I-ШЎЪБА. РЕСПУБЛИКАМИЗ МАКТАБГАЧА ВА БОШЛАНҒИЧ ТАЪЛИМИНИНГ ИЛҒОР МИЛЛИЙ ҲАМДА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБАЛАР БИЛАН ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ.
ЎҚИТУВЧИ КАСБИЙ КОМПЕТЕНЦИЯСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ПСИХОЛОГИК ОМИЛЛАРИ
Қодиров У.Д., психол.ф.д. доцент
Сурхондарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг
малакасини ошириш ҳудудий маркази,
Ҳожибоев И.И.,Катта ўқитувчи
Сурхондарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг
малакасини ошириш ҳудудий маркази,
Мутахассисларнинг психологик компетентлиги масаласини тадқиқ этишга кейинги пайтларда қизиқиш анча кучайиб бормоқда. Бу борадаги қарашлар, фикр-мулоҳазаларнинг турли-туманлиги мазкур муаммо хусусида ҳозирча тизимлаштирилган, ягона концептуал модель яратишга имкон бермаяпти. Албатта, психологик компетентликни тушуниш шахс фаолиятининг турли кўринишларини таҳлил этиш баробарида аниқлаштирилади, шунинг учун биз ушбу муаммога ўқитувчи фаолиятини ўрганиш мисолида мурожаат қилмоқчимиз.
Ўқитувчининг касбий педагогик фаолияти “ўқитувчи-ўқувчи” ўзаро алоқаси негизида олиб борилади, айнан шу жараёнда таълимий, тарбиявий, коррекцион, ривожлантирувчи ва шакллантирувчи мақсадлар амалга оширилади. Шунинг учун ўқитувчи касбий-психологик компетентлигини ўрганишда энг аввало, коммуникатив (мулоқот) компетентликка эътибор қаратилгани мақсадга мувофиқдир. Замонавий психологияда коммуникатив компетентлик ва унинг таркиб топиши шарт-шароитлари, омилларини ўрганишга нисбатан бир неча ёндашувлар мавжуд.
Масалан, бихевиористик йўналиш вакиллари коммуникатив компетентликни шахснинг муайян вазиятларда мақсадга мувофиқ хулқ-атвор шаклини намоён қилиш, вазиятни оқилона баҳолаш ва шунга мос тарзда фаолият юритиш кўникмаларини эгаллаганлиги билан белгилайдилар.
Когнитив психология йўналиши тарафдорлари эса коммуникатив компетентлик субъектнинг когнитив (ақлий) соҳаси даражаси, унинг инсонлар психологияси борасидаги билимлари, шунингдек ижтимоий тафаккури, тасаввури ва идрокига бевосита боғлиқ равишда шаклланади, деб ҳисоблайдилар.
Инсонпарварлик психологияси вакиллари шахснинг қадриятлар тизими хусусиятларини биринчи ўринга қўядилар ва коммуникатив компетентлик энг аввало, мулоқотга киришувчиларнинг самимийлиги, очиқлиги, шахс ривожланишига имкон берувчи мулоқот кўникмаларини эгаллаганлигига боғлиқ, дея таъкидлайдилар.
Турли ижобий психологик амалиёт намуналарини қўллаш орқали инсоннинг психологик салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган ҳозирги замон психологияси айрим намояндалари эса мулоқотга шахс фаолият жараёнида ўз хатти-ҳаракатларини бошқаришининг субъектив моделларини апробация, синовдан ўтказиш ва тақдим қилиши учун макон сифатида қарайдилар. Бунда коммуникатив компетентлик шахсда субъектив назорат малакаларининг ривожланганлиги, дунёқарашнинг позитив шакли таркиб топганлиги, муваффақиятга нисбатан интилиш, йўл-йўриқларнинг шаклланганлиги, муносабатларни мақсадга мувофиқ йўлга қўйиш қобилиятининг мавжудлигида намоён бўлади. Индивиднинг ички психик муҳитини яхшилашга эса коммуникатив компетентликни таъминлашнинг гарови сифатида қаралади.
Коммуникатив компетентлик шахс хулқ-атворининг бошқалар тарафидан тўғри англаниши билан ҳам боғлиқдир. Инсон хатти-ҳаракатлари мазмунининг айнан мулоқот жараёнида ўзгаларга тўғри етказилиши шахсда ижтимоий шериклик субъекти сифатида қониқиш ҳиссини уйғотади. Пировардида, коммуникатив компетентликнинг юқори даражаси социум, жамиятда муваффақиятга эришишни таъминлайди, бу эса мос равишда кишининг ўзини ўзи ҳурмат қилиши даражасига ҳам таъсир қилади. Коммуникатив компетентликнинг қуйи даражаси эса стрессга мойиллик, хавотирланиш, қўрқув каби ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади 3, 62-б..
Коммуникатив компетентлик ҳамсуҳбат билан мулоқотни қўллаб-қувватлаш, унинг “Мен”ини ҳурмат қилишда намоён бўлади. Ўқитувчининг касбий фаолиятида ўқувчига мулоқот шериги сифатида психологик жиҳатдан далда, мадад бериши дарс ва дарсдан ташқари вақтдаги педагогик муваффақиятнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳозирги пайтда педагог кадрлар, ўқитувчилар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган таълим муассасаларида коммуникатив компетентликни шакллантиришга йўналтирилган амалий курслар самарадорлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Педагогик амалиёт таҳлили ўқитувчилар фаолият давомида дуч келаётган қуйидаги характердаги коммуникатив муаммолар мавжудлигини кўрсатди:
маънавий-маърифий, тарбиявий йўналишдаги тадбирларни ташкил этишда ўқувчиларда ўзаро ҳамкорликда ишлаш мақсад, йўл-йўриқларини шакллантиришнинг қийинлиги;
ижтимоий-перцептив малака ва кўникмаларнинг етарли даражада таркиб топмаганлиги;
педагогик мулоқот жараёнида юзага келадиган турли вазиятларга зудлик билан мослаша олиш қобилиятининг ривожланмаганлиги;
шахсда ўз коммуникатив хулқ-атворини назорат қилиши билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги;
низоли вазиятларда муаммони тўғри ҳал қилиш компетенцияларининг етишмаслиги;
ўқувчи ҳолатини ҳис қилишда когнитив малакаларнинг етишмаслиги.
Педагогик фаолиятда касбий психологик компетентлик умумий тузилмасининг муҳим таркибий қисмларидан яна бири – бу, ижтимоий компетентликдир, зеро замонавий ўқитувчи нафақат ўқувчига билим беради, маълумот, ахборот етказади, балки ривожланаётган шахс ва жамият ўртасида воситачи ролини ҳам бажаради. “Бола – жамият” муносабатлари, ўзаро алоқасининг мақсадга мувофиқ бўлиши ўқитувчининг қанчалик ижтимоий ҳаётда компетентли, омилкор эканлигига ҳам боғлиқдир.
Ижтимоий компетентликнинг асосий функциялари сирасига мослашиш, ижтимоий йўналганлик, шахсий ва умумижтимоий тажрибаларнинг уйғунлашуви каби тушунчаларни киритиш мумкин. Шахс ижтимоий компетентлигининг қай даражада эканлиги ўзаро мулоқот, фаолиятни йўлга қўйиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга психологлар ўтказган тадқиқотлар натижаларига кўра, фуқароларнинг янги ижтимоий, глобаллашув шарт-шароитларига мослашуви жараёнида инсонлардаги ижтимоий компетентлик даражасининг шаклланганлиги алоҳида ўрин тутади. Экологик, сиёсий, мафкуравий, ижтимоий ўзгаришлар нафақат ижтимоий тафаккур ривожини белгилайди, балки инсонларнинг ўзини ўзи англаши, ҳаётий қадриятлари, шахсий муаммоларига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса психология фани олдига инсоннинг ижтимоийлашуви, ижтимоий мослашуви билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасида унинг компетентлик даражасини юксалтиришга йўналтирилган дастурлар яратиш вазифасини қўяди. Назаримизда, мазкур вазифа нафақат ўзи, балки ўқувчиларининг ҳам баркамол шахс сифатида шаклланишига масъул бўлган педагоглар фаолиятига алоҳида тегишлидир.
Ижтимоий компетентлик замонавий психология фани тадқиқ этаётган психологик компетентликнинг турли шакллари орасида муҳим ўрин тутади. У инсоннинг ижтимоий ўзаро шериклик, ҳамкорлик субъекти сифатидаги яратувчилик хусусиятларини ҳам акс эттиради. Субъектнинг компетенциявий ижтимоий хулқ-атвори шаклланиши механизмлари, намоён бўлиш тенденциялари, мотивацияси, мазмунига бўлган қизиқиш, аввало, “инсон – жамият” ўзаро алоқаси характерининг ижтимоий равнақ, ривожланишга кўрсатадиган таъсири билан тавсифланади.
Компетентлик шахснинг ўзига хос тузилмавий хусусияти экан, психологлар бу тузилмадаги яна бир компонент – аутокомпетентликни ҳам алоҳида таъкидлайдилар. Ҳозирги замон психология илмида аутокомпетентлик – субъектнинг шахс хусусиятлари ва хулқ-атвор кўникмаларини мақсадга мувофиқ ўзгартиришга, ўз психик имкониятлари захираларидан оқилона фойдаланишга тайёрлигини, бунинг учун салоҳияти мавжудлигини англатувчи категория ҳисобланади. Аутокомпетентлик янги билим, маълумот, ахборотларни самарали ўзлаштириш, юқори даражадаги ўзини ўзи назорат қилиш кўникма ва малакаларини, муваффақиятга эришиш борасидаги иродавий йўл-йўриқларни мустақил шакллантиришни ҳам ўз ичига олади. Айни пайтда, индивиднинг ҳаёт фаолияти жараёнида экстремал, кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда ички ҳолатини ўзгартириш орқали қулай, мақбул вазият, шароитларни яратиш қобилилияти ҳам аутокомпетентликка мисол бўла олади. Шу тариқа, аутокомпетентлик шахс сифати бўлиб, инсон ҳаётининг маълум даврларида шаклланади ва муайян фаолият тури билан самарали шуғулланишга имкон беради.
Субъектнинг касбий ва шахсий такомилида қуйидаги социоген, ижтимоий аҳамиятга молик эҳтиёжлар ҳам роль ўйнайди: ўзини ўзи намоён қилиш, ўзини ўзи фаоллаштириш, ижодий юксалиш, касбий йўл-йўриқлар, шунингдек, ички ва ташқи аҳамиятга молик фаолият мотивлари. Ушбу эҳтиёжлар шахс профессионаллашуви жараёнида ўзига хос мотивацион фон вазифасини бажаради.
Мазкур муаммо хусусида тадқиқот ишлари олиб борган етакчи психолог олимларнинг фикрича, ўзини ўзи такомиллаштириб бориш ва субъектнинг касбий соҳада ўзини намоён қилиш эҳтиёжлари энг етакчи эҳтиёжлар сирасига киради 1, 47-б..
Компетентлик ривожланишида ўзгалар хатти-ҳаракатини кузатиш натижасида юзага келадиган моделлаштириш, тақлид, идентификация сингари механизмларнинг ролини таъкидлаш зарур. Шу тариқа, ўқитувчи муайян компетентликка эга шахс сифатида ўқувчиларда юқорида номлари зикр этилган механизмларнинг ишга тушиши учун катализатор, сабабчи ролини ўйнаши мақсадга мувофиқдир. Натижада компетентликни намойиш қилаётган шахсга ўхшашга интилаётган ўқувчилар сони ошиб боради, уларнинг фаоллиги кучаяди.
Компетентликни ривожлантириш жараёни индивидуал бўлиб, ҳар бир шахснинг ўзига хосдир. Айрим кишилар мазмуний компонентларга эътиборни қаратадилар, уларни энг аввало, назарий жиҳатдан психологик маълумотлар қизиқтиради. Бу эса уларнинг психологик жиҳатдан саводхон бўлишларини таъминлайди, бироқ компетентли хулқ-атворли бўлишларига имкон бермайди. Яна бир хил инсонлар психологик усул, воситаларни, ўзаро таъсир сирларини ўрганишга қаттиқ ҳаракат қиладилар, бироқ уларнинг назарий асосларига диққатларини қаратмайдилар. Бу эса автоулов бошқаришни юзаки билса-да, унинг тузилиши, бошқарув қоидалари ва тамойилларидан тўлиқ хабардор бўлмаган кишининг яхши ҳайдовчи ҳисобланмагани кабидир.
Яна бир гуруҳ инсонлар ҳам борки, улар пухта эгаллаган ўз психологик билимларини ҳар қандай шароитда имкон қадар мақсадга мувофиқ қўллай биладилар, психологик профессионал компетентликларини доимий равишда ривожлантириб борадилар.
Хуллас, компетенциявийлик кенг тушунча сифатида педагог, ўқитувчининг ўз профессионал, касбий вазифаларини бажаришга бўлган назарий ва амалий тайёрлигини, субъект сифатида ташқи олам, кишилар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишини англатар экан, таълим жараёнида мазкур хусусиятни қарор топтириш олдимизда турган муҳим вазифалардандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |