Консуллар бўйича йил ҳисоби. Биз Римда йил номлари консул номлари бўйича номланганлигини айтиб ўтган эдик. Тарихчилар эрамиздан аввалги 509 йилда республикага асос солган консуллар Брут ва Коллотинлар билан бошланадиган 1050 йилни ўз ичига олган консуллар рўйхатини тузган. 337 йилдан император Константин вафотидан сўнг Рим империяси икки пойтахтга эга бўлган ва бир консул Римда, иккинчиси Константинополда иш олиб борган. 537 йилда император Юстиниан йил ҳисобини императорлар ҳукмронлик қилган йил бўйича олиб борган. Охирги консул Флавий Василий Меньший эрамизнинг 541 йилда сайланган. Шунинг учун Римда айрим вақтларда йил ҳисоби Василий консулигидан сўнгги биринчи, иккинчи йиллар (past consulatum Basili) тарзида олиб борилган. Император Юстинианнинг ворислари ўзларини 1 январда консул деб эълон қилиш одатини тиклаганлар ва бу кун халқга пул инъом қилганлар. Шунинг учун past consulatum йил ҳисоби IX асргача давом этган. Император Лев Философ (886-912) йил ҳисобини консуллар бўйича қабул қилишни таъқиқлаш ҳақида фармон эълон қилган.
«Римга асос солиниши эраси».Ўрта аср тарихчилари «ав urbe condita»(a.u.b) яъни, «шаҳарга асос солиниши» эрасидан кенг фойдаланганлар. Дастлаб Рим империясида бу эра шаҳарнинг ёши ҳақида умумий тўхтамга келинмагани учун кенг тарқалмаган. Римга асос солиниши масаласида ўнта турли саналар тахмин қилинади ва бу 500 йил давомида баҳсга сабаб бўлган. Марк Теренций Варрон Римга асос солиниши санасини олтинчи олимпиаданинг 3 йили – 6.3 тарзида қабул қилган ва бу кенг тарқалган. Римликлар ўз шаҳарларига асос солинган кунни ҳар йили 21 апрелда баҳорги байрам сифатида нишонлаган. Варроннинг маълумотига кўра, «ав urbe condite» эрасининг бошланиши эрамиздан аввалги 753 йил 21 апрел қабул қилинган.
Набонассар эраси. II асрда яшаган қадимги грек астрономи Клавдий Птолемейнинг меҳнатлари туфайли Набонассар эраси кенг тарқалган. Птолемей «Подшолар қоидалари» асарида Бобил, Оссурия, Эрон подшоларининг номлари ва улар ҳукмронлик қилган йилларини берган. «Подшолар қоидалари» қуйидагиларни ўз ичига олади: 1) унда 365 кундан иборат Миср йили қўлланилади; 2) у ёки бу подшонинг ҳукмронлиги даври қайси ойдан бошланишидан қатъий назар, I-Тотанинг бошланиши бўлиб ҳисобланган, яъни шу йилнинг биринчи куни Юлиан календари бўйича эрамиздан аввалги 747 йил 26 феврал Набонассар эрасининг даври бўлиб ҳисобланади.