ҲАЗРАТИ ХИЗР МАСЖИДИ
ХХ аср 90 йилларида қайта таъмирланди. ХIV аср охири – ХV аср бошларида қурилган машҳур Бибихоним, ёки минглаб мусулмонлар номоз ўқийдиган Жоме масжиди ҳам шаҳарнинг асосий дарвозаси ёнида бунёд этилган.
Бу иншоот Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним (асли Сароймулк хоним)номи билан боғлиқ. Амир Темур фармони билан 1399-1404 йиллар мобайнида қурилган. Масжидни қурган уста ва меъморларнинг номлари номаълум. Масжид ҳовлисининг саҳни 63,8х76,0 м. бўлиб, тўрт томондан равоқ ва пештоқлар билан ўралган. Унинг умуммий саҳни 167 х 109 м, бурчакларида баланд миноралар бўлган. Зилзилалар таъсирида аста секин емирилиб вайрон бўлган, фақат шимоли-ғарбий миноранинг пастки қисмигина сақланиб қолган, баландлиги 18,2 м. Пойдевори харсанг тошдан, деворлари эса пишик ғиштдан ишланган (қалинлиги 4,5 м.).
Масжиднинг бир-бири билан боғланган олтита меъморий бўлаклари сақланиб қолган. Булар ҳовлининг тўрида меҳробли ва баланд пештоқли бино, икки ёнида унинг кичик нусхаси, пойида масжиднинг иккига бўлинган пештоқи ва шимоли-ғарб томонда минорадир. Илгари бу бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли бостирма-айвонлар билан бирлашган ва улар тепасида гумбазчалар (400та) бўлган. Устунлар 480-та (оралиги 3,5 метр) бўлиб, тагкурсили, танаси ўйма нақш, тепаси калла муқарнаслар билан безалган (улар тупрок остига кўмилиб кетган. Археологик қидирув ишлари натижасида устунлар, тагкурсилар ва майда косачалардан иборат муқарнасли устун қоши топилган). Икки ёнида ташқи дарвозага эга бўлган тўртта пештоқли дарвозахонаси бор. Масжиднинг ҳовли саҳнига мармар тош–тахтачалар ётқизилган. Оқова сувлар учун мўлжалланган қудуқ (ташнов)нинг оғзи тешикли мармар тахтача билан беркитилган. Ҳовли ўртасида мармар тошдан ясалган улкан лавҳ ўрнатилган (Қуръон ўқиладиган махсус курси) бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган, 1875 йилда катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган). Атрофига нафис ҳошиялар чизилган, муқарнаслар, ўсимликсимон нақшлар ва ёзувлар билан безалган лавҳ Амир Темурнинг набираси Улуғбек фармонига биноан ХУ асрнинг ўрталарида ясалган. Унга “Султони азим, олий ҳимматли ҳоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ханафия мазхабининг посбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўъминин Улуғбек Қўрагон” деб битилган.
Масжидга кираверишдаги пештоқнинг юқори қисми 1897 йилги зилзила пайтида қулаган (қолган қисмининг баландлиги 33метр, кенглиги 46метр). Пештоқ маҳобатли бўлиб, ўртасида, кенглиги 18,8 метрли равоқ бор. Ён томонларидаги миноралар пештоқдан баланд. Пештоқнинг ички томонида кичикроқ (иккинчи) равоқ ўрнашган. Унда ўйма мармар ҳошияли дарвоза бўлган. Унинг устидаги лавҳада масжиднинг қурилган йили ва Амир Темур шажараси ёзилган (1897 йилги зилзилада катта пештоқ равоғи қулаб тушган). Қўш табақали дарвоза етти хил металл қотишмаси- “ҳафти жуш”дан ясалган. Пештоқнинг ён қанотларида иккита айланма зина бўлган. Зинадан юқорига-кунгура равоқли майдончага чиқилиб, ундан минорага ўтилган. Пештоқнинг кенг юзаси жилвали кошинлар, ранг-баранг, қалқон шаклидаги нақшлар билан безатилган (хозир пештоқнинг кошинлари тушиб кетган. Пештоқнинг сақланиб қолган қисми ёрилиб, девордан ажралиб қолган). Масжиднинг асосий (меҳробли) биноси Амир Темур замонасининг меъморий услублари ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Шарафиддин Али Яздийнинг «Агар осмон гумбази бўлмаганда масжид гумбази оламда ягона бўлар эди”,-деган муболағаси бежиз эмас. Асосий бинонинг олд томонида пештоқ, марказида равоқ ва бурчакларида иккита кўп қиррали минора бор. Пештоқ орқасидаги хона оддий, аммо салобатли, ҳандасий шакллар йиғиндиси (кубсимон призма, хонанинг саккиз қиррали қисми устига тушган пойгумбаз ва гумбаз)дан иборат. Кубсимон призма бинонинг асосий хажми бўлиб, томонлари 14,6 метрга тенг. Унинг устида хона деворлари бўйлаб ўтувчи равоқлардан иборат саккизқиррали призма бор. Гумбазнинг доирали асосига пойгумбаз туташтирилган. Пойгумбаз сиртига Куръон карим оятлари битилиб, усти феруза кошинлар билан пардозланган, гумбаз билан беркитилган (қолдиғи кўриниб турибди). Унинг кириш томонлари ҳам бош пештоқ каби ранг-баранг кошинлар билан қопланган, сопол ғиштчалар ётиқ, сирланган рангли ғиштчалар тик терилган. Асосий нақш шакллари тиниқ, ложувард ғиштчалардан терилиб, уларнинг оралиғи зангори ғиштчалар,оқ тошлар билан тўлдирилган. Оддий ҳандасий шакллар ва “печак” каби чирмашиб кетган ёзувлар бино безагининг таркибий қисмини ташкил этади. Меҳробли бинонинг баланд миноралари сатҳи тўрт бурчакли кичик намоёнларга бўлинган. Хандасий шакл ва ислимий нақшлар (турли рангларда) намоёнларни безаган. Улар кошинкорлик услубида ишланган. Пештоқ деворининг юзаси кесма кошин билан қопланган. Кошинкор безакнинг ҳар бир бўлаги, гулларнинг ўзаклари, косачалари, поялари, гунчалари ва барглари маҳсус замин-кошинлар парчасидан алоҳида кесиб олинган, сополчалар оралиқ қолдирмай бир-бирига мос жойлаштирилган. Бу кошинлар (айниқса кўк ранглилари) тиниқ шиша каби ялтираб туради. Масжид ёнидаги икки кичик бинолари меҳробли хонанинг асосан кичик ҳажмдаги такрори бўлсада, нақшларнинг соддалиги ва гумбазнинг кунгирадорлиги билан фарқланади. Масжиднинг ички қисмини пардозлашда наққошлик безаклари қаторида зарҳал бўртма нақшлардан кенг фойдаланилган. Масжиддаги кўп қиррали юлдузлар, уч қаватли хатлар ўйилган лавҳалар жажжи муқарнаслар билан безалган, ҳошиялар оқ тошдан йўнилган. Тарихнавис Ибн Арабшоҳнинг шаҳодат беришича, Жоме масжиди маҳобатидан ҳайратга келган замондошлари «Обидларимиз авлодларга бизнинг кимлигимиздан дарак беради”,деб ғурур билан жар солишган экан.
Масжиднинг қарама-қарши томонида ХIV аср охирида Бибихоним мадрасаси қурилиб, ўзининг улуғворлиги жиҳатидан Бибихоним масжиди билан рақобатлаша оларди. Мадрасани Сароймулк хоним “ўз онаси шарафи”га Самарқандда қурдирган ва у ХVI аср охиригача мавжуд бўлган. Масжид ва мадраса билан бир қаторда бугунги кунда қайта тикланган Бибихоним мақбараси ҳам бор. Улар ўртасидаги катта майдон узоқ йиллардан буён сершовқин бозор бўлиб, шаҳарликлар бошлари устидан Жуйи-арзиз осма сув қувурлари ўтган. Бозорнинг бош кўчаси Регистон майдонига ( «Регистон”-қумлик жой дегани) учта ҳашаматли мадрасалар мажмуига чиқилади
Do'stlaringiz bilan baham: |