49-казус A. ва Г. давлат ўртасида тузилган Инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги шартномага кўра икки давлат ўз ҳудудларида уларга тегишли инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилишлари зарур эди. Aммо A. давлат Г. давлат инвесторининг маҳсулотлар сифатини пасайтириб юборганини рўкач қилиб унинг мулкларини тортиб олади. Ўртадаги шартномага асосланган ҳолда Г. давлат инвестори тегишли халқаро арбитражга мурожаат этди. Г. давлат инвесторининг фикрича, A. давлат томонидан унинг мулкларининг тортиб олиниши икки давлат ўртасида тузилган халқаро шартномага зид ва арбитраж бу ишни кўриб чиқиши лозим. A. давлатнинг даъвосига кўра Г. давлат инвестори A. давлатнинг амалдорларига пора бериш йўли билан инвестицияни олиб кирган. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига кўра шаффофлик бузилган. Шаффофлик тамойили юқори ўринга қўйилган ҳолда иш кўриб чиқилмаслиги лозим.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг. Ўзингизни Халқаро арбитраж судьяси сифатида тасаввур қилинг ва низолашаётган мамлакатларнинг даъволарини ҳисобга олган ҳолда фикрларингизни баён этинг. 50-казус Инсон ҳуқуқларига оид бир нечта халқаро шартнома матнини қабул қилишда А., Б. ва C. давлатлари иштирок этишди. Б. давлати шартнома матнини қабул қилиш жараёнида шартномадаги баъзи нормаларига эътироз билдирди. Унга кўра, у мазкур нормаларга ўзининг давлати ҳудудида риоя этмаслигини маълум қилади. Бу эса, бошқа иштирокчиларнинг норозиликларини келтириб чиқарди. Чунки, мазкур нормаларга риоя қилинмаслиги халқаро шартноманинг мақсадига эришиши учун тўсқинлик қилади.
Қўшимча шарт қандай киритилади? Халқаро шартномаларни қабул қилиш жараёни қандай амалга оширилади?
51-казус А ва Б давлат 1998 йилда уларнинг умумий чегаралари ўтадиган дарёдан оптимал ва рационал фойдаланишни яратиш мақсадида шартнома тузишади.
А давлат 1998 йилдаги шартномада назарда тутилган аввалдан хабар бериш ва консультация ўтказишга оид мажбурий тартибга риоя қилмасдан дарёда иккита целлюлоза заводини қуришга бир томонлама тартибда қарор қабул қилади. Б давлат таъкидлашича, қурилаётган заводлар дарё ва табиатга хавф туғдиради ҳамда давлатларга жиддий трансчегаравий зиён етказади.
Б давлатнинг ноҳукумат ташкилотлари икки давлат ўртасида алоқани боғловчи кўприк ва йўлларни тўсиш бўйича акция ташкил этишдики, бу А давлатга жиддий зиён келтирди.
Шунга мувофиқ ҳолда, А давлат 1998 йилги шартномада кўрсатилган тарзда Б давлатга нисбатан иш қўзғатиш ҳақида БМТ Халқаро судига ариза берди.
Мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо беринг. Ушбу низони хал этиш учун қайси халқаро-ҳуқуқий механизмни тавсия этасиз.