ШЕРДОР МАДРАСАСИ
Регистон мажмуаси ХVI асрда Ялангтўш Баҳодир буйруғи билан тубдан қайта қурилиб, янги қиёфага кирди. Жасур саркарда, уддабурон сиёсатчи, йирик заминдор, Бухоро хонининг Самарқанддаги серғайрат ноиби бўлган Ялангтўш Баҳодир Аштарҳонийлар давлати ҳудудидаги мустақил ҳукмдор даражасига эришган. Қобул ва бошқа шаҳарларга мустақил ва ғолибона ҳарбий юришлар уюштириши натижасида униг кўлида беҳисоб бойликлар тўпланган. У бу маблағлар эвазига, майдондаги ХУ асрда қурилиб, вайронага айланган бинолар ўрнига, Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурдирди. Шердор мадрасасининг замини Улуғбек замонидаги майдондан 1,5 метр баландликда. Униг ҳажми 70х56 метрни, ҳовлиси эса 38х38 метрни ташкил қилган. Ҳовли анъанавий усулда қурилган: икки қаватли хужралардан, тўртта айвон ва бош пештоқда жойлашган дарсхоналардан иборатдир. Мадрасанинг кириш равоғида қуйидаги дабдабали ёзувлар бор: «Ҳарбий бошлиқ, адолатли саркарда Ялангтўш! У шундай мадраса қурдирдики, ерни осмон гумбазигача кўтарди. Меъмор эса аркдаги ёйсимон пештоқни шундай маҳорат билан барпо қилдики, осмон уни янги ой дея фараз қилиб, ҳайратдан бармоғини тишлади”. Бу ёзувлар остида устанинг исми: «Абдужаббор меъмор” деган ёзув сақланиб қолган. Мадраса биноси «қўш” услубида (икки қарама-қарши қуриладиган бино мажмуаси) лойиҳаланган. Шердор мадрасасининг қурувчилари Улуғбек мадрасаси шаклидан фойдаланганлари ҳолда, уни безатишда бошқача нақшларни ишлатганлар. Пештоқ каносларидаги тасвирда қизғиш зархал тусли шер оқ оҳуни қувмоқда. Қуёш бодомқовоқ кийик кўзли қилиб тасвирланиб, юзи зархал тусли ёғду билан ҳошияланган. Мадраса номи шу тасвирдан келиб чиққан. Бинонинг серҳашамлиги шу пештоғида.
Мадрасанинг анча яроқсиз ҳолга келиб қолган пештоқи устидан гумбаз 1924-26 йилларда қайта қурилди. Бу ишда машҳур усталар Абдуқодир Боқий, уста Акром, уста Шамсуддинлар баракали меҳнат қилдилар. Айвонлар, олд ва орқа пештоқ турли кўринишдаги нақшлар билан безатилди, сирланган ғиштлардан, терма мозаикадан кенг фойдаланилди. Буни айтиш керакки, Шердор мадрасаси нақшларининг сифати халигача ўз мустаҳкамлигини йўқотмаган.
Регистон ансамбли таркибидаги учинчи обида Тиллакори мадрасасини ва жоме масжид Самарқанд хокими Ялангтушбий Баҳодир, Улуғбек даврида бунёд этилган, Мирзойи карвонсаройи ўрнида 1641-1646 йиллар мобайнида қурдирган. Карвонсарой асоси устига мадраса (шимоли-шарқий қисмида), хужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид (ғарбида) жойлашган. Дастлаб «Ялангтушбий кичик мадрасаси” деб номланган. Кейинчалик масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун «тиллакори” (тилладан ишлов берилган) деб юритила бошлаган. Тиллакори мадрасасидан шаҳар жоме масжиди ва мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжиди (63х22метр) катталиги ва серҳашамлиги билан ажралиб туради. Мадраса (70х70 метр)га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, икки қанотининг олди равоқли, икки қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг хажмдаги гулдаста-мезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи(10,8х10,8метр)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази нихоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг икки ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак)лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659-60 йилларда бажарилганлиги ёзилган.
Тиллакори мадрасаси бир неча бор таъмир қилинган. 1817 йилда Амир Ҳайдар буйруғи билан зилзиладан зарар кўрган пештоғи қайта тикланиши жараёнида шакли бузилган. 1885 йилдаги таъмир вақтида зарҳал нақшлар оддий бўёқлар билан алмаштирилган.
Тиллакори мадрасасида Самарқанд таъмирлаш устахонаси ташкил этилиб, кошинларнинг қадимий рангини топиш йўлида тадқиқот ишлари олиб борилган. Тиллакори мадрасасидаги йўқолиб кетаётган ноёб зарҳал нақшларни усталар илмий ўрганиб, қайта тиклади (1970 й.) Бинокорлар мадрасанинг Регистонга қараган пештоғини Шердор мадраса ва Улуғбек мадрасаси билан мослаштириб қайта қурди. Пештоқ равоғи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонакоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланди .
Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўртасида ХVI асрдаги Шайбонийлар даҳмаси жойлашган.
Шайбонихон 1510 йил Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлган, Самарқандга олиб келиниб мадрасалар ўртасида ўз номидан барпо қилинган мармар супа остига дафн этилган. Супа остига Шайбонихондан ташқари бошқа Шайбоний султонлари ва маликалари дафн этилган.
Самарқанддаги қарийб барча меъморий ёдгорликлар асосан Темурийлар ҳукмронлиги даврларида бунёд этилган. Бироқ улар ичидаги энг гўзал ва улуғвори Амир Темур (Гўри Амир) мақбарасидир.
Алишер Навоий ўз шеърларининг бирида бу мақбара ҳақида “унинг гумбази ер юзасидаги ҳар қандай мўъжизадан аълороқ, у боқий осмон гумбазига ўхшайди, осмон гумбазидаги мавжуд барча мўъжизакор нарсалар ердаги бу гумбазда ўз ифодасини топган”,-деб ёзганди.
Амир Темур мақбарасида ўзи, ўғиллари ва неваралари дафн қилинган. Дастлаб бу мақбара Темурнинг набираси, 1404 йилда бевақт вафот этган Мухаммад Султонга атаб қурилган. Ўз тахтининг вориси бўлиши лозим бўлган севимли набирасининг вафотидан қаттиқ қайғурған Темур у дафн этилган жойда мақбара қурдиришга азм қилган. Мажмуа мадраса ва хонақоҳдан иборат бўлиб, тўрт бурчакли, тўрт айвонли ҳовли, бурчакларида миноралар ва пештоқлари мавжуд бўлган баланд деворлар билан ўралган мақбара эди. Пештоқ ўйма мозаикали кошинлар билан безатилган. Ҳошия безаклар уста Мухаммад ибн Маҳмуд Исфаҳоний томонидан ишланган. Ҳозирги пайтда ҳовли деворлари одам бўйи қилиб, мадраса ҳужралари эса бир неча қатор пишик ғиштлар билан қайта таъмирланган. Қайта тиклаш ишлари жараёнида ХIХ асрда туширилган фотосуратлар ва ўлчов чизгилари асосида икки минора қайта тикланган.
Амир Темур мақбараси Мовароуннаҳрда анъана бўлиб қолган композиция асосида қурилган, пойдевор, кўп қиррали цилиндр шаклидаги доира ва гумбаздан иборат. Лекин усталар бошқа кўпгина янги меъморий усуллардан ҳам унумли фойдаланганлар. Жумладан, пойдевор призмаси саккиз бурчакли қилиб лойиҳаланганки, бу Ўрта Осиё мумтоз меъморчилигидаги янги бир усул эди. Устига олтин кубба ўрнатилган гумбаз шакли ҳам ноёб усулда тиклангани билан фарқланиб туради. Гумбазнинг баландлиги 12,5 метр, айланаси эса 15 метр. Шундай бўлса-да, гумбаз киши кўзига унчалик баҳайбат бўлиб кўринмайди. Бундай мутаносибликка доирага бориб туташувчи бежирим қиррали қобирғалар ёрдамида эришилган. Феруза рангли мовий безаклар кўм-кўк Самарқанд осмони юзида унга янада гўзал ложувардлик баҳш этади. Мақбара мажмуаси ўзининг улуғворлиги билан диққат-эътиборни ўзига тортади. Лекин бу улуғворлик унинг йирик ҳайбатида эмас, балки гўзал шаклларидадир. Мақбарадаги улуғворликни, тантанаворликни унинг безаклари янада кўчайтирди: мақбара пойдеворидаги саккиз қиррали призма пастдан мармар изоралар билан қопланган, унга пишик ғишт ётқизилган, сирланган кошинларга йирик ҳажмли нақшлар туширилган, кубба танасини уч метр йирикликдаги арабий ёзувлар безаб туради, гумбазнинг арқонсимон қобирғалари мовий ранг безакли кошинлар билан қопланган. Бинонинг ичкарисини безатишда ҳам улуғворлик, ўзаро уйғунлашган ҳашаматдорлик кўзга ташланиб туради. Миёнсарой баландлиги 23 метр, тўрт девор узунлиги иншоот баландлигининг нисбий ҳажмига нисбатан 1х1, 1х2х3 ҳиссани ташкил этади. Ичкарининг кенглигини таъминлаш мақсадида унга кенг тоқчалар ўрнатилган.
Мақбара зиёратхонасини безашда ХIV-ХV асрларга хос усуллардан қўлланилиб, деворлар ёппасига нақшинкор ҳошияли гуллар билан безатилган. Ёркин чизиқлар билан ажралиб турувчи ёзувлар ҳам безакли композицияга эга. Бундай манзарани изораларда ҳам, деворларнинг силлиқлигида, гумбаз ости безакларида ҳам кўриш мумкин. Тарам-тарам ақиқ билан қопланган баланд изоралар бир пайтлар ҳаворанг ва зарли нақшлар билан безатилган. Изораларнинг юқори қисмини олтин суви юрғизилган гўзал нақшлар безаб турибди. Деворларда эса йирик юлдузсимон гириҳли изоралар бор. Гумбаз пойлари бўртма “папье-маше”дан ишланиб, олтин суви югуртирилиб, майда гулли нақшлар билан зийнатилган. Шунингдек, зиёратхонани ажойиб нақшлар ўйиб ишланган, устига кумуш ва садаф қопланган ёғоч ешиклар, қизил, ҳаворанг, бинафша, яшил рангли ойналар қўйилган дарчалар ҳам безаб турибди. Мақбара қуриб битказилгандан кейинги кўриниши ҳақидаги тасаввуримизни тарихчи Ибн Арабшоҳнинг куйидаги жумлалари тўлдиради: “Темур қабрига унинг кийимлари, деворларга унинг қурол-аслаҳалари осиб қўйилган эди. Уларнинг ҳаммаси қимматбахо тошлар ва олтинлар билан безатилган. Бинонинг шифтида ҳудди кўкдаги юлдузлар сингари олтин ва кумушдан ишланган қандиллар осиб қўйилган. Бу қандилнинг ҳар бири 49999 мисқол оғирликка эга. Бинонинг заминига шойи ва бахмал гиламлар ёзилган эди”. Зиёратхонанинг улуғворлиги турли-туман нақшлар солинган мармар панжара ва нақшли сағана тошлар билан ажойиб тарзда уйғунлашган.
Амир Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошни Улуғбек Мўғулистонга қилган юриш вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Амир Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда мадҳиялар ўймакори ёзувларда битилган . Хамма сағаналар Улуғбек буйруғига биноан яхлит ўйма мармар панжара билан ўралган.
Тадқиқотчиларнинг таҳминларига кўра, мақбарада Улуғбек бошлаган қурилиш ишлари тугаланмай қолган.
Мақбарага Улуғбек қурдирган далон (1424 й.) орқали кирилади (дастлаб мақбаранинг кириш эшиги жануб томонда бўлган). Бу далон бугунги кунларгача сақланиб қолган.
1447 йилда Улуғбек буйруғи билан отаси Шоҳруҳ Мирзонинг жасади келтирилиб бу ерда дафн этилган. Амир Темур қабрининг пойида Улуғбекнинг қабри жойлашган. Мақбарадаги энг катта сағана -Амир Темурнинг пири- Мирсаид Баракага тегишли. Иккита кичик сағана
(Улуғбекнинг кичик ёшли ўғилларига тегишли деб таҳмин қилинади) ва панжара ортидаги сағана (бу сағана мақбара ҳудудида яшаган қулоллар пири-авлиё Умар қабри устига қўйилган деб таҳмин қилинади) кимга тегишлилиги аниқланмаган. Амир Темурнинг фикрича, мақбаранинг меъморий улуғворлиги бу ерда дафн этилган аслзодаларнинг буюклигидан далолат бериши керак эди. Дарҳақиқат, санъатшуносларнинг далолат беришича, «бу ёдгорлик Ўрта Осиёдаги барча мақбаралар биноларидан ажралиб туради. У инсон меҳнатининг буюк қудрати ҳақида юксак фикрлар туғдиради».
Амир Темур мақбараси Самарқандда ХIV аср оҳирида шаклланган янги меъморий йўналишининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Бу йўналиш Ўрта Осиёлик ва Шарқнинг бошқа мамлакатлардан келтирилган усталарнинг ижодий ҳамкорлиги асосида шаклланган.
1941 йил июн ойида Ўзбекистон ҳукуматининг маҳсус қарори билан мақбарадаги қабрлар очилиб,илмий тадқиқотлар олиб борилди. Текширишлар натижасида ушбу мақбарада Амир Темур, Шоҳруҳ, Мироншоҳ ва Мухаммад Султон дафн этилганликлари аниқланди. Антрополог М.М.Герасимов бош суяклар асосида Темурийларнинг хайкал қиёфасини яратди.
Амир Темур мақбарасининг шимолий томонида ХIV асрнинг 80 йилларида қурилган Рухобод мақбараси жойлашган. Қадимда бу икки мақбарани мармар тахтачалар ётқизилган, соя-салқин хиёбон бирлаштириб турган.
Рухобод-мажозий ном, аслида аллома авлиё шайх Бурхониддин Соғаржий (Соғарж- Самарқанд яқинида қадимий Кент) қабри устига маҳобатли баланд мақбара тикланган.
Амир Темурнинг замондоши шайх Бурхониддин Соғаржий авлиё сифатида шуҳрат қозонган. Шайҳ дарвишлар жамиятининг энг обрўли аъзоларидан бири бўлган. Унинг жасади Хитойдан уғли томонидан келтирилиб, васиятига кўра пири- Нуриддин басра мақбараси пойига дафн этилган.
Амир Темур мақбара таъминоти учун махсус вақфнома (куйиб кетган вакфнома қолдиқлари таржимаси Ўзбекистон Давлат архивида сақланмоқда) чиқарган. Ундан маълум бўлишича, мақбара ёнидаги боғ йирик даромад манбаи бўлган.
Мақбара чорсихона, устидаги саккиз қиррали пойгумбаз ва оддий гумбаздан иборат. Ичкарида номаълум қабр дахмалари бор. Ташқи томондан (жануб) авлиё қабрига туташ девор сиркори сопол билан пештоқ шаклида ҳошияланган. Ичкарида нақшин безак қолдиқлари сақланган. Кириш эшигининг (Бухоро амири номидан) ХIХ асрда ўрнатилган, ўймакори безаклари орасида балиқлар шаклини кузатиш мумкин.
Аҳоли мазкур авлиёга алохида ихлос ва эхтиром билдириб, мақбара ва у билан боғлиқ масканни Рухобод деб атаган. ХIХ асрда мақбарага боғлаб мадраса (хозирда дарвозахона ва бир неча хужра сақланган) масжид ва минора қурилган.
Ушбу мақбаранинг қарама-қарши тарафида Оқсакрой мақбараси жойлашган. Бу мақбара Самарқанддаги Темурийларнинг сўнги даҳмаси. Оқсарой қўшимча даҳма сифатида Абу Сайид (1449-69 й.) ва Султон Аҳмад Мирзо (1469-94 й.) ҳукмронлиги даврида қурилган. Мақбара пишик ғиштдан ганч қоришмасида терилган. Оқсарой чортоқ тарҳли катта хона ва қарама-қарши жойлаштирилган хоналардан иборат. Бош тарзи жанубга қараган. Ўртадаги миёнсарой тагида сардоба жойлашган. Оқсарой қурилишида ўша давр меъморлигига ҳос мураккаб усуллар қўлланилган: катта хона гумбази тўртта равоқ ва ўзаро кесишган равоқчалар ҳамда тоқилар ёрдамида ёпилган. Бу қурилмалар шарафа ва ганч безаклари билан пардозланган. Безакларнинг кўп қисми “кундал” услубида бажарилган. Нафис ишланган оқ, кўк ранглар олтин ҳал билан ўзаро уйғунлашиб ажойиб кўриниш касб этган. Нақш шакллари ўзаро такрорланмаган. Бир равоқдаги нақшда бир-бирига ўхшамайдиган 67 хил безакгул бўлган. Бинонинг ташқи меъморлиги ниҳоясига етқазилмаган.Катта хона ташқи гумбази, саккиз қиррали пойгумбази тугалланмаган. Оқсарой Темурийлар даври меъморлигининг ноёб намунаси ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |