Биринчидан, кўрсатилаётган хизматларнинг ишлаб чиқариш харажатларини максимал даражада камайтириш, мавжуд ресурсларнинг тежамли турларини танлаб олиш;
Иккинчидан, хизмат сифатида аниқ устунликка эришиш ва сифатни мунтазам ошиб боришини таъминлаш;
Учинчидан, хизмат кўрсатувчи корхоналар алоҳида хизматлар ассортименти билан бозорга кириб бориши ва ўз ўрнини эгаллаши;
Тўртинчидан, динамикани хисобга олган ҳолда мавжуд ресурслардан самарали ва тежамли фойдаланиш ҳамда хўжалик фаолиятида фойда олиши;
Бешинчидан, замонавий техника-техналогияларни жорий этиб, янги ресурсларни излаб топиб фаолиятга йўналтириш ҳисобига ресурслар унумдорлигига эришиш мумкин.
Хизмат кўрсатиш бу ижтимоий жараён бўлиб, унда одамлар маълум тарзда бирлашиб хизматларни яратишади ва аниқ мақсадга эришишади. Яъни инсон ўзининг эҳтиёжларини қондириш учун воситалар, табиат неъматларини мослаштиради ва ички қобилиятларини юзага чиқаради. Шу боис ҳам инсон омили хизматлар харакати доирасининг ҳар бир босқичида асосий роль ўйнайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий фаолият ривожи ва унга инсон ресурсларини жалб қилиш негизида омиллар ётади:
Биринчидан, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг ўзига хослиги: илм-фан, техника-техналогия тараққиёти натижасида ишлаб чиқариш соҳаларида ходимлар сони қисқарса, хизмат кўрсатиш соҳасида аксинча, хизмат турлари кенгайиб, бандликни оширади. Шунингдек, нафақадагилар, талабалар, юқори синф ўқувчилари, ўриндошлик асосида ишловчилар меҳнатидан фойдаланиш мумкинлиги;
Иккинчидан, аҳоли демографик таркибининг ўзига хослиги: аҳоли сонининг ўсиши, аҳоли таркибида ёшлар ва аёлларнинг кўпчиликни ташкил қилишлиги натижасида хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг имконини оширади.
Учинчидан, мамлакатда қудратли иқтисодий салоҳиятининг мавжудлиги: моддий ва номоддий ишлаб чиқаришнинг ривожланишидаги инфратузилмалар зарурияти ушбу хизмат кўрсатувчи корхоналарда аҳоли бандлиги имконини беради;
Тўртинчидан, аҳоли таркибида эҳтиёжларнинг ўзгариши: бозор иқтисодиёти шароитида аҳоли даромадларининг ошиши туфайли турли шакллардаги сифатли хизматларга бўш вақтдан мазмунли фойдаланиш ҳамда маънавий-марифий эҳтиёжларнинг пайдо бўлиши кузатилади. Ушбу эҳтиёжларни таъминловчи хизматларнинг шаклланиши янги иш ўринларини яратади. Шунингдек, ҳар қандай қондирилган эҳтиёж янги, кўпинча анча мураккаб эҳтиёжларни вужудга келтиради;
Бешинчидан, янги хизмат турларининг шаклланиши: мамлакатда техника-техналогия тараққиёти ва меҳнат унумдорлиги ҳамда моддий ишлаб чиқаришнинг ўсиши янги хизмат турларини пайдо қилади. Натижада янги иш ўринларига бандликни тақозо этади.
Хизмат кўрсатиш соҳасида инсон ҳам ишчи кучи, ҳам тадбиркор бўлиб иштирок этиши мумкин. Инсон омилининг ўзига хослиги, унинг жисмоний ва ақлий қобилиятлар йиғиндисидан ташкил топганлигидир. Бу қобилиятларнинг бир қисми инсонда табиатан мавжуд бўлса, бошқалари инсонни ўқитиш, ўргатиш ва тажриба ортириши натижасида юзага келади.
Хизмат кўрсатиш соҳаси харакат доирасида амал қилаётган ресурслар билан бир қаторда меҳнат ресурсларини ҳам бошқаришни тақозо этади. Бу бошқариш ўзининг хусусиятига кўра бошқа ресурслардан тубдан фарқ қилиб, бошқаришнинг алоҳида усулларини тақозо этади ва булар жумласига қуйидаги жиҳатлар киради:
Биринчидан, инсон моддий ва табиий ресурслардан фарқли ўлароқ, корхонага иш ва иш хақига бўлган эҳтиёж туфайли келади. Шу туфайли бу эҳтиёжларнинг қондирилиши инсон меҳнатида муҳим аҳамият касб этиб, ишни давом эттиришга рағбатлантиради ва манфаатларнинг икки тарафлама муштараклигини ифодалайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |