Сутка ва унинг дастлабки шакллари. Ер шарининг ўз ўқи атрофида бир марта айланиб чиқиши учун кетган вақт сутка деб аталади. Сутка – вақтнинг дастлабки ўлчов бирлигидир. Сутканинг 24 дан бир бўлаги бир соат, соатнинг 60 дан бир бўлаги дақиқа, дақиқанинг 60 дан бири секунд дейилади. Ер ўз ўқи атрофида нотекис айланиши маълум, аммо бу нотекислик жуда кичик бўлиб, 100 йилда секунднинг мингдан бир улуши билан ўлчанади. Қадимда кеча ва кундузнинг алмашишдан вақт ўлчови меъёри сифатида фойдаланишган. Қадимда грекча «hemera» - сутка сўзи икки маънода қўлланилган: 1) Қуёш чиқишидан Қуёш ботишигача бўлган вақт оралиғи 2) Қуёш чиқишидан кейинги Қуёш чиқишигача бўлган вақт оралиғи. Лотинча «dies» - сутка сўзи ҳам шу маънони билдирган. Қадимги Греция, Рим, Бобилда ва Мисрда сутка эрталабдан, Ўрта Осиёда эса кечқурундан бошлаб ҳисобланган. Ой календаридан фойдаланилган афиналиклар, германлар, иудейларда ҳам сутка-янги кун кечқурундан бошланган. Зардуштийлар эса Қуёшнинг чиқиши билан янги кун бошланади деб ҳисоблашган. Суткаларни дастлаб мисрликлар соатларга бўлганлар. Эрамиздан аввалги 2100 йилида Миср коҳинлари суткани 24 соатга бўлишган: Улар 10 соатни кундуз, 2 соатни ғира-шира пайт, 12 соатни кечаси деб ҳисоблашган. Бобилда ҳам бир сутканинг 12 соати кечаси ҳисобланган. Герадотнинг таъкидлашича, греклар бобилликларнинг шу системасидан фойдаланишган. Эрамиздан аввалги II асрда Клавдий Птолемей расмий равишда суткани соатларга бўлган. Геродотнинг ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда Аҳамонийлар ҳукмдори Доро скифларга юриши даврида қўриқчиларига вақтни ҳисоблаш учун тугилган арқон, ташлаб кетади. Улар ҳар куни битта тугунни ечганлар. Қолган тугунларнинг сони шоҳнинг қайтишига неча кун борлигини билдирган. Аҳамоний ҳукмдорлиги даврида вақтни ҳисоблашнинг бундан ҳам мукаммалроқ усули мавжуд бўлган, лекин оддий қўриқчи аскарлар юқоридаги усулдан фойдаланишган.
Ернинг юлдузларга нисбатан бир марта айланиб чиқиш даври Юлдуз суткасига ва Қуёшга нисбатан айланиш даври Қуёш суткасига бўлинади. Юлдуз суткаси узунлиги баҳорги тенг кунлик нуқтасидан иккита кетма-кет юқори (ёки пастки) кульминациялари орасидаги вақтга тенг. Юлдуз суткаси ҳақиқий (прецессия ва нутация ҳисобга олинса) юлдуз суткаларига ажралади. Баҳорги тенг кунлик суткаси нуқтасининг прецессион ҳаракати таъсирида ўртача юлдуз суткаси Ернинг ўз ўқи атрофида ҳақиқий айланиш давридан 0,0084 секундга қисқа. Нутация таъсирида ҳақиқий юлдуз суткасининг узунлиги ўзгариб туради. Қуёш бир сутка давомида осмон сферасида 1° Шарққа томон силжийди. Шу сабабли юлдуз суткаси билан амалда вақтни ўлчаш ноқулай бўлиб, у кун ва туннинг алмашиши билан тўғри келмайди. Шунинг учун Қуёш суткасида унинг иккала кетма-кет пастки (ярим тун) кульминацияси оралиғидаги вақт олинади. Қуёш суткаси ҳам ҳақиқий ва ўртача (ҳақиқий Қуёш суткасида ҳақиқий Қуёшнинг пастки кульминацияси, ўртача Қуёш суткасида эса Қуёшнинг сохта пастки кульминациясидан бошлаб ҳисобланади) бўлади. Ер орбитасининг эллипссимонлиги ва экваторнинг эклиптикага оғишганлиги туфайли ҳақиқий Қуёш суткаси ҳам доимий эмас ва йил давомида 24 соат 3 дақиқа 36 секунд(сентябрь ўрталарида)дан 24 соат 4 дақиқа 27 секунд(декабр охирида)гача ўзгариб туради. Шунинг учун Қуёшнинг экватор бўйича йил давомида доимий бурчак тезлик билан ҳаракат қилувчи ўртача Қуёш суткаси (24 соат 3 дақиқа 56,55536 секунд юлдуз суткаси) олинади. Тропик йил 366,2422 юлдуз суткага ёки 365,2422 Қуёш суткасидан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |