурилади.
Қуртхонага иситиш мосламалари, эшик-ром ва хонани ёритувчи электр мосламалари ўрнатилган. Шунингдек, бинода 3 хонали инкубатория, барг сақланадиган ва тозаланадиган хоналар мавжуд. Бундай қуртхоналарда ипак қуртини боқиш ва пилла етиштириш ўзига хос агротехника қоидаларига риоя қилишни талаб этади. Бунинг учун қуйидагиларга эътибор бериш зарур:
- қурт боқувчи звеноларни танлаш ва улар билан шартнома тузиш;
- қурт боқиш мавсуми олдидан бинонинг барча хоналарини 25–26оС да иситиб, фармалиннинг 4 фоизли ишчи эритмаси билан дезинфекция қилиш;
- ипак қурти уруғини ўз вақтида (тут новдаларида 1–2 барг ҳосил бўлганида) инкубацияга қўйиб, унинг соғлом ва вақтида (тут новдаларида 4–5 та барг ҳосил бўлишигача) жонлантириш;
- жонланган қуртларни тарозида тортиб, звеноларга (қурт боқувчилар) тарқатиш;
-биринчи кун жонланган қуртларни иккинчи кун жонланган қуртларга қўйиш мумкин эмас;
- кичик ёшдаги қуртларни 26–27оС ҳарорат ва 65–75 % намликда, катта ёшдаги қуртларни 25 С ҳарорат ва 60–70 % намликда, пилла ўраш даврида 25–26 С ҳарорат ва 60–65 % намликни таъминлаш;
- қуртхоналарни ҳар 2,5–3 соатда 20–25 минутдан шамоллатиш ва 16–18 соат давомида ёруғлик бўлишини таъминлаш;
-ипак қурти 25 кун давом этадиган ривожланиш даврида 6–6,5 минг маротаба йириклашиб, оғирлиги 12–13 минг маротаба ортади. Қурт ҳар бир барг еганида бир неча баробар катталашади. Шунинг учун уларни ҳар барг беришдан олдин сийраклаштириш, яъни озиқа майдонини кенгайтириш лозим. Агротехника қоидасига кўра, бир қути қуртга биринчи ёшида 2 , 2-ёшида 6, 3-ёшида 15, 4-ёшида 30, 5-ёшида 60 м2 озиқаланиш майдони зарур;
- биринчи ёшдаги қуртлар нозик ва жуда майда бўлгани учун ғоналанмайди (ейилмай қолган барглар олиб ташланмайди). Сабаби қуртларнинг бир қисми ғона билан ташқарига чиқиб кетиши мумкин. 2–3-ёшларида бир маротабадан, 4-ёшида 2 маротаба ва 5-ёшида 4 маротаба ғоналанади;
- етилган қуртларни пилла ўраши учун бир қути қуртга 300–350 дона табиий, 150–200 дона сунъий дасталар зарур бўлиб, уларни қуртларнинг 4-ёшида тайёрлаш керак;
- пилла ўраш даврида етилган қуртларга даста қўйиб борилади. Озуқага тўймаган қуртларга барг берилади. Барча қуртлар озуқага тўйгач тўлиқ бостирилади; - пилла ўрашнинг 7–8-кунлари пилланинг етилганлиги (қурт ғумбакка айланганлиги) аниқланиб, теришга рухсат этилади. Пиллани теришдан олдин ўлган қуртлар териб олинади. Сўнгра пастки сўридан бошлаб дасталар кўтариб олиниб, ғонадаги пиллалар терилади. Пилла дасталардан олиниб лосдан тозаланади ва 3 гуруҳга – I гуруҳга навли, II гуруҳга навсиз, III гуруҳга эса қора пачоқ пиллалар ажратилади;
- навли пиллалар 20 кг оғирликда махсус яшик ёки саватларга, навсиз ва қорапачоқ пиллалар алоҳида-алоҳида идишларга солиниб пиллахонага топширилади;
- қурт боқишдан бўшаган бинонинг барча хоналари тозаланиб, якуний дезинфекция қилинади. Бундан ташқари, 50–70 қути қурт боқиладиган қуртхоналар кичик хоналарга-бўлимларга бўлиниб, ҳар бир бўлимда 5–6 қути (кўпи билан 8–10 қути) қурт боқилиши зарур. Бундан каттароқ бўлса, хонадаги ҳарорат, ҳаво намлиги ва шамоллатишни меъёрида ушлаб бўлмайди.
Шунингдек, қуртхонага пиллабоқарларнинг кириб чиқиши қийинлашади, қуртлар касалликка чалинади. Ҳар бир бўлимга 1 та звено бошлиғи ва қурт боқиш учун етарли ишчи кучи (катта ёшларида 1 қутига 3 киши) бириктирилади. 50–70 ипак қурти боқиладиган бундай қуртхонада қурт боқишни тўғри ташкил этиш, агротехника қоидалари бажарилишини назорат қилиш, қуртларни ухлаган-турганлигини тўғри аниқлаш ва бошқа жараёнларни бошқариш учун битта пиллачилик агрономи тайинланиши даркор. Барча ишчи ва ходимлар зоогигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши керак. Юқорида қайд этилган ишлар тўлиқ бажарилса мўл ва сифатли пилла ҳосили олишга эришилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |