САМАРҚАНД МЕЪМОРЧИЛИГИНИНГ ОЛТИН МЕРОСИ
Самарқанд меъморий ёдгорликлари Ўзбекистон халқининг фахри дейиш мумкин. Негаки улар қадимий аждодларимиз, моҳир меъморларимиз, бунёдкорлик даҳосининг маҳсулидир. Бугунги кунда бу меъморий ёдгорликлар Самарқанд кўркига кўрк қўшиб, инсоният тафаккурининг шоҳ асарлари сифатида тан олинмоқда.
Бугун Самарқанд меъморчилик санъати ҳар томонлама ва кенг ўрганилган. Бу масалага бағишланган фото-альбомларнинг, таъриф ва тадқиқотларнинг сон-саноғи йўқ бўлса-да, аждодларимизнинг миллий меъморчилик мероси тарих, археология, этнография, санъатшунослик ва диншунослик каби фанларнинг муҳим таркибий қисмлари сифатида хали-хануз ўрганилмоқда. Маълумки, моддий маданият ёдгорликлари бетакрордир ва уларнинг қадр-қиммати замонлар ўтиши билан ошиб бораверади. Самарқанд тарихини ўрганувчи тадқиқотчилар учун эса Темурийлар даврида яратилган архитектура ёдгорликлари чексиз қизиқиш уйғотиши шубҳасиздир.Улар Ўрта Осиё халқлари маданиятининг серқирра манбаларидан бири ва шу билан бирга бадиий эстетик тафаккурнинг, қурилиш-муҳандислик амалиётининг, монументал-декоратив санъатининг илмий асосда хаётга тадбиқ қилинишининг ёрқин намунасидир.
Агар қадимий Самарқанд меъморчилигида энг асосий қурилиш материали сифатида хом ғишт ва лойдан фойдаланилган бўлса-да, IХ-Х асрларга келиб, пишик ғиштдан, ХI-ХII асрлардан бошлаб эса пишик ғишт ва сирланган сополдан фойдаланиш кенг русм бўлди. ХII асрнинг биринчи чорагида деворларни сирланган сопол нақшлар билан безаш русм бўлди. (Минораи Калон, Шоҳи Зинда мақбараларининг айрим иншоотлари ана шундай ялтироқ сопол кошинлар билан безатилган). Мана шу даврда барпо қилинган илк меъморий иншоотларда ҳаворанг сопол кошинларнинг кўпроқ ишлатилганлиги кузатилади. Иншоотларнинг безатилишида, уларнинг фақат айрим қисмларигина сирланган сопол кошинлар билан қопланиб, тилларанг нақшлар билан уйғунлаштирилади. ХШ-Х1У асрларга келиб иншоотларда ранго-ранг кошинлардан фойдаланиш урф бўлдики, бу нафақат сопол ишлаб чиқаришдаги илғор ютуқлар, балки Шарқ халқларига хос бўлган кўз қамаштирар, соф ва завқлантирадиган рангларга қизиқиш билан изохланади.
Ранг-баранг газлама, идиш, кийим, гиламлар ва заргарлик буюмлари ўша давр кишиларининг эстетик дидларини белгиловчи асосий омиллар эди. Шу нуқтаи назар билан қараганда қурилиш иншоотларида турли рангларни ишлатилиши хам табиий бир ҳол ҳисобланарди. Бунинг натижаси ўлароқ қурилишларда қизғиш, жигарранг, куйдирилган гил қопламалар ўрнини сирланган сопол кошинлар эгаллади ва бунда Самарқанд меъморларининг етакчилик қилганлиги шубҳасиздир. ХIV асрнинг учинчи чорагида Мовароуннаҳр меъморчилигида майолика (меъморчиликда кенг фойдаланилган сопол қопламаларни кўк рангли сир билан нақшлаш санъати) санъатидан фойдаланиш кенг жорий қилинди. Рельеф ва рангни уйғунлаштирган бу манзарали тасвир услуби ХIV асрнинг 80 йилларидан бошлаб Самарқанд ва ҳозирги Ўзбекистон худудидаги барча меъморий ёдгорликлар қурилишида кенг ишлатилган.
Мозаикадан фойдаланиш меъмор ва мусаввирларга энг жимжимадор миниатюра безакларини яратиш, уларни бир-бирларидан турли ранглар орқали моҳирона ажратиш имконини яратди. ХIV асрнинг оҳирларидаги Мовароуннаҳр меъморчилик санъатининг ўзига хос хусусияти-Хоразм ва Эрондан кириб келган мозаикали ўймакорлик қопламаларидан фойдаланиш бўлди. Мозаика меъморий безакнинг бир тури бўлиб унда безаклар, расмлар сирланган шакл берилган махсус сопол тахтачаларда амалга ошириларди. Мозаика тахтачаларини йўниш анча машаққатли бўлиб, уни тайёрлашда усталардан нозик дид ва маҳорат талаб қилинар эди, 1 метр квадратдаги фрагментлар 1,5 мингга етиб сопол плиталарнинг қалинлиги 1,5-2 мм бўлиши, улардан 10-12 мм. ли деталлар йўнилиб олиниши керак эди. Шундай бўлса-да, мозаикали сопол кошинлардан фойдаланиш санъати турли-туман мураккаб безаклар яратишда ўзининг бетакрор ифодасини топди. Уларга қуёш нури тушганда ёки бу нур шаффоф булутлар остидан тушганда ранго-ранг нақшлар устидаги мовий ранглар сеҳрли мусиқа сингари ўзгариб кетаркан, беихтиёр улар Самарқанд меъморларидан қолган олтин мерос эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
Самарқанднинг энг қадимий тарихи ҳақида бизга шаҳарнинг шимол томонида, катта Афросиёб тепаликларида сақланиб қолган қадимий вайроналар ҳиқоя қилади. Бу тепаликда жойлашган шаҳар қадимий Шарқнинг машҳур каҳрамони, Фирдавсийнинг «Шоҳнома” сида таърифланган Туроннинг афсонавий подшоҳи Афросиёб номи билан аталиши бежиз эмас. Шу далилнинг ўзиёқ шаҳарнинг ёши бир неча минг йилларга бориб тақалишини, унинг эртаклар замони билан боғлиқлигини таъқидлайди. Улкан вайроналар бир қарашда оддий тепаликлар йиғиндисидек кўринса-да, баҳорда ёрқин дала гуллари билан қопланган хушманзара майдонни, ёзнинг жазирамали иссиқ кунларида эса сап-сариқ бийдай даштни эслатади. Чимзорга айланиб кетган вайроналар остидан емирилиб кетган деворлар, тупроқ остидаги маданий қатламалар кўриниб туради.
Фақатгина тажрибали мутахассисгина шаҳар истеҳкомининг қолдиқларини, турли пайтларда қурилган минорали ҳимоя деворлар доирасини пайқай олди. Турар-жой бинолари, узук-юлуқ кўча ва бозор майдонлари, ҳовузга туташтирилган марказий сув қувурлари излари бизга бу ердаги ҳаётнинг фаровонлиги, кейинчалик таназзулга юз тутганлиги ҳақида гувоҳлиқ бериб туради. Ҳунармандчилик ўчоқларининг излари, яроқсиз маҳсулотлар ташланган жойлар, кулоллар, темирчилар, шишасозларнинг йирик маҳаллалари бўлганлиги ҳақида ҳам шу ҳаробалардан билиб олса бўлади. Шу сабабли Афросиёб энг қадимги даврлардан бери тарихчилар, шарқшунослар, қадимий буюмлар ишқибозларининг диққат-эътиборини тортиб келган.
1874 йилдан бошлаб Афросиёбда рус олимлари Н.И.Веселовский, В.В.Бартольд, В.Я.Вяткин, М.Е.Массон археологик қазишмаларни бошлаб юбордилар. 1958 йилдан бу изланишларга Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳам қўшилди. 1965 йилда ЎзФАнинг академиги Я.Ғ.Ғуломов ва В.А.Шишкин раҳбарлигида экспедиция ташкил этилди. 1970 йилдан бошлаб эса бу ердаги илмий-текшириш ишларини ЎзФАнинг археология институти ўз зиммасига олган. 1986 йилдан бу институт тадқиқотчилари билан хорижлик академик П.Бернар, фан докторлари Ф.Грене ҳамкорлик қилдилар.
Энг қадимий ҳаёт излари Афросиёбнинг шимолий қисмидан топилди. Бу ерда бир пайтлар тўғри бурчак шаклидаги шаҳар истеҳкоми қурилган, у қаср кўринишдаги мустаҳкам иншоотдан, унга туташиб кетган майдондан, сарой ва хўжалик бинолардан иборат бўлган. Бу истеҳком тўрт томондан мустаҳкам деворлар билан ўралган. У ерга узун йўлак орқали кириш мумкин бўлганки, кирувчилар бутун вақт ичида қаср кўриқчиларининг нигоҳи остида бўлган. Қасрнинг қалъа деворлари кўп қатламли бўлиб, бир-бирининг устига қурилган ва уларнинг ичкарисида турли даврларда қурилган турар жой ва байрам ўтказиладиган бино бўлган. Қалъа этагида ўрта аср бошларида қурилган сарой мажмуасининг қолдиқлари топилди. Қаср тепасидан қадимий шаҳарнинг тўрт халқали қудратли ҳимоя деворлари ва миноралари бўлган тупроққурғон қолдиқлари кўзга ташланади. Ҳимоя деворининг биринчи қатори шимолдан ғарбга томон чўзилган ва қадимги даврда шаҳарлик зодагонларнинг эллинликлар услубида қурилган уйларини эҳромдан ажратиб туришга хизмат қилган. Айнан мана шу эҳром ўрнида, шаҳарни араблар эгаллаб олганларидан сўнг, Ўрта Осиёдаги энг йирик, кўп устунли Жоме масжиди қурилган эди (80х120 метр). Бу масжид шаҳарликларнинг мўғул босқинчиларига қарши курашида энг охирги таянч нуқтаси вазифасини ўтаган. Шаҳарни ўраб турган иккинчи ва учинчи қатор деворлар ҳам Ўрта асрларнинг бошларида қурилган бўлиб, у 65 гектарлик шаҳарни ўраб олган. Бу деворлар ортида эса зовур ва хандаклар бўлган.
Шаҳарнинг энг чеккасида 220 гектарли тепаликни ўраб олган тўртинчи қатор ҳимоя девори бундан 25 асрлар илгари қурилган. Шаҳарнинг тўрт тарафига қараб очиладиган тўртта дарвозаси бўлиб, уларнинг шимолдагиси Бухоро, шарқидагиси Хитой, жанубийдагиси Кеш дарвозалари деб аталган ва бу мамлакатларга бориладиган савдо йўллари айнан шу дарвозалардан бошланган. Тўртинчи дарвоза эса, Будда ибодатхонаси шарафига Наубехар дарвозаси деб аталган. Шаҳар ичкарисида кўчалар тармоғини, зодагонлар ва шаҳар аҳолининг уйларини, кулолчилик, шишасозлик, заргарлик, темирчилик устахоналарини, карвонсарой, дўконларни ва асосий канал изларини кўриш мумкин.
Тадқиқотчилар бу ердан ганч нақшли Сомонийлар саройи қолдиқларини, самарқандлик деҳқоннинг ўймакор нақшли гумбазли уйининг, VIII асрда яшаган Суғд ихшиди Вархуман саройи изларини топдилар. Сарой асосини, ҳажми 11х11метр бўлган, меҳмонларни кутиб олишга мўлжаллаб қўрилган қабулхона ташкил қилади. Қабулхона деворлари остида супалар қурилган, эшикдан киришдаги тўрда жойлашган баланд супа ҳукмдор тахти ва эътиборли мехмонлар учун ажратилган. Деворлар ранг-баранг расмлар билан безатилган бўлиб, уларда шаҳар аҳолиси ҳаётидан айрим лавҳалар, ибодат ва афсоналар билан боғлиқ айрим кўринишлар акс эттирилган. Киришдан чап томондаги жанубий деворда ҳашаматли жабдиқлар ёпилган фил устида дабдабали кутиш маросимнинг кўриниши акс эттирилган. Ёзма манбаларда қайд қилинишича, бу деворий расмда Самарқанд хукмдорининг Хитойдан келтирилаётган қаллиғининг шаҳарга кириб келиш тантанаси тасвирланган.
Кейинги даврларда сарой деворларининг емирилиб кетиши расмдаги одамлар тасвирининг айрим қирраларининг кўчиб кетишига сабаб бўлган. Лекин расмдан келинни зодагон аёллар кузатиб келаётганлигини пайқаш мумкин. Аёллардан бирининг қўлида “малика канизаги” деган сўғд ёзуви сақланиб қолган. Малика ортидан зодагон эркаклар, жангчилар, отлиқлар, қўлларида муқаддас қушлари ва қурбонликка аталган отлари билан коҳинлар тасвирланган. Деворий расмлардаги марказий кўринишда Хитой, Корея, Яқин ва Узоқ Шарқдан келган элчиларни қабул маросими тасвирланган. Бу ҳақда Чағаниён (Сурхондарё худудидаги ўлкалардан бири) ҳукмдорининг дўстона мактубини шаҳар ҳукмдорига топшираётган элчининг чопони этакларида битилган ёзувдан билиш мумкин. Ундан сўнгги тасвирда Чоч (Тошкент) элчиси котибининг нутқи матни келтирилган. Бошқа деворларда жанг, ов, ибодатга оид кўринишлар тасвирланган. Бу расмларнинг хақиқий нусхалари ва моддий маданиятнинг бошқа асори-атиқалари бугун Афросиёбда, шаҳар юбилейига атаб қурилган Самарқанд тарихи музейида намойиш этилмоқда.
VIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Самарқанд Шарқнинг энг йирик савдо-иқтисодий марказига айланиши муносабати билан шаҳар ҳар томонлама кенгайди. Шаҳар атрофида обод боғлар, работ, хиёбон, бозор ва хунармандчилик маҳаллалари, зодагонларнинг уйлари барпо этилди. Самарқанднинг шимолий қисмидаги биноларда шоир, маърифатчи ва олимлар истиқомат қилишган. Мадрасалар, авлиёсифат алломаларнинг даҳмалари шаҳарнинг шу томонида қурила бошланган ва 12 фарсахли майдонни эгаллаган бу жой минорали ва панжарали деворлар, 12-та қўш табақали дарвозалар билан ўраб олинган. Самарқанд мўғул босқинчилари томонидан вайронага айлантирилсада, шаҳарнинг бу қисмида ҳаёт тўхтаб қолмаган ва айнан ХIV-ХV асрларда Амир Темур ўз пойтахтини мана шу ҳудудда барпо этган. Афросиёб эса вайронага айланганча қолди ва бизнинг давримизда «Самарқанд қадимий маданиятининг хазинаси”га, тиним билмас тадқиқотчиларнинг диққат эътиборини тортиб келаётган “очиқ осмон остидаги музей”га айланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |