Андижон машинасозлик институти С-49-20 Иқтисодиёт гуруҳи талабаси Аҳмедов Шокиржон Шукуржон ўғлининг Диншунослик фанидан тайёрлаган орқалиқ назорат иши
Мавзу: Дин ва унга берилган таърифлар
Режа:
Дин сўзининг маъноси
Дунё динлари ҳақида
Дунё динларининг муқаддас ибодатхоналари ҳақида
Дунё динларининг пайғамбарлари ҳамда муқаддас китоблари ҳақида
Статистик маълумотлар
Дин сўзининг маъноси.
Дин (араб. – эътиқод, ишонч, итоат) – Аллоҳга, ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишониш. Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўладиган, олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тарзи, уни идрок этишнинг ўзига хос усули. Диннинг пайдо бўлиши ҳақида ягона фикр йўқ. Ислом дини таълимотига кўра, Дин – Аллоҳ томонидан ўз пайғамбарлари орқали башарият оламига жорий этилажаги зарур бўлган илоҳий қонунлардир. Табиат ва инсонни яратган, айни вақтда инсонга тўғри, ҳақиқий ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишончни ифода этадиган таълимотдир.
Диний рамзлар, чапдан ўнгга:
1-қатор. Христиан, Яхудий, Ҳиндуий
2-қатор. Исломий, Буддист, Синтоий
3-қатор. Сикҳий, баҳоий, жаиний
Дин дунё, инсон, мавжудотларнинг келиб чиқиши, инсоннинг яшашдан мақсади каби саволларга ўзича жавоб беради. Дунёвий иом нуқтаи назаридан Дин кишилик жамияти тарихий тараққиётининг маълум босқичида пайдо бўлган ижтимоий онг шаклларидан бири. Бу дунёқараш жамиятнинг маълум тарихий давр ва шароитларидаги талаблари, эҳтиёжлари асосида шаклланади. Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий Динга фалсафа билар бир қаторда ҳақиқатга етишишнинг 2 мустақил усулидан бири сифатида қараган. Форобийнинг фикрича, фалсафадаги масалалар исботини пайғамбарлар рамзлари шаклида баён қилинган. Динга турлича ёндошишни Беруний, Ибн Сино, Умар Хайёмнинг ижтимоий-фалсафий қарашларида, Ибн Рушднинг икки ҳақиқат назариясидан кутиш мумкин. 18-аср француз файласуфларининг Динга бўлган ўзига хос ёндашувлари, 19-асрда мифологик мактаб (ака-ука Я.Грим ва В.Грим, М.Мюллер), антропологик мактаб (Л.Феербах) ва бошқа турли йўналиклар пайдо бўлган бўлса, 20-асрда Динни тадқиқ қилиш юзасидан яна бошқача қараш ва назариялар (К.Юнг, Э.Дюркхейм) вужудга келди.
Диннинг нима эканлиги турлича изоҳлашсада, умуман олганда Дин-ишонмоқлик туйғусидир. Бундай туйғуси бўлмаган халқ йўқ. Чунки бирон-бир халқ Динсиз, эътиқодсиз, бирон-бир нарсага ишончсиз яшай олмайди. Дин инсониятнинг энг теран, энг гўзал маънавий-рухий эътиёжларидан биридин. Инсоният тарихида Дин турли шаклларда намоён бўлган. Диннинг дастлабки кўринишлари фетишизм, тотеизм, анимизм, сеҳргарлик ва бошқа кабилардир.
Шунингдек, уруғ-қабила Динлари, миллий Динлар (иудаизм, ҳиндуийлик, синтоизм, даосизм, конфуцийчилик), жаҳон динлари (буддизм, христианлик, ислом) вужудга келган. Дин аввалги кўпхудолик (политиестик), сўнгра яккахудолик (монотиестик) кўринишида бўлган. Ҳар бир дин диний дунёқараш, диний маросим, диний туйғу ва сиғиниш объектларини ўз ичига олади. Ҳар қандай жамиятда дин маълум ижтимоий, маънавий ва руҳий вазифаларни бажаради. Унинг ижтимоий ҳаётга таъсири кучлидир. Ҳар бир дин диндорларини ўз таълимоти доирасида сақлашга ҳаракат қилади, ўз қавмлари учун тасалли берувчи, овутувчилик вазифасини ўтайди. Динлар ўз маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан қатъий тартибга амал қилган ҳолда бажарилишини шарт қилиб қўяди, шунингдек, ўз қавмларининг бирлиги, жамият ва шахснинг ўзаро алоқада бўлишини таъминлашга интилади. Дин инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмуни, бу дунё ва у дунё масалаларига ўз муносабатини билдириб туради. У умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб, хулқ-атвор қоидасига айлантиради. Маданият ривожига катта таъсир кўрсатиб, умуминсоний ва миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва авлоддан-авлодга етказиш ишига ёрдам беради.
Дин инсоннинг ишончли ҳамроҳи, одамзот ҳаётининг бир қисми бўлиб келган. Унга турли даврда турлича муносабатда бўлинган. Динни жамиятнинг ҳукмрон кучлари давлат сиёсати даражасига кўтарган ёки дин ҳамда диндорларни аёвсиз таъқиб остига олган ҳоллар тарихда кўп учрайди. Яқин ўтмишда – шўролар даврида динни камситиш ва унга қарши кураш сиёсати олиб борилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, дин маданий-маънавий омиллар умумий силсиласига кирувчи тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва динга тўла эркинлик берилди. Диний жамоалар, ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди. Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми ислом динига, европалик аҳоли христианликнинг православ мазҳабига эътиқод қилади. Улар билан бир қаторда католик, протестант, бошқа мазҳаб (жами 15 дан ортиқ конфессия) вакиллари яшайди. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсий-ижтимоий барқарорликни таъминлаш йўлида фаолият юритмоқдалар.
Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, дин давлатдан ажратилган. Виждон эркинлигининг кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда (1998) баён этилган. Ўзбекистонда дин ва диний дунёқараш дунёвий турмуш тарзи, дунёвий фикр билан ёнма-ён ривожланиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |