Эклиптика ва экватор Кундалик ҳаётимизда асосан ўртача қуёш вақтидан фойдаланамиз. Ўртача Қуёш – экватор бўйлаб тропик йил ичида бир марта текис айланиб чиқадиган хаёлий нуқтадир. Ўртача Қуёш марказининг юқори кульминация пайти ўртача туш пайти дейилади. Ўртача Қуёш вақти шу пайтдан бошланади. Ўртача Қуёш марказининг пастки кульминация пайти ярим тун деб аталади. Фуқаро вақти шу пайтдан (соат 24.00) ҳисобланади ва календарда кун ўзгаради. Астрономияда 1925 йилгача кун ҳисоби туш пайтида ўзгарар, яъни янги кун кундузи соат 12 дан бошланар эди. 1925 йилдан бошлаб астрономияда ҳам фуқаро вақтидан фойдаланилмоқда.
Соат тушунчаси. Дастлабки соатлар.Соат – бу халқаро бирликлар тизимига кирмайдиган вақт ўлчов бирлиги, қиймати 60 дақиқа ёки 3600 секундга тенг вақт оралиғи ва вақтни ўлчаш учун ишлатилган асбобдир. Грекча «horo», инглизча «hour» соат сўзи дастлаб «вақт оралиғи, давр» каби маъноларни билдирган. Эрамиздан аввалги IV асрларда грекчада соат атамаси пайдо бўлган. Одамлар вақтни ўлчашга қадимдан ҳаракат қилиб келишган. Улар Қуёш, Ой ҳаракатлари ва бошқа табиат ҳодисаларнинг муайян вақтларда такрорланиб туришини сезганлар ва улардан вақтни ўлчашда фойдаланганлар.
Юнон олими Птолемей (мил. авв. II аср) суткани соат, дақиқа ва секундга бўлган. Вақтни жуда аниқ ўлчаш учун махсус астрономик кузатишлар ўтказилган. Бу кузатишлар самараси ўлароқ дастлаб қуёш соати, кейинчалик сув ва қум соатлари пайдо бўлди. Ксенофонтнинг таъкидлашича, соат кундузи Қуёшга, кечаси юлдузларга ҳамда одам соясининг узунлигига қараб соат аниқланган. Эрамиздан аввалги 1800 йилда Миср коҳинлари кечаси бўладиган ибодатларда юлдуз соатларидан фойдаланишган. Қуёш ва сув соатларининг пайдо бўлиши соатни янада аниқроқ билиш имконини берди. Мисрда эрамиздан аввалги 1600 йилларда сув соатлари, эрамиздан аввалги 1450 йилларда Қуёш соатларидан фойдаланишган. Биринчи Қуёш соати, яъни скафис бобиллик Берос томонидан эрамиздан аввалги III асрда қурилади. Дастлабки грек Қуёш соатлари эрамиздан аввалги 550 йилларда Анаксиманту Милетский томонидан яратилган. Римда эрамиздан аввалги 293 йилдан бошлаб Қуёш соатларидан фойдалана бошланган. Осиё халқларида эса қадимда қум соатлари кенг тарқалган. Бу соатлар унча узун бўлмаган вақт оралиғини ҳисоблашга мўлжалланган эди. Ҳозирда ҳам тиббиётда қум соатларидан фойдаланилади. Хитойда олов соатларидан фойдаланишган. Унда махсус шамлар ишлатилган. Эрамиздан аввалги биринчи минг йилликда сув соатлари – клеспидралар кенг тарқалди. Мазкур соатлар, албатта аниқ ва қулай бўлмаса-да, маълум бир қатламдаги одамларнинг эҳтиёжини қондирган. Ўрта Осиёда XV асрнинг биринчи ярмида Мирзо Улуғбек Самарқандда 50 метрлик Қуёш соатини бунёд этган. Жамиятдаги тараққиёт натижасида аниқ ва қулай соатларга бўлган эҳтиёж юзага келди. Механик соатлар бу даврга янгилик бўлиб кирди. 578 йиллардаги Византия манбаларида механик (ғилдиракли) соатлар тилга олинади. XI-XII асрларга келиб Европада механик (ғилдиракли) соатлар кенг тарқалди. Бундай соатлар одатда ратуша минораларига ўрнатилган. Ғилдиракли соатларнинг камчилиги уларнинг улканлиги ва аниқ эмаслигида эди. Россияда бундай соатлар дастлаб 1404 йилда Кремлга ўрнатилади. 1706 йилда Петр I буйруғи билан бу соат ўрнини Голланд куранти эгаллайди. XVI асрда ғилдиракли соатлар ўрнини янги соатлар эгаллайди. 1640 йилда Галилей томонидан маятникли соатлар лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ушбу соат унинг вафотидан кейин 1675 йилда Христиан Гюйгенс томонидан ясалади. Христиан Гюгенс чўнтак соатига балансир спираль тизимини (ҳозирги соатларнинг асосий механизмини) киритди ва соатнинг аниқ юриши анча яхшиланди. И.П.Кулибин XVIII асрда товуқ тухумидек келадиган мураккаб механизмли механик соат ясади. У ҳар соатда занг урарди. Россияда биринчи зангли соат 1404 йилда Москвада Благовешенск собори яқинида ўрнатилган. Уни византиялик Монах Лазар Сербин ясаган. XIX асрга келиб қўл соатлари пайдо бўлди. Бундай соатлар чўнтак соатидан фарқ қилмасди. Уларда қўшимча қисмлар, календарь кўрсатгичи, секундамер, ўз-ўзидан бураш механизми ҳам бор эди. Дастлабки электр соат Россияда 1840 йилда яратилди. ХХ асрда электр-механик, электрон-кварц, молекуляр, атом соатлари яратилди. Тошкентда 1947 йилда қурилган Тошкент куранти минорасига тўрт циферблатли зангли электр соат ўрнатилган. Энергия манбаига кўра соатлар атом, кварц, механик, молекуляр ва электр, тебраниш тизими бўйича маятникли, балансирли ва камертонли хилларга бўлинади. Вақтнинг энг кичик бирлиги қилиб сутканинг қисмига тенг вақт – секунд қабул қилинган. Фан ва техникада секунднинг мингдан, миллиондан бир улуши билан ҳам иш кўрилади.
Электрониканинг ривожланиши муносабати билан ХХ асрнинг ўрталарида астрономик кузатувларга боғлиқ бўлмаган бутунлай янгича вақтни ўлчаш тизими пайдо бўлди. Бу тизим квант генераторлар (атом соатлари) билан назорат қилиб туриладиган аниқ кварц соатлардан фойдаланишга асосланади. Вақтни ўлчашнинг бу тизими атом вақти номини олди. Эталон бирлик сифатида атом секунддан фойдаланилади. Вақт хизмати атом соатлари ёрдамида аниқ вақт радиосигналларини бериб туради. Вақтни ўлчашнинг барча тизимлари мунтазам равишда бир-бирига таққослаб турилади. Бундай таққослашлар натижалари Парижда жойлашган Халқаро Вақт бюроси «Ахборотлари»да эълон қилиб борилади. Ўзбекистон ФА Астрономия институтида ҳам вақт хизмати билан шуғулланилади.