10.3. Ижтимоий институтлар ва ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизми
Ҳар қандай давлатда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни амалга ошириш билан шуғулланадиган ижтимоий институтларнинг бутун бир тизими мавжуддир. Ижтимоий институт - одамларнинг биргаликдаги фаолиятини ташкилий тузилма тарзида ташкил этишнинг барқарор шакли ёки норматив жиҳатдан тартибга солинадиган қоидалар тизимидан иборатдир. Мазкур тартиб доирасида тегишли институтларнинг фаолияти билан қамраб олинган одамларнинг ижтимоий вазифалари ва мақомларини тақсимлаш рўй беради. Бу санаб ўтилган институтлардан айрим турларини (тоифаларини) айрим социологлар ижтимоий-ташкилий институтлар деб, қолганларини ижтимоий-норматив институтлар деб атайдилар.
Энг муҳим ва энг қудратли ижтимоий-ташкилий институт - бу давлатдир. У мураккаб институционал тизимдан иборат бўлиб, турли институтлардан ташкил топган. Ижтимоий ҳимоя қилиш вазифаларини бажаришда суғурта компаниялари, турли ихтисослаштирилган жамғармалар, ҳайрия ташкилотлари, шунингдек, ижтимоий ва сиёсий ташкилотлар сингари институтлар муҳим рол ўйнайдилар. Улар ўзлари вакил қилинган соҳада ижтимоий гуруҳлар ва қатламларни ижтимоий ҳимоя қилишни амалга оширадилар.
Ёлланиб ишлайдиган ходимларни ҳимоя қилиши лозим бўлган институтлар касаба уюшмаларидир. Ҳозирги вақтда жиддий равишда янгиланиш учраган анъанавий касаба уюшмалари билан бир қаторда ишчиларнинг янги-янги ташкилотлари, “мустақил” касаба уюшмалари ҳам пайдо бўлган. Бироқ фақат уларни ёлланма меҳнат ходимларининг ҳимоячилари деб атаб, анъанавий касаба уюшмаларини “расмий уюшмалар” деб ҳисоблаш, уларни ҳимоячи сифатида чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этиш адолатсизликдир. Ўзгарган касаба уюшмалари ҳақли равишда мустақил касаба уюшмалари бўлиб қолдилар, чунки улар ёлланма меҳнат ходимларининг вакиллари сифатида майдонга чиқадилар ва давлат тузилмаларига боғлиқ бўлмайдилар. Ҳам “мустақил”, ҳам мустақил бўлмаган касаба уюшмаларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазкур даражасидаги асосий фаолияти меҳнаткашлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз фаолиятларида ижтимоий шериклик шакллари ҳамда механизмларидан фойдаланиш соҳасига ўтдилар. Мазкур механизм демократия ривожланган мамлакатларда яхши ишлаб чиқилган бўлиб, ўзини ижобий томондан намойиш этди. Бу механизмнинг моҳияти қарама-қаршилик эмас, балки иш берувчилар вакиллари билан давлат ўртасида музокаралар ўтказишдан, шу асосда муроса-мадорага келиш ҳамда маълум даражада мақбул қарорлар ишлаб чиқишдан иборат.
Жамиятдаги ижтимоий-ташкилий институтлар билан бир қаторда кўпгина ижтимоий-норматив институтлар ҳам борки, улар бирон-бир ташкилотда намоён бўлмасдан, балки ўзларича мавжуд бўлиб, фаолият кўрсатадилар ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишда муайян рол ўйнайдилар. Ҳуқуқнинг ҳар бир соҳаси ана шундай ижтимоий-норматив институтлар тизимидан иборат (меҳнат ҳуқуқи, меҳнат қонунлари). Ёлланма ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги муҳим ижтимоий-норматив институт ҳозирги вақтдаги таъриф битимлари, контрактлар, жамоа шартномалари ва ҳоказолардир.
Ўзининг фаолияти билан бутун корхона жамоасини қамраб оладиган ва бунинг учун зарур ҳуқуқлари ва имкониятларга эга бўлган асосий ижтимоий ҳимоя қилиш институти – бу, касаба уюшмаси ташкилотидир. Бозор шароитида бу ташкилотнинг ҳимоя қилиш ролини ошириш айниқса зарур. Корхона банкрот ёки ёпилган тақдирда ёҳуд ўз ихтисосини ўзгартирган шароитда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш айниқса муҳимдир. Бозор шароитида корхона нормал ишлаб турганда ҳам касаба уюшмалари ташкилотларининг ижтимоий ҳимоя қилиш вазифасини кескин ошириш талаб қилинади.
Корхонада ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг аниқ омили ва воситаси жамоа шартномасидир. Бу шартноманинг моҳияти ҳозирги вақтда кескин равишда ўзгариб кетди, чунки ёлланма ходимларга ижтимоий ҳимояланишнинг пишиқ-пухта ҳуқуқий базаси зарур бўлади.
Корхоналаримиз ва турли-туман ташкилотларимиз ҳаётига тобора кенгроқ кириб бораётган ва муайян шароитда ижтимоий ҳимоя воситаси сифатида майдонга чиқиши мумкин бўлган бошқа муҳим ижтимоий-норматив институт меҳнат контрактидир. Уни тўғридан-тўғри ва шак-шубҳасиз ижтимоий ҳимоя қилиш институти деб қабул қилиб бўлмайди, лекин корхонадаги (меҳнат ташкилотидаги) контракт тизими ходимлар ҳуқуқини таъминлайдиган махсус тизим сифатида қараладиган, агар контрактда ижтимоий-иқтисодий кафолатлар берилиши қайд этиб ўтилган бўлса, у айнан ижтимоий ҳимоя қилиш институти сифатида намоён бўлиши мумкин.
Юқорида санаб ўтилган ижтимоий институтлар маълум даражада ижтимоий ҳимоя қилиш механизмига киритилган. Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя қилиш механизмини шакллантириш жараёни узлуксиз давом этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |